Шоирнинг байроғи — юрагида

377

Азим Суюн ҳақида гап кетганда, «адабиётга тоғ ва тоғликларни танитган ­шоир»дея таъриф беришади. Чиндан ҳам Азим ака қаерда бўлишидан қатъи назар қалби табиат билан чамбарчас боғланганини, ўзи туғилиб ўсган маъсум гўшалар шоирнинг ўктамлиги, мардлиги ва «катта кетиши»га боис бўлаётганини англаб турасиз.

Бир қараганингда Ватан фидойиси, иккинчи қараганингда севги-муҳаббатни иштиёқ билан тараннум этаётган лирик шоир, «Эй, дўст…»ни ўқисанг, умр сарҳадларининг бир қисмидан сакраб ўтиб ҳар кимга ақл ўргата оладиган донишманд қиёфасини кўрасан.
Хуллас, Азим Суюн шахсияти ва ижодига таъриф беришда бир ёқлама ёндашиш тўғри бўлмайди.
«Менинг осмоним»нашр этилганда, у Нурота тоғлари ва дараларида анча муддат тинимсиз акс садо берган. Акамнинг синфдоши, геология-қидирув экспедициясида ҳайдовчилик қилаётган Тоҳир ака Исломов уйланганда тўйига Тошкентдан талаба дўстлари келишган. «СамПИ»да ўқиётган Убайдулла Ўсаровга сўз берилганда, у тўй бу ёқда қолиб, ёнимиздаги Накурт қишлоғидан чиққан Азим Суюн деган шоирнинг биринчи китоби нашр этилгани, унда қандай шеърлар босилганини таърифлай туриб 5-6 та шеърни қаторасига ўқиб ташлаган. Келин-куёв четга сурилиб, ҳамма китобга талпина бошлаган. Адабиётга ­бошқачароқ ташналик бормиди ё гавда кичкина эмаслиги қўл келдими, талабага «тоға-тоға»деяверишим хуш ёқдими, улоқ каминада кетди.
Қўйилган талабга кўра китобчани мен эрталаб мактабга, адабиёт ўқитувчиси Омон акага етказишим керак эди. Не тонгки, ҳали бу ёқда юмуш кўп, тўйда тер тўкиб хизмат қилишим, ўчоқ бошида керак бўлса эрталабгача гўлахликни бажаришим зарур эди. Гулхан ёруғига тутиб кўрсам, китобча шўрлик бизгачаям не-не заҳматкаш қўлларни кўрган сиёғи, ҳар бетида камида иккита елим ямоқ, хамир ямоқ бўлиб, баъзилари шеърларни тўсиб ҳам қўйган эди. Ошпаз уста Қобилга китобни ўқиб бериш асноси шеърларнинг аксариятини ёдлаб олибман: тонг ёғдусида уларни бошқа дафтарга кўчириб олишда сира қийналмадим. Шоирнинг сурати ҳам ишқаланавериб оқариб, дўнгқовоқ, кокилдор, келишган йигит экани аранг билиниб турарди.
Акам билан шеърларни бирваракайига ёдладик. Мен биринчи сатрни айтсам, акам иккинчисини баландроқ пардада айтар, учинчи мисрага келганда мен ундан-да қаттиқ товушда қичқирардим.
«Кунбеткай ёқларда хўп эриди қор…»
Худди дунёнинг бирор ерида бу каби адир, дўнг, қир, тоғ кунбеткай йўқдай, шоир шу уйимиз устидаги катта қирни тасвирлаётгандай ўзимизча кўкрак кериб қўяр эдик.
Мактабдалигимда шоирнинг яна «Зарб», «Замин тақдири» номли китоблари чиқди. «Биринчи осмоним»даги каби ҳаммаёқни тўполон қилиб ташламаган бўлсак ҳам, ҳар қалай довруқ солганимизу ҳаяжонланганимиз бугунгидай ёдимда турибди.
Лекин бор гап шуки, камина ҳам, гарчи мактабда бошқа фанлардан-да аълога ўқиб, оқибат 1981 йилда уни олтин медалга тамомлаб, ­амакимнинг: «Нима қиласан шоирликни, косанг оқармайди, Самарқандда докторликка ўқийсан, жўрам у ерда доцент, сал нарсага киритиб қўяди», дейишига қарамай, аттестатни олган заҳоти Тошкентга учганман. На бўлғай, ўқишга кирганман. Қишлоққа қайтаётиб биринчи кўришганим ҳам амаким бўлган. Ўқишга ўтганимни эшитиб чандон хурсанд бўлиб бағрига босган, табриклаган ва мотоциклига мингаштириб уйга оборган, отамга «жўрналис болангизнинг ўқишини жувиш керак энди, ака», деб суюнчи олган ҳам шу амаким бўлади.
Тўртинчи курсда бўлса керак, дўстим, шоир Муҳаммад Исмоил билан Азим аканинг Юнусободдаги икки хонали уйига йўқлаб борганмиз. Унгача танишган эдикми — Ёзувчилар уюшмасининг бирор йиғилишида ё биринчи марта уйи­­да танишдикми, лекин ҳар қалай ўша куниёқ туғишган биродарлардай бўлиб қолганимиз эсимда. Ўша тун халқ оғзаки ижодининг афзалликлари, уни пухта ўзлаштириш ҳақида қизғин гурунг бўлди. Азим акани адабиётимизнинг пешқадам шоирларидан бири эканини уқдик. Адабиёт газетамизда А.Суюн билан М.Исмоилнинг халқ оғзаки ижоди катта адабий мерос экани ҳақида суҳбати ҳам босилиб чиққан.
Ўқишдан сўнг бир қур дўстлар тўнни елкага илиб Тошкент кўчаларида тентирадик. Назар Эшонқул, Муҳаммад Исмоил, Ҳошимжон Мирзааҳмедов (гўри нурга тўлсин), Комилжон Жумаев, Шуҳрат Умиров, Шавкат Ибрагимов — кўпчилик эдик. Ҳамма қайсидир маънода адабиётда, журналистикада, илмда ўрнини топди. Аммо ҳали-ҳамон изланишда.
Бугун ўйласам, Азим ака биздан ўн олти ёш катта экан. Майли-ку, ижодда бир минг олти юз қадам илгарида. Бу асарларни ётиб олиб бир ой — бир йил йилда яратиб кўринг-чи! Азим акага ўхшаб жаҳонгашталик қилинг, дунёни кезинг, Бойсун, Зомин, Нурота тоғларини пою пиёда кезиб чиқинг, қайтиб келиб юмшоқ креслога ўтиринг, тансиқ таомлар келтиришсин, чарчасангиз хобхонага кириб мизғиб олинг, қайтиб чиқиб яна ёзинг.
Қани кўрайлик, Азим Суюн бўла олармикансиз?! Азим Суюндай ҳайқира олармикансиз?! Йў-ўқ, қийин масала…
«Туртган билан тубида бўлмаса қийин»деган гап бор.
Азим Суюннинг тубида бор дейман.
Азим аканинг содда-дўлворлиги, баъзи мавзуларда анча ишонувчанлиги бир хилларга ҳазилга йўл очади, баъзилар байроқни ундан аввалроқ олганига маст, орқасига беписандроқ қарайди. Йўқ, дўстим, орқага эмас, олдинга қарайвер, Азим Суюн олдинда, ҳув ўша ўлмас қоялар ярқираб турган чўққилар томонда.
Бургутлар, сорлар билан тиллашади, кўкайи­­да дониш қўшиқлар айтади. Кўксида чўнг ҳикматлар ястаниб ётади…
Бу — кечаги, бугунги ва эртанги Азим Суюн!

Собир ЎНАР

Бошқа хабарлар