«Чой пули»

784

Ҳаётда шундай воқеалар бўладики, бутун умрингни остин-устун қилиб юбориши ҳеч гапмас. Билиб-билмай хатоликка йўл қўйган Шаҳбоз Акбаров ҳам ўзига, ҳам жамоасига бир олам ғалва сотиб олди.

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтини банк иши мутахассислиги бўйича тамомлаган Шаҳбоз Акбаров қарийб бир йилча ўзига муносиб иш қидирди. Ниҳоят, 2017 йилнинг 1 июлида АТ Халқ банки Пастдарғом филиалининг пенсия ва нафақа тарқатиш бўйи­­ча сайёр кассасига бухгалтер-назоратчи бўлиб ишга қабул қилинди. Енг шимариб ишлашга, ўзини кўрсатишига бундан яхши имконият борми. Аммо бундай бўлмади…
Туман 4-сайёр касса назоратчи-бухгалтери Шаҳбоз Акбаров, кассир Наврўз Омонов 2017 йил 8 август куни «Ўрта Чархин» маҳалласида яшовчи пенсионерларга пенсия тарқатади. Шу чоғда АТ Халқ банкининг Самарқанд вилоят филиали мутасаддиларидан иборат текширувчилар пенсия тарқатилиши устидан назорат-кузатув ўтказишади. Ўрганиш жараёнида пенсионер Абдулла Умаровнинг 762 минг 855 сўм пенсия пулидан 5000 минг сўм олиб қолинганлиги аниқланади. Назоратчи-бухгалтер ва кассирнинг: «Оқсоқолнинг ўзи чой пули қиласизлар», дея ташлаб кетди», деган важлари инобатга олинмайди. Ушбу ҳолат АТ Халқ банки Самарқанд вилоят филиали бошқарувининг 2017 йил 9 августдаги кенгайтирилган йиғилишида кўриб чиқилади. Очиғини айтганда, мазкур йиғилишда бошқа камчиликлар ҳам очиб ташланади. Бир қатор назоратчи-бухгалтер ва кассирлар ишдан олинади. Шу қатори йиғилиш қарори асосида Шаҳбоз Акбаров билан тузилган меҳнат шартномаси ҳам бекор қилиниши тавсия қилинади.
Халқимизда «Шошган ўрдак ҳам боши, ҳам думи билан шўнғийди» деган нақл бор. Танқидий таҳлиллар асосида ўтган йиғилишдан қаттиқ таъсирланган АТ Халқ банки Пастдарғом туман филиали бошлиғи А.Юсупов ўйламасдан, қонунга зид равишда иккита ҳужжатни имзолаб юборади. Шу хатолик бугун бир қанча беҳаловатлик ва «ёз-чиз»ларга сабаб бўлмоқда. Яъни, 9 август куни АТ Халқ банки Пастдарғом туман филиали раҳбариятининг Шаҳбоз Акбаровга ишдан бўшатилиши тўғрисидаги огоҳлантириш хати, ундан кейин ишдан бўшатилганлик тўғрисидаги буйруғи чиқарилган.
Шундан сўнг Ш. Акбаров қатор идораларга шикоят билан мурожаат қилади. У АТ Халқ банки вилоят бошқармаси тавсияси билан Самарқанд шаҳридаги АТ Халқ банки Боғишамол филиалига бир ой қатнаб ишлаганлиги, аммо буйруқ чиқмагач, ишга бормай қўйганлигини айтади.
Ўтган йилнинг 2 октябрида Самарқанд вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгашига ҳам мурожаат қилган. Бирлашма юридик бўлими томонидан шикоят аризаси ўрганилиб, қонун бузилишини бартараф этиш юзасидан АТ Халқ банки Пастдарғом туман филиалига тақдимнома киритилган. Бироқ жамоат ташкилоти талаблари ҳануз инобатга олинмаяпти.
— Халқ банки филиали бош­лиғининг 2017 йил 9 августдаги 53-сонли буйруғи Меҳнат кодексининг 102-моддаси 5-қисмида назарда тутилган талабларга зид равишда чиқарилган, деб ҳособлаймиз. — дейди бирлашма кенгаши етакчи юристконсулти Абдунаби Турсунов. — Шаҳбоз Акбаровга тақдим этилган огоҳлантириш хати билан ходимни ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ битта сана билан расмийлаштирилган. Ваҳоланки, меҳнат қонунчилигида бу икки ҳужжат оралиғидаги муддат камида уч кун бўлиши тақозо этилади.
Шошганда кўз шом кўрар, дея бежиз айтилмайди. АТ Халқ банки Пастдарғом туман филиали раҳбарияти 9 август кунги мажлисдан қаттиқ таъсирланганига ҳеч шубҳа йўқ. Тўғри, Шаҳбоз Акбаров ҳам оппоқ эмас. Аммо бу қонун доирасидан четлашиш мумкинлигини англатмайди. Тан олиш керак, меҳнатга доир низоларнинг аксарияти раҳбарларнинг меҳнат қонунчилигига риоя этмаслиги оқибатида юзага келмоқда. Бу эса қанчадан қанча идора вакилларига ортиқча оворагарчиликлар туғдирмоқда.
Юқоридаги баҳсли ҳолатга касаба уюшмалари ҳам бефарқ қараб тургани йўқ. 2017 йил 25 октябрда Шаҳбоз Акбаровни ишга тиклаш ҳамда мажбурий юрган прогул кунлари учун иш ҳақларини ундириб беришни кўзлаб Фуқаролик ишлари бўйича Пастдарғом туман судига даъво аризаси киритилган. Мана, уч ойдан ортиқ муддат ўтдики, Фуқаролик ишлари бўйича суд лом-мим дегани йўқ. Буни қандай баҳолаш мумкин?

Нурилла ШАМСИЕВ

Бошқа хабарлар