Энди ҳужжатлар ҳаракатланади

833

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида аҳоли манфаати ва ҳақ-ҳуқуқлари асосий мезон сифатида белгилаб олинган. Эндиликда халқ оғирини енгил қилиш, фуқароларга қулайлик яратиш ва шаффофликни таъминлашда давлат хизматлари кўрсатишнинг янги тизими жорий қилиниши мамлакат ҳаёти учун ўта муҳим аҳамият касб этади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Респуб­ликаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигига бағишланган тадбирдаги нутқида: «Давлат органларининг кундалик фаолиятида инсон ҳуқуқ ва эркинлик­лари устуворлигига оид конституциявий тамойил сўзсиз таъминланиши шарт. «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» деган принцип барча бўғиндаги раҳбарлар фаолиятида асосий қоидага айланиши керак», деган гаплари бу борадаги жараённинг халқ учун нақадар зарур ва аҳамиятли эканини кўрсатиб берди.

2003 йилдан буён тадбиркорлик субъектларини «Ягона дарча» тамойили асосида рўйхатдан ўтказиш шаҳар ва туман ҳокимлик­лари ҳузуридаги махсус инспекциялар томонидан амалга ошириб келинган. 2016 йилдан улар негизида давлат хизматлари кўрсатиш марказлари фаолият олиб борган бўлса-да, кейинчалик соҳа фаолияти халқнинг талаб ва эҳтиёжлари учун етарли эмаслиги маълум бўлди.
Ушбу эҳтиёж инобатга олиниб, ўтган йилнинг 12 декабрида ­Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ килиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди ва ушбу Фармон асосида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди. Мазкур тузилма амалда ўзининг самарасини кўрсатиб, халқимиз ишончини қозонган Халқ қабулхоналари негизида яратилгани, айниқса, эътиборга молиқдир.
Фармон моҳиятини тарғиб қилиш бўйича Ўзбекис­тон ­Республикаси Президенти Девонининг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати Халқ ­қабулхоналари, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги томонидан республикамизнинг барча ҳудудларида кенг қамровли тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, асосий эътибор давлат идоралари олдида ­навбатда туришларни кескин камайтириш, сансалорлик­ларга барҳам бериш, халқнинг давлат идораларидан рози бўлишига қаратилди. Масалан, ­ҳаётда ҳар биримиз дуч келадиган жараёнлар — никоҳни қайд этиш, фарзанднинг дунёга келиши, болаларни мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш, улар билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш каби ишлар эндиликда Давлат хизматлари кўрсатиш марказлари орқали амалга оширилади. Бу эса одамларимиз учун ортиқча сарф-харажатларни қисқартириш билан бирга, вақтни тежаш имконини ҳам беради.
— Давлат хизматлари марказларида аҳолига замон талабларига мос равишда ва инновацион технологиялар асосида 37 турдаги хизматлар кўрсатилмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бошлиғи Севара Зокирова. — Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб улар сони 50 тадан ортади ҳамда давлат хизматлари юридик шахс­лар билан бир қаторда жисмоний шахсларга ҳам кўрсатилиши йўлга қўйилади. Бу борадаги ишлар «Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади» тамойили асосида ташкил этилади.
Давлат хизматлари кўрсатиш тизимига инновацион технология­ларнинг жорий этилиши тезкорлик, очиқлик ва юқори сифатни таъминлаб, аҳолининг улардан фойдаланиш имкониятини оширади. Кўрсатилаётган хизматларнинг узлуксизлиги ва сифатини кузатиб бориш мақсадида масофадан туриб видеокузатув тизими жорий этилади.
Бундан ташқари, давлат хизматларини алоқа воситаларидаги мобил иловалар кўмагида кўрсатиш имконияти яратилади. Бу орқали аҳоли билан қайта алоқанинг самарали воситалари амалда қўлланилади.
Компютер ускуналари ёки интернет тармоғидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган фуқароларга давлат хизматлари тақдим этиш учун замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларидаги давлат хизматлари марказлари махсус инфокиосклар билан таъминланади.
Олис ҳудудлардаги аҳолига енгилликлар яратиш мақсадида тасдиқланган жадваллар асосида мобил давлат хизматлари ташкил этилади. Яъни, барча зарур техникаларни ўзида мужассам этган махсус автотранспорт воситалари жойларга бориб, «Ўзиюрар» давлат хизматларини кўрсатади.
— Давлат хизматлари кўрсатишни, аввало, мамлакатимизнинг энг олис ҳудудларидан бошладик. Негаки, чекка қиш­лоқларда истиқомат қилувчи фуқаролар марказдагиларга нисбатан давлат кўмаги ва эътиборига муҳтож бўлишади, — дейди Севара Зокирова. — Шу боисдан дастлабки давлат хизматлари кўрсатиш жорий йилнинг 27 январида Наманган вилоятининг чекка, Тожикистон чегарасига ёндош ҳудудида жойлашган қишлоқ ва маҳаллалардан бошланган бўлса, ҳозирга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм ва бош­­қа вилоятларда ҳам кенг кўламда амалга оширилмоқда. Жумладан, Хоразм вилоятининг чекка ­Тупроққалъа, Манақ ва Чинобод қишлоқларида аҳолига ана шундай хизматлар кўрсатилиб, хусусан, Тупроққалъа ­қишлоғида яшовчи 25 та кам таъминланган оила учун хайрия тадбирлари ҳам ташкил этилди.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Жорий йилнинг бошидан буён биргина Тошкент шаҳрининг ­Миробод туманида 545 та юридик ва жисмоний шахсга давлат хизматлари кўрсатилган.
— Уч-тўрт йил олдин аҳолига бу даражада хизмат кўрсатилиши ҳатто хаёлимизга ҳам келмаганди. Давлат хизматлари кўрсатиш марказида зумда иши ҳал бўлаётган фуқароларнинг қувончи ва бизга билдираётган миннатдорлигидан бошимиз осмонда, — дейди Миробод туман ҳокимлиги ҳузуридаги давлат хизматлари кўрсатиш ягона маркази директори Диёр Обидов. — Юртимизнинг барча ҳудудларида бундай марказларнинг ташкил этилаётгани яна бир карра халқ мушкулини енгил қилмоқда. Дастлаб жойларга чиқиб аҳолига тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб борганимизда фуқароларнинг таажжубланишига ҳам гувоҳ бўлдик. Аммо берилган тушунчалардан сўнг уларнинг юзида қувонч балқиди.
— Тараққиётнинг меваси шу бўлса керакда, — дей­ди «Prodimpeks» МЧЖ директори Баҳодир Қосимов. — Очиғи, корхонамизни очгунимизча анча югур-югурларни бошдан ўтказганмиз. Ўтган йилнинг сўнгида Миробод туманидаги давлат хизматлари кўрсатиш марказига мурожаат қилганимиз заҳоти ишимиз битди. Юрт фаровонлиги учун қилинаётган бундай ўзгаришлардан бениҳоя мамнунмиз. Шу ўринда таклифимни ҳам айтиб ўтсам, марказ веб-сайтига фуқаролар ушбу тизим ишларини баҳолаб бориши учун алоҳида банд киритилса, яна ҳам яхши бўларди.
Бундан ташқари, барча давлат хизматлари уларни Давлат хизматлари ягона реестрига рўйхатга қўйиш учун инвентаризациядан ўтказилади. 2018 йил 1 июндан бош­лаб ушбу реестрга киритилмаган давлат хизматларини кўрсатишга йўл қўйилмайди.
Хулоса қилиб айтганда, жисмоний ва юридик шахс­ларга кўрсатиладиган давлат хизматлари сифати инновацион жиҳатдан янги босқичга олиб чиқилади. Энг муҳими, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилади.

Сулаймон ҲАЙДАРОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар