Халққа яқин ва халқнинг ўз шоири

528

 

(Азим Суюннинг 70 йиллик тўйига)

 

         Сарлавҳага қараб халққа яқинмас, халқнинг ўз шоиримас, яъни халққа бегона шоир ёки халқнинг бегона шоири ҳам бўладими, дерсиз. Йўқ, албатта. Лекин, кўнглингизда туғилган савол ўринли. Ё халқнинг шоири бўлади ёки бўлмайди. Қисқача десак ё шоир бўлади ёки бўлмайди. Устоз Маъруф Жалил айтганидек:

 

                            Шеър ёзиш=ку унча қийин иш эмас,

                            аммо мушкул экан шоир бўлмоқлик.

 

Гап, устоз айтган нозик оралиқда.

         Биз, “халққа яқин ва халқнинг ўз шоири” деганда, шеърдаги ифода йўсинини, халқнинг сўзлашув оҳангига яқинлигини назарда тутдик. Бу яқинликка улуғ шоирларимизнинг кўп асарлари мисол бўла олади, М.Шайхзода, Зулфия, Ғ.Ғулом, А.Мухтор, О.Ҳожиева, Э.Воҳид, А.Ориф, Ҳ.Шарипов, У.Азим ва ҳ.к. Лекин, бошқа яқинроқ, яъни деярли халқнинг сўзлашув оҳангида ёзадиганлар кўп эмас, Ҳ.Олимжон, Миртемир, Ҳ.Худойбердиева, Маъруф Жалил, Т.Сулаймон, Ч.Эргаш, Азим Суюн. Биз даражотларни бир=бирига зидламоқчи эмасмиз, бу сифат юқоридаги буюк шоирларимизда ҳам бор. Масалан, Э.Воҳидовнинг Матмуса ҳақидаги ва “Фарғона йўлида”ги ҳазил шеърларида. Шу билан бирга уларда яхши маънодаги, юксак китобийлик ҳам бор. Биз услубий фарқни айтмоқчимиз, холос. Ҳали жуда ёш пайтимизда ўзимизча ҳазиллашиб У.Азимни Межалайтесга, С.Ҳакимни Э.Воҳидовга, А.Суюнни Миртемирга ўхшатардик. Ва бу ўхшатишларимизда кўп ҳам адашмаган эканмиз. Бу, албатта, кўпроқ А.Суюнга тегишли. Лекин, бу улар айнан ўхшаш дегани эмас. Адабиётга камина билан бирга=бирга кириб келган 70 – йиллар авлоди ва биз билан олдинма кейин кириб келган истеъдодларнинг ҳар бири йирик шоирлар бўлиб етишди. Ҳеч, шубҳасиз, икки шоир ҳеч қачон мутлақо бир=бирига ўхшамайди. Умуман, ХХ асрнинг иккинчи ярми ўзбек шеърияти одоб=ахлоқ, нафислиги, курашчанлиги, айниқса, гўзаллиги жиҳатидан дунёдаги энг юксак шеъриятлардан бири. ХХI аср шеъриятимиз эса, ҳар жиҳатдан жаҳонда тенгсиздир. Э.Воҳид, А.Ориф, Р.Парфи, О.Матжон ижоди бунга мисол. Эътирози бўлганларга албатта, улуғ олимларимиз чоғиштирма усуллари билан жавоб берадилар. Буни адашмасам хориж олимлари идентификация дейишади.

         Мана шу тенгсизлар ичида Азим Суюннинг ўрни алоҳида. У туғма миллий шоир. Аввалги тўйлари муносабати билан ёзган эдим, унинг

 

         Туя ўркачи Хайри,

нега бўлади айри?

         Катта=кичик минганда,

йиқилмасин деган=да…

 

деган шеърини ёзганига олтмиш йилча, узлуксиз ижодий фаолиятига эса, сал кам 50 йил вақт бўлди. Болаларга ёзган шу шеъри ҳеч эсимдан чиқмайди. Нафсламирини айтганда, бундай шеърлар жудаям кўп бўлмайди. “Баҳодирнинг қиличи синди”, “Чавондозсиз қайтди арғумоқ” шеърлари ўқувчини мафтун этади. Устоз А.Орипов, Э.Воҳидовлар эътироф этганларидек, А.Суюн адабиётда янги “Қайирма” жанрига асос солди. Азим Суюн шеъриятимизни мамлакатимиз ҳудудидан узоқларга парвоз этишида ҳам муносиб ҳиссасини қўшди. У бир неча йил муқаддам жаҳон шоирлари мушоирасида биринчи ўринни эгаллади. Ва жаҳон шоирлари конгрессининг аъзоси бўлди. Бу биз учун, адабиётимиз ва халқимиз учун унутилмас воқеадир. Чунки, ўша пайтда бу мушоира қатнашчилари орасида катта давлатларнинг буюк шоирлари ҳам бор эди. А.Суюн уларнинг ҳам эътиборига тушди, эътирофига созовор бўлди. Биз А.Суюн билан олим дўстларим Бахтиёр Тўраев, Баҳодир Умрзоқов, Ўрол Абилов, Ҳайдар Тўраевларнинг орасида баҳслашиб ўсдик. Бир=биримиздан руҳий=маънавий кўмак ва қувват олдик. Энди бу қувватимизни эл хизматига сарф этамиз.

         Азиз дўстим Азим Суюн! Мана, кўпдан кутилган эркин вақтлар келди, нафақа даврида ўзингизни шеърга бахш этишдек гўзал дамлар – 70 ёшингиз муборак бўлсин! Яна кўп йиллар ўйнаб=кулиб, соғсаломат катта китоблар битинг! Баъзи қаҳрамонлар (албатта улар лирикрубобий) ёв кетгач кўпаяди. Лекин сизнинг элга машҳур бўлиб кетган “Андиз ўсган ерларда” деб бошланувчи шеърингизда “Ботири кўп эллар ёвларга қул бўлмагай” қабилидаги ўктам сўзингиз ўша истибдод замонида ҳам жаранглаган эди. Ҳамон кўнгулларда янграб туради. Сизга бундан кейин ҳам маънавий жасоратлар ёр бўлишини тилаб,

                      ҳамишалик ҳурмат билан дўстингиз

                                                                                Йўлдош ЭШБЕК.

 

 

 

Бошқа хабарлар