Кўчани супурмай қўйдик…

641

Пойтахтимиз кундан-кунга чирой очиб бораётир. Бироқ беш қўл баробар бўлмаганидек, кўп сонли аҳоли истиқомат қилаётган шаҳримизда ўзига хос муаммолар борлиги кўнгилни хира қилмасдан қолмайди.

Миробод — пойтахтнинг марказида жойлашган туман. Бу ерда кўзни қувнатадиган, ҳавас қилса арзийдиган масканлар бисёр. Афсуски, «Оқ уй» маҳалла фуқаролар йиғинидаги кўчаларда бунинг аксини кўрасиз. Эски отчопар ва Бешкент кўчаларининг йўллари ниҳоятда абгор.
— Йўл ҳолати мутасаддилар эътиборидан четда қолмоқда, — дейди Эски отчопар кўчасида яшовчи Дурдона Саъдуллаева. — 2001 йилда шу маҳаллага келин бўлиб тушганимда ҳам кўчанинг аҳволи шундай эди. Ҳозир ундан ҳам баттар. Ўзбек аёли борки, эшиги олдини супуриб-сидиради. Биз кўча супурмай қўйганмиз. Дангаса экансиз, деган хаёлга борманг. Кўчамизнинг бирорта текис жойи йўқ. Уйимизга меҳмон келиб қолса, тўғриси, кўчамиздан уяладиган бўлиб қолганмиз. Йўлнинг дабдалалигидан таксичилар ҳам бу кўчага кирмайди.
Газетадан келганимизни эшитиб, маҳалладагилар кўчани таъмирлаш бўйича кўп бора мурожаат этишгани, бироқ ижобий натижа бўлмаганини айтишди.
— Бизнинг кўча «машҳур» бўлиб кетди. Унинг ҳолати бир неча марта телевидениеда намойиш этилди, — дейди Шаҳноза Маҳмудова. — Тегишли жойларга мурожаат қилдик, бироқ улар ҳам самара бермади. Устига-устак, шундоқ ҳам жиддий таъмирга муҳтож бўлиб турган йўлни куз ойларида ковлаб, кабел ўтказишди. Йўл таъмирловчилар эса фақат ковланган жойни таъмирлашди, холос.
«Оқ уй» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Анвар Юсуповнинг айтишича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан йўлни таъмирлаш бўйича маблағ ажратилган ва бош режага киритилган. Аммо, амалда ҳеч қандай иш бажарилмаган.
Одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш фақат қоғозда эмас, амал бўлса эди…

Жамшид ЭРГАШЕВ,
«Ishonch» мухбири
Муаллиф олган сурат.

Бошқа хабарлар