«Қизил диплом» кимга керак?

1,974

Халқ орасида «қизил диплом»атамаси билан юритиладиган ҳужжатнинг расмий номи аслида «имтиёзли»дип­ломдир. Олий таълим муассасаларида «имтиёзли»­дипломлар бакалавриатура босқичида ўқув дастурларини ўзлаштиришда ютуқларга эришган талабаларга берилишидан хабарингиз бор. Бироқ ҳамма ҳам «имтиёзли» дип­ломни олишнинг аниқ қонун-қоидаси ва унинг имтиёзлари билан таниш бўлмаса керак. Келинг, шу ҳақда ­фикрлашсак.

Кимларга берилади?

«Имтиёзли» дипломнинг берилиши ҳақида кўпчиликда турли фикрлар мавжуд. Кимдир барча баҳолар «5»(аъло) бўлиши керак, деб таъкидласа, кимдир талабанинг умумий ўртача ўзлаштириши 86% дан юқори бўлиши лозим, деб ўйлайди. Аслида ҳам шунақами?
Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2009 йил 22 майдаги 160-сон буйруғи билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси тўғрисида»ги низомда «имтиёзли»диплом бериш тартиби кўрсатиб ўтилган. Мазкур низомнинг 22-бандида қуйдагича тартиб-қоида белгиланган:
«22. Ўқув дастурларини ўзлаштиришда катта ютуқларга эришган ва ўқув режасидаги барча фанларнинг камида 3/4 қисми бўйи­­ча 86 балл ва ундан юқори ўзлаштириш кўрсаткичларига эришган, (бошқа фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи 71 баллдан кам бўлмаган), шунингдек, якуний давлат аттестацияси синовларининг ҳар бири бўйича камида 86 балл ўзлаштириш кўрсаткичларига эга бўлган бакалавриат битирувчисига «имтиёзли» диплом берилади».
Юқоридаги банддан хулоса қилишимиз мумкинки, таҳсил олиш давомида ўтилган барча фанларнинг камида 3/4 қисмидан «5»(аъло) баҳо олган, шунингдек, бошқа фанларнинг биронтасидан «3»(қониқарли) баҳо олмаган ва ниҳоят якуний давлат аттестация синовларининг барчасидан «5»(аъло) баҳо олган талабага «имтиёзли»диплом берилади.
Кўриб турганингиздек, «имтиёзли»диплом олишда талабанинг ­барча семестрлар бўйича чиқари ладиган умумий ўртача ўзлаштириши ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Яъни ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 83-84% ни ташкил қилган талаба ҳам «имтиёзли»диплом олиши мумкин. Бундан ташқари, биронта «4»(яхши) баҳо олмаслик керак деган тушунча ҳам нотўғри. Низомдан келиб чиқадиган бўлсак, барча фанларнинг 1/4 қисми бўйича «4»(яхши) баҳо олган талабага ҳам «имтиёзли»диплом берилиши мумкин. Масалан, талаба таҳсил олиш давомида ўқув дастури бўйича жами 60 та фан ўқиган бўлса, шундан 45 тасидан «5»(аъло), 15 тасидан «4»(яхши) баҳо олган бўлса, унга «имтиёзли»диплом берилиши мумкин, башарти у якуний давлат аттестациясидаги барча фанлардан камида 86 балл тўплаган бўлса.
Эслатма: муштарийларга тушунарли бўлиши учун шартли равишда «5», «4», «3»баҳолар атамаси ишлатилди. Амалдаги рейтинг баллари мос равишда қуйидаги баҳоларга тенглаштирилган:

86-100 балл – 5;
71-85 балл – 4;
55-70 балл – 3.

Нима беради?

Ҳеч нарса! Фақат қизил ранг­­ни хуш кўрувчилар ёки кўк ранг­­ни ёқтирмайдиганлар учун ­таскин бериши мумкин, холос. Аммо бундан бошқа бирорта имтиёз қонунчиликда назарда тутилмаган.
Унда нима учун «қизил дип­лом»га интилишади? Бакалавриатура босқичини якунлаб, қўлига қизил рангли муқовадаги дипломни олган талабалар, магистратура босқичига кириш учун бўладиган имтиҳонларда қандайдир имтиёз бўлишига умид қилиши табиий. Бироқ буларнинг барчаси хомхаёлдан бош­­қа нарса эмас.
Республикамиздаги олий таълим муассасаларининг магистратурасига қабул қилиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган «Олий таълим муассасаларининг магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида»ги низомга кўра амалга оширилади. Мазкур низомнинг 4-боби «Кириш синовлари»деб номланиб, унда магист­ратурага кириш синовларининг умумий баллари ҳақида маълумот берилган. Ушбу маълумотлар орасида бакалавриатура босқичини «имтиёзли»диплом билан тугатган талабаларга қандайдир қўшимча имтиёзлар берилиши ҳақида ҳеч қандай қоида келтирилмаган. Бундан ташқари, низомнинг 3-бандида магистратурага қабул барча учун тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва ягона танлов асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Низомда фақатгина Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари ва номли давлат стипендиялари совриндорлари, шунингдек «Мард ўғлон»давлат мукофоти соҳиблари бўлган олий ўқув юртлари талабалари ва бакалавр даражасига эга ёшларга имтиёз берилиши ҳамда улар олий таълим муассасалари магистратурасига бакалавриатнинг таълим йўналишига мос мутахассисликларга танловдан ташқари давлат гранти асосида қабул қилиниши қайд этиб ўтилган.

Ахир имтиёз бор эди-ку?!

Ҳа, тўғри эсладингиз, бир пайтлар «қизил»дипломга имтиёз бериларди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 июлдаги 342-сон қарорига мувофиқ тасдиқланган низомга кўра қуйидагича тартиб-қоида белгиланган эди:
«13. … Олий таълим муассасаси битирувчисининг умумий рейтинги ёки ўзлаштириш кўрсаткичи (ўзлаштириш тегишли равишда 55 баллдан 100 баллгача бўлган диапазонда ифодаланади). Битирувчи рейтингини аниқлашда 0,7 тузатиш коэффициенти киритилади. Ўқишни имтиёзли тугатганлар учун тузатиш коэффициенти 1 га тенг».
Мазкур тартиб-қоидага кўра, талабанинг ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи махсус коэффициентларга кўпайтирилган. Яъни «имтиёзли»диплом олган талабанинг бали 1 га, «оддий»диплом олган талабаники 0,7 коэффициентга. Масалан, 86 балл «имтиёзли»диплом соҳибида 86 баллигича қолган, «оддий»диплом олганда эса 60,2 балл деб ҳисобланган.
Лекин бугунги кунда юқоридаги низом ўз кучини йўқотган.

Коррупцияга имконият яратиш шартми?

Мақола сўнгида ушбу масала юзасидан ўзимнинг ўта шахсий фикримни баён қилмоқчиман. Айтинг-чи, номи улуғ, супраси қуруқ «қизил диплом» нимага керак?
Дипломнинг номида «имтиёзли» сўзи бўлса-ю, лекин зиғирча имтиёз бермаса. Бундай кўзбўямачиликка чек қўйиш пайти келмадимикин? Ёки қандайдир «имтиёз»жорий қилиш ёки барча талабаларга бир хил диплом бериш маъқул эмасми?
Ҳозирги ҳолатда гарчи ҳеч қандай имтиёз бермаса ҳам, шунчаки қуруқ обрў ёки бошқа сабаб­лар учун «қизил»дипломга ҳаракат қиладиганлар, бу йўлда кези келса коррупцион йўлдан кетишдан тап тортмайдиганлар, афсус­ки, учраб турибди. Шундай экан, келинг, ўзимизни алдамайлик. Яхшиси, талабаларнинг қизил ранг учун эмас, ўз келажаги ва юрт равнақи йўлида интилишига замин ҳозирловчи таълим тизимини яратайлик.

Хушнуд ХУДОЙБЕРДИЕВ
ҳуқуқшунос

Бошқа хабарлар