«Яхшилиғ»дан топган яхшилигим

716

Ҳаёт чархпалакка ўхшайди, тинмай айланаверади. Қора тун кетидан ярқираб тонг отади. Туман қанчалик қуюқлашса, эртанги кун шунчалик очиқ келади. Қаҳратон қанча забтига олмасин, бағрида баҳорни асрайди. Дунё асли шундай яралган: қайғули, оғир дамлардан одамзодни умид, ишонч, яхши тилак омон олиб чиққан. Қуриб, қовжираб қолган она заминни кўклам нафаси яшартиргандай, инсоннинг сўлғин руҳиятига она сўз қувват бағишлайди. Бунга ўзим кўп гувоҳ бўлганман.

Ўн икки йилларча олдин турмуш ўртоғим оғир жарроҳлик операциясини бошдан ўтказди. Салкам икки ой шифохонада юрак ҳовучлаб турдик. Вақтнинг ўтиши қийин. Гўё дақиқалар соатга, соатлар йилга айланади. Яна қон ва дори ҳиди анқиган палата, шифокорларнинг ҳадикли нигоҳлари ва оғриқдан, иситмадан қовжираб бораётган беморнинг ҳаётга тўймаган сўник кўзлари… Бундай дамда гўё шифохона жанг майдонига айланади: бир томонда ажал, иккинчи ёнда шифокорлар саъй-ҳаракати, яқинларнинг Аллоҳга илтижоси, дуолари. Ўртада эса бемор. Бу «жанг» жуда қаттиқ ва машаққатли бўлди. Уни фақат шифокорлар ва улар билан ёнма-ён туриб ҳаёт учун курашганларгина ҳис қила олади. Ҳатто беморнинг ўзи ҳам бу ҳолатни тўла идрок этолмайди.
Шифохонада тонг отиши қийин, дейишгани рост. Кундузи у-бу яқинлар ташрифи, муолажалар таъсирида дард бироз чекинади. Тунда эса оғриқлар кўринмас шарпалар мисол беморни таъқиб қилади. На укол, на дори ва на яхши сўз бундай лаҳзаларда таъсир этади.
Ана шундай уйқусиз ва таҳликали тунларнинг бирида таниш шифокорнинг телефон рақамини излаб, ён дафтарчамни очдим. Унда ўзим яхши кўриб, бир пайтлар кўчириб қўйган Бобур Мирзонинг «Яхшилиғ» ғазалига кўзим тушди. Беихтиёр овоз чиқариб ўқий бошладим:
Ким кўрибдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ?
Кимки, ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ.
Оғриққа чидамай ёстиқда бош тебратиб, инграб ётган «беморим» гўё сеҳрлангандек мени жим тингларди:
Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ
Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.
Ғазалнинг шу байтига келганимда негадир кўзларимга ёш қалқиди, тўкилиб кетмаслиги учун уни бўғзимга қамадим. Томоғим ғиппа бўғилди. Овозим чиқмай қолди. «Беморим» кўзини очди, нега тўхтадинг, дегандек менга норози нигоҳ ташлади. Дарров ўзимни қўлга олиб, ўқишда давом этдим:
Яхшилиғ аҳли жаҳонда истама Бобур киби,
Ким кўрибдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ.
Ғазал тугади, у яна оғриқдан безовталана бошлади. Бемор бемор эмас, унга қараган бемор. «Беморим»нинг жисми оғрийди, менинг эса қалбим, юрагим парча-парча бўлиб бораверади. Кеча чўзилгандан чўзилиб кетади, тонг отмайди, хўрозлар қичқирмайди. Дунё абадий зулмат қаърига чўккандай туюлади.
Шунда негадир синаш учун ҳалиги ғазални яна ўқийман. «Беморим» аввал шифтга тикилганча жим туриб қолади, кейин кўзини юмади, бир маромда нафас олаётганидан сезаманки, ухлаб қолди. Мен ҳам ўқишдан тўхтайман. У кўзини очди. Бир сўз демай яна ғазални ўқийман. Республика нейрохирургия шифохонасида кечган шу қоронғу кечада тонггача «Яхшилиғ»ни неча марта ўқиганимни ўзим ҳам билмайман. Муҳими, неча кунлардан бери мижжа қоқмай, оғриқнинг забтидан инграб чиқадиган беморим ухлади. Тонггача бўлса-да жисми жони ором олди. Эртасига яқинларимга айтиб Бобур девони ва «Бобур» видеофилмида Маъмуржон Тўхтасинов ва Ўлмас Расулов ижро этган қўшиқларни олдирдим. Соғайиб кетгунича қўшиқ ва ғазаллар билан у кишини овутиб юрдим. Ўша кунларни эсларканман, «Барибир «Яхшилиғ» яхши-да», дейман ўзимга-ўзим.
Бобур ижодининг инсон руҳиятига таъсиридан қанчалар таъсирланган эдим. Аслида Бобурнинг бошига тушган минг турфа балолардан унинг яхшиликка тўла қалби, меҳрга лиммо-лим юраги, эзгуликка эш бўлган умидлари, энг муҳими, она сўзи ва она Ватан соғинчи асраб қолган.
Бобурдаги кучли маънавият ва руҳий қувват унинг қалбидан илоҳий нур бўлиб ижодига кўчган. Шунинг учун унинг бой маънавий меросини ўқиганимиз сайин яхшилик, меҳр-муҳаббат томон яқинлашамиз. Зеро, дунё яхшилик учун яралган.

Амина ҚОДИРОВА

Бошқа хабарлар