«Бемор ва донорнинг саломатлиги яхши»

336

Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий хирургия марказида юртимиз тиббиёти тарихида биринчи марта беморга тирик донор қариндошдан жигар бўлагини кўчириб ўтказиш амалиётининг бажарилгани мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида кун мавзусига айланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, операция Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисос­лаштирилган илмий-амалий хирургия маркази директори, академик Феруз Назиров ва Россиянинг Академик ­В.И.Шумаков номидаги Трансплантология ва сунъий аъзолар миллий тиббий тадқиқот маркази директори, академик Сергей Готье раҳбарлигида ўтди.

— Жигар циррози билан оғриган бемор ҳаётини сақлаб қолишнинг ягона йўли — трансплантация амалиётини ўтказиш ҳисоб­ланади. Марказимизда ўзбек ва рус жарроҳлари ҳамкорлигидаги гуруҳ билан илк бор жигар циррози билан оғриган 26 ёшли бемор Убайдулла Дадахўжаевга унинг акаси 30 ёшли Ҳаёт Дадахўжаев донорлигида жигар бўлаги трансплантация­­си бажарилди, — дейди Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий хирургия маркази директори, академик Феруз Назиров. — Жараёнда 21 нафар шифокор, 10 нафар ўрта тиббиёт ходими иштирок этди. Айтиш лозимки, амалиётга катта ҳозирлик кўрилган бўлиб, марказнинг техник имкониятлари яхшиланиб, мутахассисларимиз АҚШ, Франция, Жанубий Корея, Туркия, Швейцария ва Россия Федерацияси каби давлатларда айни шу соҳа бўйича малака ошириб қайтишди. Аввало, донор ва реципиент (бемор) ушбу амалиётга 3 ой давомида тайёрланди. Трансплантацияга кўрсатма ва қарши кўрсатмалар тўлиқ ўрганилиб, амалиётни ўтказиш бўйича якуний қарор қабул қилинди. Операция қарийб 15 соат давом этди. Ҳозиргача олинган барча таҳлиллар бемор ва донорнинг умумий саломатлиги яхши эканини кўрсатмоқда. Шу маънода, айта оламизки, биринчи марта ўтказилган ушбу мураккаб операция муваффақиятли бажарилди.
Белгиланган тартибга кўра, трансплантациядан кейин донор ва реципиент камида уч йил давомида профилактик диспансер кўриги билан таъминланади. Ҳудуддаги оилавий поликлиникада ҳам уларга алоҳида кўриклар ташкил этилиб, доимий патронаж назоратига олинади. Бундан ташқари, қонунчиликда белгиланган тартибда улар тегишли дори воситалари билан ҳам таъминланади.
— Илгари хорижда аъзо кўчириш операциясини ўтказиб келган беморларда оғир асоратли ҳолатлар ҳам кузатилган. Чунки бундай беморлар доимий равишда шифокор назоратида бўлиши, тиббий кўриклардан ўтиб туриши, турмуш тарзида ўзига хосликларга амал қилиши талаб этилади, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош трансплантологи Улуғбек Йўлдошев. — Трансплантациянинг мамлакатимизда бажарилиши бемор ва донорни тўлиқ шифокор назоратига олиш, энг кичик ўзгаришларда ҳам мутахассис кўригини ташкил этиш имконини беради. Бу эса амалиётдан кейинги асоратларнинг олдини олади.
Маълумот учун, жигарнинг терминал босқичдаги сурункали диффуз касалликлари, ўткир жигар етишмовчилиги, резекция қилинмайдиган манбали жигар касаллик­лари каби ҳолатларда фақатгина шу аъзо трансплантацияси бемор ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Бундай юқори технологик операциялар Америка, Россия, Германия, Норвегия, Швейцария ва Ҳиндистон каби тиббиёти ривожланган давлатларда бажарилади, холос. Бугун юртимиз ушбу мамлакатлар қаторидан жой олди.
Трансплантология тиббиётнинг энг мураккаб, ўта масъулиятли ва айни пайтда, эҳтиёж ортиб бораётган йўналишларидан бири саналади. Сир эмас, илгари зарурат туфайли айрим беморлар чет давлатларга бориб, 40 мингдан 150-200 минг АҚШ долларигача бўлган нархларда жарроҳлик амалиётини ўтказишга мажбур бўлаётган эди. Эндиликда шундай мураккаб ва ноёб операциялар юртимиздаги тиббиёт марказларида ҳам муваффақиятли ўтказилмоқда.

Ўз мухбиримиз

Бошқа хабарлар