Яхши китоб кўнгилда варақланади

220

«1739 йил 20 ноябр. Азиз болажоним! Сен Рим тарихини ўрганаяпсан, бунга жиддий ёндашаётган бўлсанг керак, деб умид қиламан. Тарихни ўрганишдан мақсад нима дерсан? Мақсад ўтмиш кишиларининг яхши фазилатлари-ю камчиликларини билиб, ўрганиб, бундан ўзимиз учун тўғри хулоса чиқаришдир». Честер Филднинг ушбу сўзлар битилган «Фарзандга мактублар» асари менда катта таассурот қолдирди. Асарнинг тарбиявий аҳамияти беқиёс бўлиб, фарзанднинг ҳаётда тўғри йўлни танлашида ота-она алоҳида ўрин тутиши ишонарли тарзда кўрсатиб берилган.

Ёзувчи умри давомида фарзандига мактуб ёзган ва буларнинг бари жамланиб асар ҳолига келган. Ҳар бир мактубда фарзанднинг хатти-ҳаракатига муносабат билдирилиб, ҳатто дўстлар даврасида ўзини қандай тутиш, ҳамкасблар билан қандай муомала қилиш, фикр баёнчилиги ҳақида маслаҳатлар берилади. Муаллиф булардан тўғри хулоса чиқаришга ундаб, энг нозик ҳис-туйғуларда ҳам адашмасликка даъват этади.
Унинг яна бир мактубидаги қуйидаги жумлага эътибор қаратинг: «Ёдингда бўлсин, кимнингдир билимдон эканини тушуниш учун анча-мунча фурсат керак, аммо хулқ масаласига келсак, у бир қарашдаёқ сезилиши мумкин». Бу билан у инсондаги хулқ-атвор тезда кўзга ташланишини назарда тутади у.
Бошқа мактубида: «Чуқур илмга эга ҳар қандай одамда соғлом ақл бўлмаса, унда, албатта, мутакаббирлик пайдо бўлади», деб ёзади. Ҳар ким ҳам пухта илмга эга бўлиши мумкин, бироқ фикри тиниқ ва соғлом бўлмаса, бу билимдан не наф?
Ёзувчи фарзанди илмли бўлиши баробарида дунёқараши кенг, соғлом фикрлайдиган бўлишини ҳам хоҳлайди. Барча ота-оналар ва ёшларга ушбу асарни ўқишни тавсия қилган бўлар эдим, ундан қандай хулоса чиқариш эса ўзингизга боғлиқ.

Дилнавоз ТОШНАЗАРОВА,
Қўшкўпир туманидаги 12-мактаб ўқитувчиси

Бошқа хабарлар