Туркманларнинг ҳамдард дўсти

705

Инсоний комиллик ҳамда осуда ҳаёт учун қайғурган ва курашган зотлар қаторида адолатли ҳукмдор, беназир шоир, донишманд олим Заҳириддин Муҳаммад Бобур алоҳида ўрин эгаллайди. Ул зот ҳақида ўйлаганимда атоқли туркман олими, академик Ағажан Бобоевнинг фикрлари хотирамда жонланади.

— Бобур деганда «комиллик ва осудалик» формуласи хаёлга келади, — деган эди Туркманистон Фанлар академияси «Чўл институти» директори А.Бобоев. – Туғилганидан умрининг охиригача жанг-у жадаллар ичра, ўлимга юзма-юз бўлиб яшаган бу сиймо инсониятнинг маънавий камолоти ҳақида ўйлашдан бирон дақиқа ҳам чекинмаган…
Дарҳақиқат, Бобурнинг ўзига хос бетак­рор ҳаёти ва фаолияти инсониятга маънавий етуклик, осуда, тинч ҳаёт соғинчи ва интилишини бағишлаб келаётган ноёб ижтимоий-маънавий ҳодисадир.
Аҳбоб, йиғилмоқни фароғат тутунгиз,
Жамъиятингиз борини давлат тутунгиз,
Чун гардиши чарх бу дурур, тенгри учун,
Бир-бирни неча куни ғанимат тутунгиз.
Бу даъват шоир ижоди, ахлоқий-маънавий қарашларининг ўзаги, етакчи тамойили ҳисобланади. Жанг-у жадаллар ичра ҳам у дўстларнинг ҳамжиҳатлиги, маънавий комиллиги ҳақида қайғургани, одам одамга ғанимат эканлигини уқтириш ташвиши билан қалам тебратгани ҳайратланарлидир.
Бу олам аро ажаб оламлар кўрдим,
Олам элидин турфа ситамлар кўрдум,
Ҳар ким бу «Воқоеъ»ни ўқур, билгайким,
Не ранжу не меҳнат-у, не ғамлар кўрдум.
Бу мисраларда унинг мураккаб ва айни вақтда эзгуликка йўғрилган ҳаёт йўллари, изтироб-у курашлари «не ранж-у не меҳнат-у не ғамлар» ичра кечгани қаламга олинган.
Бобур учун яхшилик, адолат, диёнатни касб этмаган киши «бедард ҳабиб» (дардсиз, маънавияти саёз дўст) ҳисобланади. «Бедард ҳабиб» ким? Унинг қиёфаси, феъли, мақсад-умидини тасаввур этиб бўладими? Бедард ҳабиб — бу ўзга билан иши йўқ, дўст-у яқин деб билган кишиларига бепарво, улар дардига малҳам бўлиш хаёлигаям келмайдиган нокасдир. Бу образ Бобурнинг ахлоқий-фалсафий дунёсида мана бундай жонлантирилган:
Бедард ҳабиб билмади дардимни,
Туфроқча кўрмади руҳи зардимни.
Бобур мардликнинг чинакам намунаси эди. У инсон зотини азиз ва мукаррам билар, ҳатто ёмон одамни ҳам тузатиш, яхшилар сафига қўшиш умиди билан яшарди.
Душман сўзига кирма, эшит дўст сўзин,
Эшитмаса сўзни дўст, душман не дегай?
Ушбу мисралар инсонга ким дўст, ким душман эканлигини англаб етиш имконини беради. Шу ўринда Бобурнинг «Эшитмаса сўзни дўст, душман не дегай?» риторик сўроғи алоҳида эътиборни тортиши табиий. Қолаверса, шеърда Бобурнинг теран танқидий қараши ҳам акс этади. Дўст сўзингиз, дардингизни тингламаса, бу — беихтиёр душман учун душманлик, таъна қилиш имкониятини кенгайтиради, демакдир.
— Туркманистонда Навоий ва Бобур ижоди юксак қадрланади, – дейди туркманистонлик Ғайрат Жумаев. — Адабиёт ва тарих фани қўлланмаларида Бобур ҳаёти ва ижодига кенг ўрин ажратилган. Маънавиятнинг раҳнамоси бўлган зотнинг тинчликпарварлик, халқлар дўстлиги, ўзаро ҳамжиҳатлик йўлида олиб борган кураши акс эттирилган.
Бобур комил шахс, улкан шоир ва адиб, маърифатли олим ва адолатли ҳукмдор сифатида меҳр-оқибат туйғусини ҳамиша улуғлаб, уни шоҳ мисралари, ҳароратли сатрларида куйлади.
Гар меҳр била бу чарх эврулса эди,
Жонлардин анинг навфи керак тўлса эди,
Бобур киби жонға меҳр боғлар эрдим,
Гар ушбу жаҳонда меҳри жон бўлса эди.
Бу чархи кажрафторнинг меҳр кучи билан айланиши, ҳаракат қилишини орзу қилган Бобурнинг улкан маънавий жасоратини тасаввур қилиш қалбни жунбушга солади. Бу гўзал талқин кейинги мисраларда изчил ривожлантирилган. Шоир одамнинг жони ичра меҳрнинг ўз ўрни бўлишини истайди. Жони меҳрдан, меҳри эса жондан иборат инсон — комиллик пиллапоясига кўтарилган сиймо тасаввурини шакллантиради. Пировардида меҳр-муҳаббат, меҳр-оқибат инсоний фазилатлар гултожи эканлиги ҳақидаги ёруғ тасаввур ва фалсафий фикр бутун борлиғимизни эгаллайди. Дарҳақиқат, эзгу ғоялар куйчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахсияти ва ижодининг мислсиз куч-қудрати ҳам ана шунда, десак янглишмаймиз.

Абдуғаффор ХОН,
Ўзбекистон — Туркманистон Дўстлик жамиятининг фаоли, адабиётшунос ва таржимон

Бошқа хабарлар