Мактаб ўқувчиси қандай овқатланяпти?

1,264

Мактабдан Низомжоннинг қорни оғриб келди. Онаси шошилганича «тез ёрдам»ни чақирди. Шифохонада унинг овқатдан заҳарлангани маълум бўлди. Кейинчалик аниқланишича, мактаб стадиони яқинида ҳар куни турли маҳсулотлар келтириб сотадиган бир сотувчи аёлдан хот-дог олиб еган экан. Она ўғлига ўша опадан бош­­қа нарса харид қилмасликни тайинлади. Хўш, бу етарлими? Ахир, сотувчи аёл қанча боланинг саломатлигига зарар келтираётган бўлиши мумкин.

Бундай ҳолат яккам-дуккам учрайди десак, хато қилган бўламиз. Аксинча, истаган мактабингиз атрофида нотаниш сотувчилар сифати кафолатланмаган маҳсулотлар билан савдо қилаётганига кўзингиз тушади. Соғлом авлодни вояга етказиш ҳақида кўп гапирамиз, ёзамиз. Қанчадан-қанча тадбирлар уюштириб, мавзуни муҳокама қиламиз. Бироқ бу ишлар қай даражада фойда беряпти?

Келинг, аввал соғлом овқатланиш тушунчасига аниқлик киритиб олсак.
— Тўғри овқатланиш — инсон саломатлигини кафолатловчи муҳим талаблардан бири, — ­дейди Хоразм вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи Бектурди Норметов. — Болалар овқатланишини тўғри ташкил этиш орқали уларнинг эҳтиёжини қондириш билан бирга, организм ривожланишини ҳам таъминлаган бўламиз. Сифат ва миқдор жиҳатидан яхши бўлмаган таом бола организмига физик ва нерв-психологик жиҳатдан салбий таъсирини кўрсатиши мумкин. Болаларнинг ёшига мос оқсил, углевод, витамин ва минераллар билан ­тўйинтирилган таомлар соғлом овқатланиш асосидир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 5 майдаги «Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори таълим муассасалари ўқувчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва соғлигини мустаҳкамлашда асос бўлиб хизмат қилаяпти. Аммо бунга қай даражада амал қилинаяпти?
Талабларга кўра, таълим муассасалари ошхоналарида хизмат кўрсатаётган тадбиркорлар ва маъмурият ўз фаолиятини ўқувчиларнинг ота-оналари билан ҳамкорликда олиб бориши лозим. Улар томонидан ота-оналар йиғилиш­ларида ўқувчиларнинг соғлом овқатланиши учун тайёрланаётган таомларнинг сифати ва овқатланишни ташкил этишда кўрсатиладиган хизматлар тўғрисида тақдимот ва кўргазмалар ўтказилиши мақсадга мувофиқ. Ходимлар ошпазлик соҳаси бўйича тегишли билимга эга бўлиши ва ўз малакасини ­доимий равишда ошириб бориши зарур. Ошхоналарнинг фаолият кўрсатиш самарадорлиги ўқувчиларнинг овқатланишга жалб этилиши ҳамда таълим муассасаси маъмурияти томонидан ўқувчилар ва ота-оналар ўртасида ўтказиладиган сўровномалар натижаларига кўра аниқланади.
— Ўқувчиларнинг соғлом овқатланиши таълим муассасалари ошхоналарида белгиланган хавфсиз овқатланишни ташкил этишга доир санитария-гигиеник ва эпидемияга қарши тадбирлар бажарилишига риоя қилган ҳолда амалга оширилиши лозим, — дейди Б. Норметов.
Хўш, халқ таълими бош­қармаси томонидан ўқувчиларнинг соғлом овқатланишини ташкил қилиш бўйича ўқувчи ва уларнинг ота-оналари ўртасида сўровномалар ташкил қилиняптими? Амалга оширилган ишлар ҳар чоракда муҳокама қилиниб, тегишли ташкилотларга ахборотлар тақдим ­этиляптими?
Маълумотларга кўра, Хоразм вилоятидаги жами 505 та мактабнинг атиги 142 тасида Вазирлар Маҳкамасининг 132-сонли қарори асосида ошхона ёки буфетлар ташкил қилинган, холос. Жумладан, Хонқа туманида 2 та, Янгибозор туманида 4 та мактабда ошхона ёки буфетлар ишлаётган бўлса, Ҳазорасп тумани ва Питнак шаҳридаги умумтаълим мактабларида овқатланиш шохобчалари умуман ташкил қилинмаган. Урганч шаҳридаги 4-, 6- ва 25- мактабларнинг ошхоналари жиддий таъмирга муҳтож, ошхона жиҳозлари эскирган, камчилик­лар талайгина. Қўшкўпир туманида 2 та мактабда ошхона, 11 та мактабда булочка ва кремсиз қандолат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи буфет иш юритмоқда. Туманнинг қишлоқ жойларидаги 38 та мактабида, Боғот туманининг чекка ҳудудларидаги 27 та мактабда ошхона ёки буфет ташкил қилинмаган. Энди яна бир жиҳат шуки, мавжуд ошхона ёки буфетларнинг ҳаммаси ҳам талаб даражасида фаолият кўрсатадими?
Давлат санитария назорати хизмати томонидан ўтган йил давомида мактабларда ташкил қилинган ошхона ёки буфетларда ҳар чоракда ўтказилган мониторингларда лабораторияларга ­микробиологик кўрсаткичлар бўйича ошхонанинг технологик жиҳозлари, ходимларнинг қўли ва махсус кийимидан жами 1355 намуна олинган ва шундан 55 таси талабга жавоб бермаган. Жорий йилнинг ўтган даврида озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати бўйича кимёвий кўрсаткичларга оид 118 та намуна таҳлил қилинган бўлса, шундан 2 таси, бактериологик таҳлил ёрдамида ошхона ва буфетлар тозалигини текшириш мақсадида 690 та суртма олинган бўлса, шундан 34 таси талабга жавоб бермаган.
Ўқувчиларнинг қандай овқатланаётганини ўз кўзимиз билан кўриш мақсадида айрим мактаб­ларда бўлдик. Жумладан, Урганч шаҳридаги 1 мактабдаги буфетда қайноқ какао ичиб ўтирган ўқувчиларни суҳбатга тортдик.
— Бу ерда мазали сомса, гумма сотишади, — дейишди қизлар.
Сотувчи қўлида махсус ошхона қўлқопи ёрдамида маҳсулотларни бир марталик қоғоз салфетка ва селофан пакетларга солиб узатяпти. Шу ерда ўтириб овқатланиш истагидагиларга ликопчаларда бераяпти. Буфет озода ва саранжом. Жараённи четдан кузатиб турган киши диққатимизни тортди. Билсак, шу мактаб директори экан. Раҳбар буфетда сотилаётган маҳсулотлар сифатини ҳар куни шахсан назорат қилиб бораркан.
Шаҳардаги 18-мактаб ошхонаси ҳам ёруғ, озода, қолаверса, бу ерда ҳар куни сифатли ва иссиқ овқатлар тайёрлашга аҳамият берилади. Шунинг­дек, ихтисослаштирилган мактабларнинг барчасида ошхоналар мавжуд бўлиб, фаолияти яхши йўлга қўйилган. Бироқ, беш қўл баробар эмас…
Гурлан туманидаги мактаблардан бири қаршисидаги ҳовлининг гавжумлиги диққатимизни тортди. Бу ерда ўқувчилар «хот-дог» харид қилишаётган экан. Сотувчи аёл пул санаб олган қўллари билан ўқувчиларга егулик улашяпти. Қўлбола раста турли ширин ва газли ичимликларга тўла. Сотувчидан рухсатномаси бор-йўқлигини сўраганимизда, яқиндагина Қозоғистондан келганлигини, ҳужжатлари тахт бўлиб қолгани ва тез кунларда рухсатнома олишини айтди.
— Пул санаган қўл билан таом ушлаш гигие­нага тўғри келадими? — деган саволимиздан кейин аёл у ёқ-бу ёққа қараб турди-да, қўлига бир марталик клёнка кийиб олди.
— Хўжакўрсинга эмас, болалар саломатлигини кўзлаб, бунга доим амал қилсангиз, яхши бўларди, — дедик.
Дарҳақиқат, пул санагандан кейин қўлни яхшилаб ювиш ҳақида шифокорларимиз кўп уқтиришади. Негаки, болалар орасида кўп учровчи гижжа, «А» вирусли гепатити, диарея ва бошқа озқозон-ичак хасталиклари айнан қўлларни ювмасдан овқатланиш оқибатида келиб чиқади. Ўқувчи қўлига қоғоз-ручка тутади, китоб варақлайди, қолаверса, ҳожатхонага бориб келади. Бу даврда уларнинг қўлини ювишига кафолат борми? Қишлоқ мактабларини қўя туринг, кўпгина шаҳар мактабларида ҳам бунинг учун етарли шароит яратилмаган.
— Киши ҳар куни бир хил вақтда овқатланиши лозим, — дейди болалар шифокори Қумри Тўраева. — Шунда овқат ейиш олдидан меъда-ичак шираси кўп ажралади. Овқат яхши ҳазм бўлади ва унинг ким­ёвий компонентлари тўла ўзлаштирилади. Овқатланиш тартибининг бузилиши бу жараёнга салбий таъсир кўрсатибгина қолмай, балки гастрит, меъда ва ўн икки бармоқ ичак яраси каби турли касаллик­ларнинг пайдо бўлишига ҳам олиб келади.
Аксарият ота-оналар болаларининг қўлига пул тутқазишади. Суҳбатларимиздан аён бўлдики, қиш­лоқ шароитида болаларга ҳар куни ўртача 500-1000 сўм атрофида, шаҳарда эса 2000-3000 сўм атрофида пул берилар экан. Хўш, бу пулга бола нима харид қилади?
— Мактабимиз яқинида ширинликлар дўкони бор, катта танаффусда булочка ва қаҳва оламан, — дейди Аброр исмли болакай.
— Мен кўпинча хот-дог харид қиламан, — дейди Музаффар.
Шу ўринда, умумтаълим мактабларининг ўқувчилари истеъмол қилиши тақиқланган маҳсулотлар рўйхатини ҳам эслаб ўтсак.
Хусусан, болаларга гўшт қўшилган майонез, кетчуп ва орасига сабзавотлар солинган нон маҳсулотлари (гамбургер, чизбергер ва ҳот-доглар), сунъий таъм берувчи моддалар, бўёқлар, ароматизаторлар қўшилган, ширага бой маҳсулотлар, чипс­лар, ветеринар назоратидан ўтмаган гўшт, барча чорва турларининг калла-почалари, балиқ, парранда, сувда сузадиган қушлар тухуми ва гўшти, холодец, гўшт бўлагидан тайёрланган маҳсулотлар, калла гўшти рулетлари, ўпка-жигарли ва қондан қилинган колбасалар, қўлбола қатиқ, квас, қизитилган ёғда пиширилган маҳсулотлар, сирка, хантал, ерқалампир, ўткир қалампир (қизил, қора) ва бошқа ўткир зираворлар, кофе, тетиклантирувчи ва қувватни оширувчи ичимликлар, алкогол, сақич ҳамда бир кун олдин тайёрланган овқатларни сотиш ман қилинади. Рўйхат билан танишиб, уларнинг нега тақиқланганлигини анг­лаш унчалик қийин эмас.
Афсуски, айрим мактабларда майонез, кетчуп ва орасига сабзавотлар солинган нон маҳсулотлари, торт ва пишириқлар, турли рангли бўёқлар билан бойитилган ичимликлар ва бошқа тақиқланган маҳсулотлар сотилишига йўл қўйил­моқда. Айниқса, мактаблар яқинидаги қонуний ва ноқонуний савдо шохобчаларида бундай олди-сотди авжида. Уларни назорат қилиш фақат ДСЭНМнинг ёки таълим муассасаси раҳбарларининг вазифаси деб ҳисоблаш ҳам нотўғри. Жамоат ташкилотлари, ота-она ва ўқитувчилар, умуман ўз тақдирини юрт тақдири билан боғлиқ, деб ҳисобловчи ҳар бир шахс бу жараёнга бефарқ қарамаслиги лозим.
Маълумки, умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг овқатланишини ташкил қилиш юридик шахс мақомига эга бўлган тадбиркорлик субъект­лари, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда таълим муассасаси томонидан ташкил этилади. Бундай фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлар қатор имтиёзларга эга. Хусусан, улар бинони «нол» қийматда ижарага олишади. Ўз бизнесини йўлга қўйиш ниятида бўлган тадбиркорлар буларни инобатга олса, Хоразм вилоятида ушбу йўналишда камида юзлаб янги иш ўринлари яратилган, қолаверса, 350 дан зиёд мактабнинг минглаб ўқувчилари ўз вақтида овқатланиш имконига эга бўларди.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА

Бошқа хабарлар