Жиловсиз офат

471

«Ер қаттиқ силкинди, сониялар йилларга чўзилгандек туюлди. Чунки ер қаъридан гумбурлаган садо келар, одамларнинг дод-войи, қулаётган уйларнинг қасирлаши, итларнинг увиллаши одамни даҳшатга солар, тунги кўйлакда кўчага югуриб чиққанимча ҳануз нима бўлаётганини англамай, ­қаерга қочишни билмай, ҳовлидаги қалин қайрағочга ёпишганча қўрқувдан дағ-дағ титрар эдим…»

1966 йил 26 апрел куни Тошкентдаги 8 балли, магнитудаси 5,3 га тенг зилзиланинг гувоҳи бўлган З.Саидованинг ҳикояси табиий офат даҳшатини ҳис қилишга ёрдам беради. Ер атиги 8 сония қимирлаган бўлса-да, пойтахтимизни деярли ер билан яксон қилди. Инсоният тарихида бундай вайронкор зилзилаларни юзлаб санаб ўтиш мумкин.
Бугунги кун юртимизда зилзилаларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, аҳолида табиий офат пайти тўғри ҳаракатланиш бўйича кўникмасини шакллантириш бўйича А.Г.Мавлонов номидаги Сейсмология илмий-тадқиқот институти, шунингдек, Зилзила симуляция маркази фаолият олиб бормоқда.
— Марказимиз 2011 йилда мажмуа шаклида ташкил этилган бўлиб, музей, симуляция хонаси, тиббиёт пунктларини ўз ичига олади, — дейди марказ директори Фарҳод Хонов. — Бу ерда ҳар йили жадвал асосида барча ташкилот, корхоналар, шунингдек, ўқув муассасаларнинг раҳбарлари қайта тайёргарликдан ўтиб, билимларини оширади. Музейда қадимда инсонларнинг зилзила ҳақидаги илк тасаввурлари акс этган изоҳли суратлар, турли сейсмографик ускуналар, улуғ бобокалонларимиз Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Заҳириддин Муҳаммад Бобурларнинг изланишларини ифодаловчи кўргазмалар, зилзила оқибатлари тўғрисидаги макетларни кўриш мумкин.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг 52 фоиз ҳудудида 7 ва ун­­дан юқори балли зилзила хавфи мавжуд. Сейсмик жиҳатдан хавфли ҳудудларда 330 дан ортиқ аҳоли пунктлари, шу жумладан, 120 та шаҳар жойлашган. Муаммонинг олдини олиш мақсадида қатор илмий изланишлар олиб бориляпти.
Музейда турли хил кўринишдаги, аммо моҳияти бир бўлган асбоблар эътиборимизни тортди. Фарҳод Хоновнинг айтишича, булар сейсмографлар экан. Биринчи сейсмоскоп, яъни зилзила эпицентри марказини кўрсатувчи қурилма хитойлик Чжан Хэн томонидан 132 йили ясалган. Кейинчалик фан-техниканинг ривожи кичик частотали ер қимирлашларни ҳам қайд қиладиган асбобларни ясаш имконини берди.
Зилзила интенсивлигини ўлчаш учун магнитуда шкаласи (Рихтер шкаласи) қўлланилади. Унинг бир нечта тури мавжуд. Рихтер шкаласи 1935 йили америкалик сейсмолог Чарльз Рихтер (1900 1985) томонидан таклиф этилган.
Марказнинг экспозиция залида эса биноларни қуришда ­эътиборга олиниши лозим бўлган ҳолатлар кўрсатилган.
— Зилзилани қисман олдиндан башорат қилиш усули ўзбек олими Абдуллаев томонидан ишлаб чиқилиб, айни пайт­­да бутун дунёда қўлланиб келинмоқда, — дейди институтнинг катта ўқитувчиси Лилия Галимова. — Аксарият ҳолатларда кўпгина зилзилалар вайронагарчиликка сабаб бўлиб қолмай, иккиламчи оқибатларни келтириб чиқаради. Масалан, 1984 йилда Ҳисордаги зилзила ер кўчишини, 1906 йилда Сан-Францискодаги ер қимирлаши цунамини, 1911 йилда Тожикистонда ер қимирлаши Сарез кўлининг пайдо бўлишига олиб келди. Фукусимадаги зилзила натижасида атом электростанциясида юзага келган вайронагарчилик радиациянинг тарқалишига сабаб бўлган. Кўп ҳолатларда биноларнинг нотўғри эксплуатацияси ҳам уларнинг зилзила оқибатида қулашига олиб келади. Кўп қаватли уйларда архитектура талаб­ларига зид равишда таъмирлаш ишларини олиб бориш, хоналарнинг деворларини олиб ташлаш, балконлардаги тиргакларни бузиш кабилар бинонинг умумий чидамлилигига жиддий зарар етказади.
Симуляция хонасида эса барча қизиқувчилар жиҳозланган махсус хонага киритилиб, компютер ёрдамида 7-9 балли зилзила юзага келтирилади ва тўғри ҳаракатланиш қоидалари тушунтирилади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, зилзила содир бўлганда иложи борича хонадаги юмшоқ буюмлар (ёстиқ, кўрпа)ни олиб, хонанинг ички бурчакларида улар билан бошни беркитган ҳолда чўккалаб туриш, устингизга қулаб кетиши мумкин бўлган шкафлардан қочиш, столнинг тагига кириб оёқ-қўлларни йиғиштирган ҳолда ётиш, девор кесакасига туриш, ҳовлида бўлса, ташқарига, хавфсиз жойга қочиб чиқиш зарур. Асло кўп қаватли уйларда зиналар, лифтларга чиқмаслик, дераза олдига бормаслик, хонадаги чироқни иложи борича ер силкина бошланиши билан ўчириш лозим.
Бугунги кунда зилзилалар мониторинги дунёнинг деярли барча мамлакатларида олиб борилади. АҚШнинг Зилзилалар миллий ахборот маркази (NEIC), Швейцария сейсмология хизмати (SED), Европа-Ўрта ер денгизи сейсмологик маркази, Тинч океани сейсмология тармоғи она еримизнинг ҳар бир нуқтасидаги ерости ўзгаришларини қайд қилиб, мониторингини олиб борса-да, ер силкинишини бир неча кун олдин кўра билишга ҳозирча бирор-бир мамлакат эриша олгани йўқ.

Наргис ҚОСИМОВА

Бошқа хабарлар