Саёҳат – роҳат

296

Саёҳат киши руҳиятига ижобий таъсир кўрсатади. Диёримиздаги мафтункор ­масканлар бу борада ажойиб танлов. Хусусан, кўҳна ва навқирон Самарқанд ­дунёдаги бориб кўриш тавсия этилган элликта шаҳардан бири сифатида эътироф этилади. Бой ўтмиш маданиятимизни мужассам этган ушбу шаҳарни кўриш учун дунёдан ­кўплаб сайёҳлар келишади. Аммо ўзимиз-чи?

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан фуқароларимизга бу йўналишда кенг имкониятлар яратилмоқда. Жумладан, туризм салоҳиятини ошириш, ички туризмни ривожлантириш бўйича қатор қарорлар қабул қилинди. Шу асосда «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури ишлаб чиқилгани, байрамларда фуқароларимизга қўшимча дам олиш кунлари берилиши айни муддао бўлди. Бу хайрли ташаббусга касаба уюшмалари ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Хусусан, Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари томонидан Иштихон, Пайариқ, Каттақўрғон, Нарпай, Пахтачи туманларидан 200 нафардан зиёд кишининг қадимий шаҳарга саёҳати ташкил этилди. Жорий йилда 16 минг нафарга яқин фуқаронинг мамлакатимиздаги тарихий шаҳар ва муборак қадамжоларга зиёратини уюштириш мўлжалланмоқда.
Вилоятимиз ҳудудида 1105 та археологик, 670 та меъморий, 37 та диққатга сазовoр масканлар, 18 та монументал, 21 та меъмориал маданий мерос объектларининг мавжудлиги бу борадаги салоҳиятнинг нақадар улканлигидан далолат. Қарийб 200 га яқин туристик компания фаолият олиб бориши ҳам тизим ривожини таъминлашга хизмат қилади.
Ҳукуматимизнинг Самарқанд вилоятининг турис­тик салоҳиятини ривожлантиришга оид уч йиллик дастури, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда «Samarkand sitу» туризм зонасини ташкил этиш йўлидаги ҳаракатлар таҳсинга лойиқ. Кўҳна шаҳарга ташриф буюрган меҳмонларни маданий ва тарихий қадриятларимиз, ҳунармандчилигимиз билан яқиндан таништириш чоралари ҳам кўрилмоқда. Мутасадди ташкилотлар томонидан «Самарқанд нонлари», «Самарқанд ҳунармандлари», «Миллий таомлар», «Шарқ ширинликлари» каби мавзуларда турли фестиваллар ўтказиш дастурлари ишлаб чиқилган.
Шунингдек, экотуризм йўналишини ривожлантиришга пухта ҳозирлик кўрилаяпти. Хусусан, «Зарафшон» давлат қўриқхонаси ҳудуди ва у ерда сақланаётган Бухоро буғуси(Хонгул)ни кузатиш учун мўлжалланган ҳудудларни ташкил этиш кўзда тутилаётир.

Шерали ҲОТАМОВ,
Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси мутахассиси

Бошқа хабарлар