Улуғ пирга ихлос

814

Бобур туғилганида отаси Умаршайх Мирзо фарзандига ном қўйишни ўз даврининг муршиди комили Хожа Аҳрордан илтимос қилган. Буюк авлиё гўдакка Заҳириддин деб ном қўйиш баробарида бир илоҳий нафас ҳам қилган бўлса керакки, у кейинчалик буюк салтанатга асос солган улуғ шоҳ, моҳир саркарда, забардаст шоир бўлиб етишди.

Бобур хонадони нақшбандия пирларига ҳамиша ихлос-эътиқод кўрсатиб келган. Хожа Аҳрор Бобурга ном қўйган бўлса, унинг халфаси Мавлоно Муҳаммад Қози бу хонадоннинг пири эди. Бу нажиб инсоннинг Бобурга таъсири катта бўлган, унга ўзининг қимматли маслаҳатларини бериб турган. Бобур биринчи марта Самарқандни олганида Аҳмад Танбал ва Узун Ҳасанлар Андижонда фитна кўтариб, унинг устози ва тарафдори бўлган «Хожаи Мавлонои Қозини арк дарвозасида осиб шаҳид қилдилар». Кейинчалик Бобур Мавлоно Қозининг жияни ва халфаси, «нақшбандия тариқатининг баландпарвоз шаҳбози» Махдуми Аъзамни ўзига пир тутиб, унга муридлик изҳор қилгани маълум. Бобур олис Ҳиндистонда туриб ҳам у билан ёзишмалар олиб борган. Ҳасанхожа Нисорийнинг ёзишича: «Подшоҳнинг нақшбандия олий хонадонига иродат нисбати бор эди. Юксак шон-шавкатли бобоси ва салтанат нишонли отасининг Ҳазрат Хожа Аҳрорга иродати бўлган Бобур подшоҳ ҳам бу улуғлар хонадонига нисбатан иззат-икромни соатма-соат оширар ва бирор дақиқа бу ишни канда қилиб, ғафлатда қолмас эди. Барча дарвешларга лутф эшигини очиб, ниёзмандлик юмушини бажо келтирарди. Ҳазрат Махдумий мулло Хожагий Косонийга бир бўлак олтин қуймасини ниёз тариқасида юбориб, ёнида ўзининг ушбу қитъасини ҳам шоҳид қилганди:

Дар ҳавои нафси гумроҳ умр
зоеъ кардаем,
Пеши аҳлуллоҳ аз атвори
худ шармандаем.
Як назар афкан ба сўи мо,
ки аз роҳи вафо
Хожагиро мондаем,
хожагиро бандаем.
Мазмуни: «Гумроҳ нафс кўйида умримизни зое қилдик. Бунинг учун Оллоҳнинг хос бандалари олдида уятлимиз. Биз томонга бир назар сол: вафо йўлида хожаликни ташлаб, Хожаликка бандамиз».
Маълумки, Махдуми Аъзам тариқати хожагий – хожалик деб ҳам аталган. Бобур шундан фойдаланиб, сўз ўйини қилган: Оллоҳ олдида ҳамманинг қуллигини англаб, бировлар устидан хўжайинлик — хожалик қилишни ташлаганмиз, лекин хожалар тариқатига қулликни бўйнимизга олганмиз.
Аён бўладики, Бобурнинг ўзи ҳам нақшбандия тариқатида бўлган.
Махдуми Аъзам Бобурнинг мактубига жавоб тариқасида ҳамда Хожа Аҳрорнинг «Рисолаи волидия»си таржимасига бағишлаб «Рисолаи Бобурия»ни ёзган.
Бобур ҳусайния-ишқия тариқати пири сифатида танилган Шайх Ҳусайн Хоразмийнинг ҳаж ниятида Макка ва Мадинага сафар қилиш хабарини эшитгач, унга шоҳона туҳфалар билан мактуб йўллаб, Ҳиндистон орқали ўтишни сўрайди. Лекин унинг бу орзуси амалга ошмаган кўринади.
Бобур Хожа Аҳрорни бир умр ўзига пир санаб, муридлик муҳаббати ва садоқатини сақлаб келган. Хусусан, мушкул вазиятларга тушиб қолган дамларда у буюк пирнинг муборак руҳидан мадад сўраган ва ўз навбатида, бу валий инсон ҳам ўз дуожўйини ҳамиша қўллаган. «Бобурнома»нинг гувоҳлик беришича, Хожа Аҳрор руҳи Бобурни уч оғир вазиятда қўллайди:
Бобур Самарқандни иккинчи марта олиш учун қўшин тортиб келганида шаҳарнинг Султон Али Мирзо томонидан Шайбонийхонга топширилганлигини эшитади. Лекин Самарқандни қўлга киритишдан умидини узолмай шаҳар атрофида айланиб юради. «Ўшал фурсатта ажаб туш кўрдум, — деб эслайди Бобур. — Туш кўрарманким, ҳазрати Хожа Убайдуллоҳ келмишлар, мен истиқболларига чиқмишмен. Хожа келиб ўлтурдилар. Хожанинг олиға, ғолибо, бетакаллуфроқ дасторхон солмишлар. Бу жиҳаттин Ҳазрат хотириға нима келмиш. Мулло Бобо менинг сари боқиб, ишорат қиладур. Мен ҳам имо била дедимким, мендин эмастур. Дасторхон солғучи тақсир қилибтур. Хожа фаҳм қилиб, бу узр масмуъ тушти. Қўптилар. Узата чиқтим. Ушбу уйнинг долонида ўнг қўлумдин ё сўл қўлумдин тутуб, андоқ кўтардиларким, бир оёғим ердин қўпти. Туркий дедиларким: «Шайх маслаҳат берди». Ўшул неча кунда-ўқ Самарқандни олдим». Бу – буюк пирнинг биринчи мадади эди. Ўшанда Бобур «яхши-ямон икки юз қирқ киши»си билан темурийлар пойтахтини қўлга киритади.
Кейинги гал Хожа Аҳрор руҳи Бобурни муқаррар ўлимдан сақлаб қолади. Бу қуйидагича содир бўлади: Аҳмад Танбал исёни туфайли Андижон иккинчи бор бой берилгач, Бобур саккиз навкари билан қуршовдан қочиб чиқади. Уни таъқиб қилишади. Қаттиқ тўқнашув бўлиб, Мирзақули Кўкалдошдан бўлак барча ҳамроҳларидан ажралади. Йўлда Мирзақулининг ҳам оти юролмай, Бобур ёлғиз қолади. Банда Али билан Бобо Сайромий деган кишилар унинг изидан тушадилар. «Укаларингиз қўлга тушди. Сиз ҳам ортга қайтинг», дейишади. Лекин Бобур кўнмайди. Улардан тоғалари бўлмиш хонлар қошига олиб боришларини сўраб, катта лавозим ва ҳадялар ваъда қилади. Келишгандай бўладилар. Барибир Бобур уларга ишонмайди. Карнон деган жойда Бобурдан хабар топиб, унинг Юсуф отлиғ доруғаси ҳам келади. Учовлари «Сизни тахтга ўтқазадилар» деган баҳона билан уни Андижонга олиб кетмоқчи бўладилар. Бу ҳақда Бобур шундай ёзади:
«Оламда жон ваҳмидин ёмонроқ нима бўлмас эмиш. Мен дедимким: «Ростлиғини айт! Агар иш ўзгачарак бўлғудектур, худ вузуъ қилай». Юсуф онтлар ичти вале анинг онтиға ким инонадур. Ўзумда бетоқатлиғе фаҳм қилдим. Қўптум, боғ гўшасиға бордим. Ўзум билан андиша қилдим. Дедимким, киши агар юз, минг яшаса, охир ўлмак керак…
Ўзумни ўлумга қарор бердим. Ўшал боғда сув оқиб келадур эди, вузуъ қилдим, икки ракъат намоз ўқудим, бошимни муножотқа қўюб, тилак тиладур эдимким, кўзум уйқуға борибтур. Кўрадурменким, Хожа Яъқуб — Хожа Яҳёнинг ўғли, ҳазрати Хожа Убайдуллоҳнинг набиралари рўбарўйимга аблақ от миниб, кўп жамоати аблақсувор билан келдилар. Дедиларким: «Ғам емангиз, Хожа Аҳрор мени сизга юбордилар. Дедиларким, биз аларға истионат тегуруб, подшоҳлик маснадиға ўлтурғузуббиз. Ҳар ерда мушкул иш тушса, бизни назариға келтуруб ёд этсун, биз анда ҳозир бўлурбиз. Ҳоло ушбу фатҳ ва нусрат сизнинг соридур. Бош кўтаринг, уйғонинг».
Шу орада отлар дупури эшитилади ва Бобурнинг тарафдорларидан Қутлуғ Муҳаммад Барлос ва Бобои Парғарий келиб, уни халос қиладилар. Қизиғи шундаки, Қутлуғ Муҳаммад Барлос ҳам туш кўрган ва тушида Хожа Убайдуллоҳ Бобурнинг қаерда эканлигини айтиб, уни олиб келишни буюрган экан.
Учинчи марта Ҳиндистонда оғир касал бўлганида Хожа Убайдуллоҳдан мадад сўраб, унинг «Волидия» асарини таржима қилиш орқали сиҳат топади: «Ҳазратнинг руҳиға илтижо қилиб, кўнг­лумга кечурдимким, агар бу манзум ул Ҳазратнинг мақбули бўлур, худ нечукким, соҳиби «Қасидаи Бурда»нинг қасидаси мақбул тушиб, ўзи афлаж маразидин халос бўлди, мен доғи бу оризадин қутулиб, назмимнинг қабулиға далиле бўлғусидур. Ушбу ният била рамали мусаддаси махбуни арзуз ва зарбгоҳи махбуни маҳфуз вазнидаким, мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг «Субҳа»си ҳам бу вазндадур, рисола назмиға шуруъ қилдим». Бобурнинг эътироф этишича, ҳар гал бундай дардга мубтало бўлганида касаллик ўттиз-қирқ кунга чўзилган. Бу гал Оллоҳ инояти-ю Ҳазратнинг ҳиммати туфайли у бир ҳафтага қолмай оёққа туради.
«Волидия» рисоласининг таржимаси сабаб­ларига тўхталар экан, Бобур Хожа Аҳрорни «Худо сиридан огоҳ», «хожалар хожаси», «Шиблий ва Жунайд каби буюк шайхлар ҳам унга фақат ходимликкагина ярайди», «ҳолат-у мартабаси зоҳирдур, васф-у таърифида тил қосирдур» деб мадҳ этади.
Халқимизда «Ихлос — халос» деган ажойиб ҳикмат бор. Ота-боболаримиз қадимдан бошларига бирор мушкулот тушганида азиз-авлиёларга сиғиниб, улар руҳидан мадад сўраб келганлар. Зеро, бундай комил инсонлар Ҳақ билан халқ ўртасида восита бўлганлар ва одамлар ўз илтижолари улар орқали Оллоҳ таолога етиб боради, деб ишонганлар. Ёшлигидан азиз-авлиёларга эътиқод, эҳтиром руҳида тарбия топган Бобур ҳам ана шундай ихлос соҳиби эди.

Эргаш ОЧИЛОВ,
филология фанлари номзоди

Бошқа хабарлар