197

Бухоро вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор асосида 444 та эҳтиёжманд оилага газ плита ва газ баллонлари тарқатилди.

* * *

Жиззах вилояти. таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Зарбдор туман кенгаши томонидан ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ходимларни аъзоликка жалб қилиш борасидаги ишлар кенг кўламда давом эттирилмоқда. Жумладан, туман мактабгача таълим муассасаси бўлими касаба уюшма хизматига олинди.
— Эндиликда жамоамизда меҳнат қилаётган 17 нафар аъзонинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ҳимояси таъминланадиган бўлди, — дейди бошланғич касаба уюшма қўмитаси раи­­си Илҳом Бобоев. — Бу эса аъзоларнинг касаба уюшма имтиёзларидан фойдаланиб, ўз салоҳиятини намоён этишида муҳим асос ҳисобланади.

* * *

Тошкент вилояти. «Ботаника» санаторийсида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари иштирокида «Уч авлод учрашуви» маданий тадбири ташкил этилди. 3-умумтаълим мактаби ўқувчилари томонидан тайёрланган ватанпарварлик руҳидаги шеър, куй-қўшиқ ва миллий рақслар фахрийларга манзур бўлди.
— Шундай ёруғ кунларни кўриш бизга ҳам насиб этди. Болажонларнинг спорт, санъат, фан ва маданият соҳасидаги ютуқларидан фахрландик. Илоҳим, юртимизга, фарзандларимизга кўз тегмасин, — дейди 96 ёшни қаршилаган Ҳабибулло ота Зокиров.

* * *

Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан Риштон туманидаги 111 та эҳтиёжманд оилага маиший техника воситалари совға қилинди. Оғир дардга чалинган беморлари бўлган олтита оила дори-дармон воситалари билани таъминланди. Ўндан зиёд уйлар таъмирланди.
Шунингдек, аҳолининг яшаш шароитини ўрганиш жараёнида 630 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган кишилар аниқланиб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. 33 нафар шахс ногиронлик аравачаси, яна уч нафари эшитиш мосламаси, ўнлаб жисмоний имконияти чекланганлар қўлтиқтаёқ, ҳассалар билан таъминланди. Иш билан банд бўлмаган оила вакилларининг 150 нафардан зиёдига тегишли ташкилотлар томонидан нафақалар ажратилишига кўмаклашилди.

Мухбирларимиз

Бошқа хабарлар