ЙҲХХ инспектори ўз вазифасини билмайди(ми?)

1,608

Баъзан ЙҲХХ инспекторлари “тўхтаб туриш тақиқланади” белгиси остида қолдирилган автоуловнинг давлат рақамини ечиб олганига гувоҳ бўламиз. Бугун ҳам инспекторнинг Бухоро кўчасида “тўхтаб туриш тақиқланади” белгиси остида қолдирилган автоуловларнинг давлат рақамини ечиб олаётганига гувоҳ бўлдик ва буни фотоаппараимизга ҳам муҳрлаб қўйдик. Қоидага кўра, инспектор автомобил давлат рақамини ечиб олишга ҳақлими?

Транспорт воситаларининг давлат рақам белгиларини ечиб олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2012 йил 4 апрелдаги 53-сонли буйруғи (Адлия вазирлигида 2012 йил 21 май куни 2367-сон билан рўйхатга олинган) талабларида кўрсатиб ўтилган ҳоллардагина қўлланилиши мумкин.

“Тўхтаб туриш тақиқланади” йўл белгиси талаби бажарилмаган ҳолатларда ЙҲХХ инспекторлари маъмурий баённома расмийлаштиради. Агар транспорт воситаси бошқа транспорт воситаларига ҳалақит берса, мажбурий эвакуация қилинади.

ИИВнинг 2012 йил 4 апрелдаги 53-сонли буйруғи «Техник кўрикдан ўтказишда ДЙҲХХ органлари томонидан носоз деб топилган, шунингдек, белгиланган муддатларда техник кўрикдан ўтмаган ёки тегишли рухсатномасиз қайта жиҳозланган транспорт воситаларининг давлат рўйхатидан ўтказиш рақами белгиларини ечиб олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» деб номланади. Унга кўра, тасдиқланган низомда “техник носоз, рухсатномасиз қайта жиҳозланган ёки белгиланган муддатларда техник кўрикдан ўтмаган транспорт воситасининг давлат рўйхатидан ўтказиш рақами белгилари ДЙҲХХ органлари томонидан ечиб олинади” деб белгилаб қўйилган. Демак, бошқа ҳолларда автотранспорт воситасининг давлат рақамлари ечиб олиниши мавжуд қоидаларга мувофиқ эмас, деб ҳисобланади.

Бошқа хабарлар