Кун тартибида Ўзбекистон тажрибаси

222

24 — 26 апрел кунлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан пойтахтимизда «Ҳаракатлар стратегияси ва кучли ижтимоий сиёсат: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон ­тажрибаси» номли халқаро анжуман ўтказилиши режалаштирилган. Мухбиримиз муҳим тадбирга тайёргарлик ишларининг бориши билан қизиқди.

— Бугунги кунда анжуман ишида иштирок этиш истагини билдирган 100 дан зиёд мамлакат вакиллари ва экспертлари ҳамда Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакилларига таклифномалар юборилди, — дейди ЎзКУФК раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев. — Тадбирни ўтказиш жойи, меҳмонларни жойлаштириш, рўйхатга олиш ва бошқа ташкилий масалаларга мас­ъуллар белгиланди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари, вазирлик ва идоралар, илмий муассасалар ҳамда фуқаролик институти вакилларидан фикр-мулоҳаза ва таклифлар олиниб, ўрганиб чиқилди. Мутахассислар томонидан Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар, шу кунгача амалга оширилган ишлар тўғрисида маърузалар, қўлланма ва кўргазмали материаллар тайёрланмоқда.
Эътиборли жиҳати, мазкур анжуман Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги 113-Ф сонли фармойиши ижросини таъминлаш, Ҳаракатлар стратегиясидан келиб чиқувчи вазифалар, мамлакатимизнинг янги иқтисодий ва сиёсий қиёфасини халқаро ҳамжамиятга намойиш қилиш, олдимизга қўйган эзгу мақсадларимиз билан таништириш, амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсатни кенг жамоатчиликка, дунё ҳамжамиятига етказиш ва бу борада халқаро тажрибани ўрганиш мақсадида ўтказилмоқда.
Маълумки, Ҳаракатлар стратегияси тараққиётимизни янги босқичга олиб чиқиши жиҳатидан эртанги кунимизнинг барча жабҳаларини қамраб олувчи муҳим ҳужжатдир. Бугун кўпчилик халқаро ташкилотлар, оммавий ахборот воситаларида юртимизда бўлаётган ўзгаришларга нисбатан ижобий таассуротлар уйғонмоқда. Хорижий нашрларда тез-тез Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришлар тўғрисида материаллар эълон қилиб борилмоқда. Инвестициялар оқими кўпая­ётир. Ислоҳотларга ишонч мустаҳкамланяпти. Бу эса, пировардида, халқимизнинг турмуш шароити яхшиланишига, кучли ижтимоий ҳимояни шакллантириш, ҳуқуқий-демократик жамият барпо қилишга хизмат қилади. Юртбошимиз раҳбарлигида ишлаб чиқилган муҳим тарихий ҳужжат бўлмиш 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ­ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий мазмун ва моҳияти ҳам ана шунда.
Анжуман доирасида Ҳаракатлар стратегиясида қайд этилган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва мамлакат тараққиётини жадаллаштиришнинг муҳим устувор йўналишлари ҳамда аниқ марраларини белгилаш мақсадида аҳолининг кенг қатламлари, жамоатчилик ва ишбилармон доиралар вакиллари, давлат органларининг раҳбар ва мутахассислари билан амалий суҳбат ҳамда муҳокамалар олиб борилади, шунинг­дек, амалдаги қонун ҳужжатлари, миллий ва халқаро ташкилотларнинг ахборот-таҳлилий материаллари, маърузалари, тавсиялари ва шарҳлари ўрганилади, ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибаси таҳлил қилинади.
Халқаро анжуманнинг асосий ялпи мажлиси «Туркистон» санъат саройида бўлиб ўтади. Кичик мажлислар «Hyatt Regency Tashkent», «Wyndham Tashkent», «Grand Mir» ва «International Hotel Tashkent» меҳмонхоналари конференция залларида ўтказилиши режалаштирилган.
Шунингдек, иштирокчиларнинг мамлакатимиздаги ижтимоий соҳа объектлари, ташкилотлар ҳамда тарихий обидалар бўйлаб саёҳатлари ташкил этилади.
Халқаро анжуман якунида тегишли ҳужжатлар қабул қилинади.

Ўз мухбиримиз

Бошқа хабарлар