Юан доллар ўрнини эгаллай оладими?

719

Охирги йилларда АҚШ доллари қийматининг бошқа давлат валюталарига нисбатан бир неча баробар ошиб бориши кўпчиликни хавотирга солиб қўйди. Ушбу мавзу нафақат ҳамюртларимиз, балки дунё халқлари орасида турли мунозараларга сабаб бўлмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда мутахассисларнинг шу масалага оид фикрларини ўрганиб чиқишга ҳаракат қилдик.

Интернет тармоқлари орқали халқаро доирадаги малакали иқтисодчилар, турли соҳа мутахассислари тез орада долларнинг етакчилик мавқеига якун ясалиши ҳақидаги тахминларини ўртага ташлашмоқда. Айтишларича, Хитой иқтисодий ўсиш жиҳатидан аллақачон Американи ортда қолдириб улгурган.
Шу ўринда АҚШ долларининг қачондан етакчилик мақомига эришганига аниқлик киритиб ўтсак. Америка XX асрда бўлиб ўтган урушлар, айниқса, иккинчи жаҳон уруши даврида турли қурол-аслаҳаларини сотиш эвазига энг бой давлатга айланган.
Барчага яхши маълумки, ўша вақтга қадар дунё валюталари ўртасида етакчилик шоҳсупаси Буюк Британиянинг фунтига тегишли бўлган. Манбаларга қараганда, Англия 1913 йилда ҳарбий базасини Яқин Шарқ ҳудудига олиб кириши билан иқтисоди заифлаша бошлаган. Бунга тарихий масканнинг ўзига хос сир-синоатлари сабаб бўлганми ёки шунчаки тасодифми, Англия давлати раҳбарлари узоқ ўйлаб ўтирмасдан қуролли кучларини ушбу заминдан зудлик билан олиб чиқиб кетишади. Шунга қарамай, Буюк Британиянинг иқтисоди йил сайин ожизлашиб бораверган. Натижада, 1944 йилда қарзга ботган Англиянинг миллий валютаси ўз ўрнини АҚШ долларига бўшатиб беради.
Солиштириб кўрадиган бўлсак, орадан 100 йил ўтиб Америка Англиянинг ушбу хатосини такрорлади. 2013 йилда АҚШ ҳарбий кучларини айнан Яқин Шарқ ҳудудига олиб кириши билан иқтисодида жиддий эврилишлар кузатила бошлаган. Маълумотларга кўра, бугунги кунга қадар Американинг давлат қарзи 20 трлн. доллардан ошиб кетган.
Давлат қарзи деганда, аввало, унинг бошқа давлатлардан қарз эканлигини инобатга олиш зарур. Қарздорлигининг энг катта қисми эса Хитойга тегишли бўлиб, жами 1,177 трлн. долларни ташкил этади. Япониядан 1,084 трлн., Ирландия­дан 328,7 млрд. доллар, хуллас қарз берган давлатлар рўйхатини яна давом эттириш мумкин. Халқаро молиявий экспертлар бундай қарздорликдан кейин дунёда энг катта иқтисодий инқироз юз бериши, яъни «доллар пуфаги» ёрилишини башорат қилишмоқда. Бундай инқироз рўй берган тақдирда эса АҚШнинг дунёдаги гегемонлик шоҳсупасини Россия, Хитой каби бир неча давлатлар эгаллаши мумкинлиги ҳам тахмин қилинаяпти.
1 трлн. доллардан ошиқ захира жамғармаси бўлган Хитойнинг иқтисоди тегишли халқаро ташкилотлар томонидан юқори баҳоланаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, салкам 20 трлн. 500 млрд. долларлик қарз ҳатто Америкадек қудратли давлат учун ҳам катта муаммо эканлигини тушуниш қийин эмас.
Демак, Англиянинг инқирози 1913 йилда бош­ланган бўлиб, орадан 31 йил ўтиб гегемонлик мавқеи АҚШга бой берилган. Шундай экан, Хитой юанининг етакчи ўринни эгаллаши учун ҳам шунча вақт керак бўлади, деган хулосага келиш мумкинми?..
Албатта, булар башоратчи ва фаразчиларнинг тахминлари. Ҳаётда нималар бўлмайди дейсиз… Яна ким билади дейсиз…

Дилором АЛЛАҚУЛОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар