Ички ишлар ходимлари касаба уюшма ҳимоясида

402

Аҳоли тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилаётган Ички ишлар ходимларининг жиноятчиликка қарши кураш, унинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасидаги машаққатли хизматлари доимо эътироф этиб келинади. Айни пайт­­да тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар соҳа ходимларини халқимизга янада яқинлаштирмоқда.

Шу нуқтаи назардан Президентимиз 2017 йил 17 август куни ички ишлар тизимида олиб борилаётган ишларнинг аҳволига бағишланган видеоселектор йиғилишда: «Агар биз, такрор айтаман, мана шу соҳани жой-жойи­­га қўймас эканмиз, одамлар, халқимиз бизга ҳеч қачон ишонмайди. Одамларга биринчи галда тинч­лик керак. Тинчликни бевосита таъминлаб берадиган эса ички ишлар идораларидир», деган эди.
Таъкидлаш керакки, 2017 йилнинг 28 декабрида илк маротаба Ўзбекис­тон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Рес­публика кенгаши ўртасида 2018-2019 йилларга мўлжалланган Тармоқ келишуви имзоланди ва вазирлик тизимида ишловчи махсус унвонга эга бўлган ходимлар ҳамда ишчи-хизматчилар учун ҳам қатор имтиёз ва кафолатлар белгиланди.
Шу пайтга қадар касаба уюшмалари томонидан ички ишлар органларида меҳнат қилаётган ишчи ва хизматчиларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоя қилиниб келинар эди. Жорий йилнинг январ ойида Ички ишлар вазирлиги, соҳавий тармоқлар ва ҳудудий бошқармаларнинг махсус унвонга эга бўлган ходимлари билан касаба уюшма ташкилотини тузиш бўйича меҳнат жамоаларининг умумий йиғилиш­лари ўтказилди ҳамда бошланғич ва бирлашган касаба уюшма қўмиталари ташкил этилди. Тармоқ келишувининг имзоланиши ҳамда ички ишлар органлари ходимларининг касаба уюшмасига аъзо бўлиб кириши уларнинг ижтимоий ҳимоясини янада юқори босқичга кўтариши шубҳасиз. Буни ички ишлар ходимлари касаба уюшмасига аъзо бўлган Америка Қўшма Штатлари, Германия, Франция, Россия, Нидерландия, Испания ва бошқа ривож­ланган мамлакатлар тажрибасида ҳам кўришимиз мумкин.
Хўш, ушбу Тармоқ келишуви вазирлик тизимида ишловчи ходимлар ва ишчи-хизматчиларга қандай имтиёзлар беради?
Аввало, касаба уюшмасига аъзо бўлган ички ишлар ходимининг нафақат ўзи, балки оила аъзолари ҳам санаторийда дам олиш учун имтиёзли йўлланмаларга эга бўлади.
Ушбу йўлланмалар орқали Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги санаторийлар ҳамда Иссиқкўлда жойлашган санаторийда даволаниб, саломатлигини мустаҳкамлаш имконига эга.
Шунингдек, сўлим гўшаларда жойлашган болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, бир қанча дам олиш масканлари ва даволаш муассасасида ички ишлар ходимлари ва уларнинг оила аъзолари ҳордиқ чиқариши мумкин. Ҳар йили умумхалқ байрамлари муносабати билан маданий-маърифий ва спорт-соғломлаштириш тадбирлари ташкил этилади, спартакиадалар, турли оилавий мусобақаларда қатнашиб, вақтини мазмунли ўтказиш билан бирга, саломатлигини мустаҳкамлаб борадилар. Бундан ташқари, молиявий қийинчиликлар юзага келганда касаба уюшма аъзоларига тизимли моддий ёрдам кўрсатилади.
Узоқ йиллар ички ишлар органларида хизмат қилган фахрийларга, хизмат вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг оилаларига доимий ғамхўрлик кўрсатиш, фарзандлари учун ўқув қуроллари харид қилиш, тарихий шаҳарларимизга саёҳатини уюштириш ҳам тармоқ келишуви билан мустаҳкамлаб қўйилган.
Ички ишлар вазирлиги раҳбариятининг ёки бирлашган касаба уюшмаси қўмита раисларининг тавсиясига асосан йил давомида маълум ютуқларга эришган ходимлар учун касаба уюшмалари ҳисобидан санаторийларга бепул йўлланмалар ажратилади.
Шунингдек, Тармоқ келишувида ходимларга ҳақ тўланадиган қўшимча дам олиш кунлари белгиланган. Унга кўра, оиласида фарзанд туғилганида отага — икки иш, ходимнинг оила қуриши муносабати билан — уч иш, фарзандини уйлантириши (турмушга бериши) муносабати билан — икки иш, яқин қариндошларининг дафн маросимига — уч иш куни дам олиш сифатида берилади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, имзоланган Тармоқ келишувида белгиланган имтиёз ва кафолатлардан ҳар бир ички ишлар ходими тўла фойдаланиши учун барча имконият яратилган.

Анваржон Абдумухторов
Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари
касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси

Бошқа хабарлар