Бош келишув сарҳисоби ўтган давр ходимлар учун қанчалик манфаатли бўлди?

185

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2017 – 2019 йиллар учун тузилган Бош келишув ижроси юзасидан уч томонлама комиссия йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Бош келишувнинг 2017 йилда бажарилиши якунлари бўйича ҳисоботлар тингланиб, муҳокама этилди ҳамда жорий йил учун асосий вазифалар белгилаб олинди. Қайд этилганидек, ўтган йилда ижтимоий ҳамкорлар, яъни давлат идоралари, касаба уюшмалари ва иш берувчилар томонидан 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида Бош келишувни бажариш бўйича тизимли ишлар олиб борилди.

Қонунчилик — ислоҳотлар  пойдевори

Маълумки, ҳар қандай ислоҳотнинг аввалида қонунчилик туради. Шу боис, йиғилишда ижтимоий шериклар билан меъёр ижодкорлиги ва ходимларнинг ҳуқуқий ҳимоясига доир тизимли чора-тадбирлар амалга оширилгани айтиб ўтилди.
Жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг ­қатор Конвенцияларини миллий қонунчиликка татбиқ этиш имкониятлари ўрганилди. Ижтимоий ҳамкорларнинг таклифига кўра, мазкур халқаро меҳнат стандартлари асос сифатида кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан тасдиқланган «Меҳнат органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга доир комплекс чора-тадбирлар дастури»га киритилди. Бундан ташқари, юзга яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқишда ижтимоий ҳамкорлар иштироки таъминланди.
Ҳисобот даврида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг иш берувчилари, олий ва ўрта махсус ўқув муассасалари битирувчиларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини судгача бўлган даврда ҳимоя килиш тизимини жорий этиш, колл-центр тармоқлари, «Ишонч телефонлари» ҳамда вазирлик, идоралар ва фуқаролик жамияти институтларининг виртуал қабулхоналарини кенгайтириш орқали меҳнат конунчилигидаги ҳуқуқбузарлик­ларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва барча малака ошириш таълим муассасаларида «Халқаро ва миллий меҳнат стандартлари» мавзуида машғулотлар олиб бориш йўлга қўйилганини қайд этиш жоиз. Шунингдек, касаба уюшмалари ва меҳнат инспекциялари мутахассисларининг кўмаги билан ХМТ экспертлари иштирокида республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш масалалари бўйича давлат бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, фермерларнинг салоҳиятини ошириш бўйича семинар-тренинглар ташкил этилди.

Фаровонлик — устувор вазифа

Иштирокчилар томонидан одамлар яшаш тарзи ва кайфиятига таъсир қилувчи меҳнатга хақ тўлаш, аҳолининг реал даромадлари ва турмуш даражасини ошириш масалаларида ҳам муҳим натижаларга эришилгани таъкидланди.
Маъумотларга кўра, ўтган йилнинг январ — декабр ойларида Ўзбекистон Республикасида номинал ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи 2016 йил билан таққослаганда 12,3 фоизга ўсишига эришилди.
Ўтган йилда касаба уюшма органлари ва меҳнат инспекциялари томонидан ходимларнинг ойлик иш ҳақи ўз вақтида тўланишини таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрилди. Натижада, иш ҳақидан муддати ўтган қарздорлик миқдори қарийб беш баравар камайтирилишига эришилди. Бундан ташқари, касаба уюшмалари томонидан 6700 ташкилотнинг иш фаолияти ўрганилиб, меҳнат ҳақининг энг кам миқдорини камайтириш билан боғлиқ айрим ҳолатларни бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилди. Шунингдек, аксарият хўжалик субъектларида жамоа-шартномавий ҳужжатлар орқали иш ҳақи фондининг тариф (кафолатланган) қисми оширилишига эришилди.

Меҳнат бозори ва бандлик

Йиғилишда меҳнат бозорини ривожлантириш, аҳоли бандлигига кўмаклашиш масалаларига ҳам урғу берилди. Жумладан, барқарор иш ҳақи ва меҳнат хавфсизлигини таъминловчи, айниқса, қиш­лоқ жойлардаги иш ўринларини ташкил этишга, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчилари ҳамда аҳолининг бошқа ижтимоий заиф қатламларини ишга жойлаштиришга асосий эътибор қаратилди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотларига кўра, 2017 йилда меҳнат ресурс­лари 18 млн. 672 минг 500 кишини ташкил этди. Банд аҳолининг 17,3 фоизи давлат секторида, 82,7 фоизи эса нодавлат секторда фаолият юритмоқда. Шунингдек, ўтган йилда ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳолининг 5,8 фоизини ташкил этди.
Касбий тайёргарлик, фуқароларнинг касб малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш дастурига асосан «Ишсиз» деб тан олинган фуқароларнинг 6563 нафари меҳнат органлари томонидан замонавий меҳнат бозори талаблари ва миллий ҳунармандчилик анъаналарига мос бўлган 30 дан ортиқ касблар бўйича тайёрланди.
Яна бир муҳим жараён: ўтган йилда Жамоат ишлари фонди ташкил этилиб, унинг маблағлар ҳисобидан 27 минг 108 нафар ишсиз ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди. Ҳисобот даврида касаба уюшма ташкилотлари томонидан 47 мингта корхона ва ташкилотда яратилган 210 мингта янги иш жойларининг ҳаққонийлиги ўрганилди. Бундай ўрганишлар фермер хўжаликларида ҳам ташкил этилди. Натижада, айрим иш ўринларининг ўз вақтида ташкил этилмагани сабаблари таҳлил қилинган ҳолда, ижтимоий шериклар билан биргаликда жойлардаги ижро органларига таклифлар киритилди.

Муносиб шароитда муносиб  меҳнат бўлади

Меҳнат хавфсизлиги ва муҳофазаси ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири экани шубҳасиз. Ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олиш, шунингдек, уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этишга томонлар алоҳида эътибор каратишаяпти.
Шу ўринда меҳнат шароити ва муҳофазаси ҳолатларини ўрганиш бўйича касаба уюшмаларининг давлат ва назорат органлари билан ҳамкорликдаги текшируви амалиётга татбиқ этилгани эътиборга молик. Бундан ташқари, меҳнат муҳофазаси бўйича ХМТ стандарти ратификацияси имкониятлари ўрганилди.
«Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонун талабларига мос янги таҳрирдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мувофиқлиги қайта кўриб чиқилиб, мазкур йўналишда 16 та лойиҳа тайёрланди. Касаба уюшмалари томонидан иш жараёнида саломатлигини йўқотган, касб касаллигига чалинган ёки боқувчисидан айрилган ходимлар ва шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш борасида муайян ишлар олиб борилди. Касаба уюшма мутахассислари, шунингдек, меҳнат мажбуриятларини бажариш чоғида касб касалликларига чалинганлик ёки саломатлигига бош­қача тарзда зарар етказилганлик учун зарарни қоплаш юзасидан олиб борилган 40 га яқин суд ишларида иштирок этди.
Умуман олганда, жамоа шартномаларида режалаштирилган меҳнат муҳофазаси борасидаги тадбирлар ижроси қатъий назоратда бўлди.

Халқ билан мулоқот ва  ижтимоий ҳимоя

Ўтган даврда кам таъминланган, ёш болали оилалар, пенсионерлар, уруш ва меҳнат фахрийларини жамоа шартнома ва келишувлари асосида қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилди.
Жумладан, касаба уюшмалари томонидан уч мингдан ортиқ меҳнат фахрийси ва қариялар учун республикамизнинг тарихий ва диққатга сазовор жойлари бўйлаб экскурсиялар уюштирилди. Олти юзга яқин ногирон ва ёлғиз қарияларнинг коммунал тўловлари тўланди. Давлат томонидан белгиланган байрамлар муносабати билан «Мурувват» ва «Саховат» уйлари тарбияланувчилари учун маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, техник жиҳозлар, кийим-кечак ва гигиения воситалари улашилди. Шунингдек, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ҳисобидан жамоа шартномаси ва келишуви орқали 110 минг нафар кексага моддий ёрдам кўрсатилди. Санаторийларда давлат бюджети ҳисобидан фронт орти уруш фахрийлари, ишловчи пенсионер ва касаба уюшма аъзоларининг ота-оналари имтиёзли, ишловчи пенсионерлар эса бепул соғломлаштирилди.
Яна бир муҳим воқеа — Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастури ­доирасида Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида касаба уюшмалари нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда ижтимоий муаммоларни бартараф этиш мақсадида халқ орасида ўрганишлар олиб борди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Сирдарё ва Хоразм вилоятларидаги 2 млн. 160 минг хонадонда бўлиб, ушбу жараёнда 650 мингдан ортиқ муаммо аниқланди. Улардан 556,5 мингтасини бартараф этиш юзасидан тадбирлар ишлаб чиқилди. Йил давомида 397 мингдан ортиқ муаммо ҳал этилди.
Дарвоқе, ўтган йилнинг май ва апрел ойларида кам таъминланган ва муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрия акциялари доирасида касаба уюшмалари томонидан 3280 нафар боланинг суннат тўйи, 616 жуфт келин-куёвнинг никоҳ тўйлари ўтказиб берилганини халқимиз катта қувонч билан кутиб олди.

***

Йиғилишда, шунингдек, ўтган йил давомида амалга оширилган маънавий-маърифий, маданий ва спорт тадбирлари, аёллар ва ёшлар учун қўшимча кафолатларни ўрнатиш, меҳнат соҳасида ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шериклик борасидаги фаолият ҳам сарҳисоб қилинди.
Шу билан бирга, Бош келишувни амалга татбиқ этиш жараёнида қатор масалалар ва ечимини топмаган муаммолар ҳам аниқланди. Уларни бажариш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегиш­ли қарорлар қабул қилинди.

Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,
ЎзКУФ Матбуот хизмати раҳбари.
Акмал ТОШЕВ,
«Ishonch» мухбири
Икром ҲАСАНОВ
олган суратлар

Бошқа хабарлар