«Севги изтироби» экранга қайтадими?

370

«Ishonch» газетасининг ўтган йили 2 ноябрдаги сонида ­эълон қилинган «Қора муҳаббат ўзбекларга керакми?» сарлавҳали мақолада сериалларнинг ёшлар тарбиясига таъсири тўғрисида сўз юритилганди. Яқинда бухоролик муштарийларимиздан бири Икромжон Каримов таҳририятга қўнғироқ қилиб, мақола юзасидан ­фикрини билдирди. Унинг таъкидлашича, севги мавзусидаги хорижий сериаллар, айниқса, «Севги изтироби» ёшлар ахлоқига салбий таъсир қилмоқда.

­— Шу сериал бошланганида телевизорни бош­­қа каналга олганим учун ­оиламдагилар билан аразлашиб ҳам қолдим, — дейди у. — Бировнинг хотинига кўз олайтираётган йигит, ўз эри қолиб, бошқа йигитнинг ортидан чопаётган аёлнинг шаҳвоний кечинмаларининг бизга нима кераги бор? Бу лавҳаларни кўргач, ёшлар онгига «муҳаббат шунақа бўларкан» деган фикр сингиб қолмайдими? Маҳаллада ҳар куни шу мавзу муҳокама бўлади. Кўпчилик ушбу сериалнинг намойиш қилинишига қарши. Шу мақола чоп этилгач, телевидениега қўнғироқ қилиб: «Ўрнига тарихий ёки менталитетимизга мосроқ бошқа филм намойиш қилинса бўлмайдими?», деган саволни қўйдим. Аммо натижаси бўлмади. Яхшики, яқинда хушхабар тарқалди. Энди ўзбекларга «Севги изтироби»даги шармандалик тарғиб қилинмас экан. Бироқ интернет сайтларидан бирида телеканал ходими сериални экранга қайтарилишига умид қилишини айтган. Боиси, уни сотиб олишга катта маблағ сарфланган экан. Қизиқ, қайсидир ТВ канал моддий зарар кўрмаслиги учун ёшларимиз тарбиясига кўз юмишимиз керакми? Сизлардан респуб­ликамизда кўзга кўринган оммавий ахборот воситаси вакиллари сифатида мазкур сериал, умуман, ёшларимиз ахлоқига салбий таъсир қилувчи шу каби «маҳсулотлар» кенг оммага намойиш этилишига имкон даражасида қаршилик қилишингизни сўрайман…
Мавзуга муштарийнинг куюнчаклиги сабаб қайтдик.

НИҲОННИНГ ПАЛТОСИ

Ёшларимизнинг филм қаҳрамонларининг кийиниш услубидан андоза олаётгани ҳақиқат. Очиқ-сочиқ либослар, турфа рангга бўялган сочлар борган сари урф бўлмоқда. Бу мавзуда газеталар, сайт­лар, турли ташкилотлар вакиллари, ҳатто қўшиқчилар ҳам «панднома»лар битди. «Янги, демократик жамият, нима қилибди? Хоҳлаган кийимини кийиб юраверсин. Сочини истаганича турмакласин. Бу — тараққиёт белгиси», дейдиганлар топилди.
Ҳатто бозор расталарида сериал қаҳрамонлари номи билан аталувчи ­кийим-кечаклар пайдо бўлди. Қизиғи, ҳатто ичкийимларга ҳам сериал қаҳрамонларининг исмини қўйиш одатга айланди. Ёшларимиз ҳам ушбу матоларга ишқибоз бўлишяпти. Яқинда бир дугонам келинлик сарпосига «Ниҳоннинг палтоси»ни қўшиш учун бозорга кетаётганига гувоҳ бўлдим. Одатда сарпога яхши ният билан нарсалар харид қилинарди. Филм қаҳрамони Ниҳонни эса яхши келин ­дейишга тил айланмайди.

ТАТУИРОВКА

Муқаддас динимизда инсон баданига сурат чизиш катта гуноҳ саналади. Аммо, мазкур сериал чиқди-ю, яна бир соҳа вакилларининг бозори чопди. Бу баданга расм чизувчи — «татуировкачилар»дир. Сериалда гўёки абадий севги рамзи сифатида талқин этиладиган чексизлик белгиси бор. Филмнинг бош қаҳрамонлари Камол ва Ниҳон билакларига ана шу «рамз»ни чиздиришади. Ҳозир филм ишқибози бўлган ёшлар орасида баданига игна билан ёздириш урф бўлиб боряпти. Сурат буюртмачининг талабига кўра хоҳлаган рангда тушириб берилмоқда.

СЎРОВНОМА

Facebook ижтимоий тармоғидаги гуруҳлардан бири қизиқ сўровнома ўтказди. «Севги изтироби» сериали эфирдан олиб ташлансинми ёки йўқ?» дейилган сўровнома кўпчиликнинг эътиборини тортди. Натижада, аксарият эркакларнинг ­филмни тарбияга салбий таъсир кўрсатувчи омил сифатида билиши, баъзи аёллар эса ҳар доимгидек сериални севиб томоша қилаётганлари маълум бўлди. Умумий ҳисобда катта фарқ билан «сериал ўзбек аудиториясига тўғри келмайди» дегувчилар ғолиб келди. Изоҳларда филмни киноя билан «Атала севда», «Кўп отали оила», «Ниҳоннинг икки эри», «Эр талашган опа-сингиллар» ва ҳоказо номларда аташди.
Эътибор берсангиз, бу номлар сериал сюжети билан уйқаш. Масалан, унда ёши катта икки эркак бир аёлни талашишади. Сингил ўз опасининг тўйи куни поччасини йўлдан уради. Тўйни бузиб, унга турмушга чиқади. Бошқа бир аёл бегона эркакни деб турмуш ўртоғининг ўлимига, акасининг қамоққа олинишига сабаб бўлади. Яна бири эса ўз эри қолиб бошқа йигитни кечалари билан «туш» кўриб чиқади. Ундан ҳомиладор ҳам бўлиб олади. Эр эса хотинининг жазманини ўлдириш учун одам ёллайди. Ачинарлиси, сериалда улар севгиси учун курашаётган, изтироб чекаётган инсонлар сифатида тасвирланади. Томошабинда, айниқса, ёшларда ижобий фикр уйғотишга, «ошиқ-маъшуқ»ларга ҳамдардлик туйғусини вужудга келтиришга ҳаракат қилинади. Ўйлаб кўринг, бундай ҳамдардлик, «шунақа яшаса ҳам бўларкан» деган тушунча эртага қандай натижаларга олиб келаркин?
Шу ўринда сериални дубляж қилиш жараёнида иштирок этган актёрларга оддий фуқаролар томонидан интернет тармоқларида очиқдан-очиқ таҳдидлар бўлаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Демак, филм юртдошларимизнинг қаттиқ ҳамиятига тегмоқда.

СОТИБ ОЛУВЧИЛАР

Ижтимоий тармоқларда кўпчилик нега ушбу сериал фалон пулга сотиб олингани тўғрисида сўраган. Турк киноижодкорлари бисотида тарбиявий аҳамиятга эга, менталитетимизга мос кўплаб филмлар бўлгани ҳолда, нега бундай йўл тутишганидан таажжубланишган. Айниқса, «Кўсем» сериали, «Чолиқуши» романининг сериал тарзда қайта саҳналаштирилгани мақталган. Ўзимизда ҳам тарихий мавзуда шу каби филмлар суратга олишни тавсия қилиб, «Севги изтироби» сериалини эфирга узатаётганларнинг миллат маънавиятига зарар етказишда айблашган. Ҳа, бундай қарашга қўшилмай иложингиз йўқ.
Шу ўринда ахлоқсизликни тарғиб қилувчи филмлар, сериаллар, умуман, турли материалларни юртимизга олиб кирувчиларга томошабинлар орасида фарзанд­лари ҳам борлигини эслатган бўлардик.

Шоҳсанам Мирзаолимова,
журналист

Бошқа хабарлар