Маънавиятимиз чегарасига қўриқчи керак!

438

(«Ishonch» газетасида чоп этилган мақоладан кейинги ўйлар)

— Қизингиз турмушга чиқдими? — сўрайди ҳамшира бемордан (афтидан улар аввалдан таниш бўлишса керак).
— Йўғ-е, эрни бошига урадими?.. Ўзи биттасидан зўрға қутулиб олди, яна бошқа бировининг сассиқ пайпоғини ювиб умрини хазон қилсинми? ­Уйи-жойи бор, иши бор, битта бўлса ҳам боласи бор, эр нима керак унга…
Юрагимга ханжар санчилгандай бўлди. Тўғриси, аёлларимиз орасида ана шундай кайфият борлигини шу пайтга қадар хаёлимга ҳам келтириб кўрмаган эканман.
Америкалик бир аёлнинг ироқлик муслима аёлларга ёзган очиқ хатидаги гаплар эсимга тушди. Унда тахминан шундай сатрлар бор эди: «Менинг ироқлик мусулмон дугоналарим, уруш домида қолган бўлсангиз-да, аслида сиз бахтсиз эмассиз. Чунки сизлар биз каби «Голливуд»дан ўққа тутилганингизча йўқ. Сизнинг устингиздан ёғилаётган ўқ қачондир тўхтайди ва ундан кўпчилигингиз омон қоласизлар. «Голливуд» ўқлари эса биз, ­америкалик аёлларнинг ҳаммамизни яралаб бўлди ва унинг заҳаридан энди ҳеч қачон қутула олмасак керак».
Гап нима ҳақида кетаётганлигини тушуниб бўлгандирсиз. Ҳа, ўша мурожаатда муаллиф «Голливуд» киноларининг америкалик аёлларга эрсиз яшашни узлуксиз тарғиб қилиб келаётганини, деярли ҳар бир кинода, албатта, бош қаҳрамонлардан бири мустақил яшайдиган, уй-жойи, иши бор «бахтли» аёл эканини ёзганди.
Ўшандан бери унда-бунда хориж киноларига кўзим тушиб қолса дарров эътибор қаратаман. Ҳа, ростдан ҳам уларда ёлғиз ва «бахтли» аёлга дарров дуч келасиз. «Бу ўша жамиятнинг бугунги реал ҳаёти-да» дейишга эса шошилманг, чунки ҳатто фантастик, тўқима ва жангари киноларда ҳам шундай аёллар образи, албатта, марказий нуқтада туради.
Шуларни ўйлар эканман, наҳотки, бизнинг аёллар ҳам ғарб киноларидан отилаётган ўқлардан шунчалик заҳарланиб бўлишди, дея ҳайратга тушдим. Ахир халқимизда яқин-яқингача ҳам эр аёлнинг пири ҳисобланмасмиди? Қачондан бери эр ортиқча даҳмазага айланди? Қачондан бери аёллар мустақил ҳаётни шунчалик маъқул кўра бошлашди?!
Албатта, бу саволларнинг жавоби осон эмас. Қолаверса, бунга жавобан эркакларни масъулиятсиз ва ориятсиз бўлиб кетганликда айблайдиганлар ҳам етарлича топилиши турган гап. Аммо бугун, сиртимизга чиқара олмасак-да, ич-ичимиздан деярли ҳаммамиз ҳам баъзи аёлларимиз маънавиятида миллий қадриятимизга ёт ўзгаришлар содир бўлиб улгурганини тан олиб бўлганмиз…
Ўша воқеадан кейин кўнглимдан кечган бу ўйларни қоғозга туширишга кўп уриндим. Аммо ҳар сафар бир истиҳола мени тўхтатиб қолар эди. Зеро, муқаддас аёл зоти ҳақида ёмон гап гапириш мушкул. Чунки аёл, аслида, жаннатимиз бўлган онамиздир, аёл — жондан азиз болажонларимизнинг онаси, аёл — энг яқин тиловчимиз бўлмиш синглимиз, опамиз, аёл — кўзимизнинг нури бўлган қизимиз… Уларни кимлардир заҳарлаганини, заҳарлаётганини тан олишнинг ўзи нақадар оғир…
Бугун эса юзага қалқиб чиққан бир вазият шу истиҳолани енгиб ўтишимга туртки бўлди. Ҳа, ўша, номинг ўчгур турк сериали бу масаланинг аллақачон пишиб етилганини ошкор қилиб қўйди. Миллат маънавиятини юксак қадрлайдиган, унга хавф солиб турган унсурларни ҳис қилаётган аҳли маърифат, ниҳоят, бонг уриб юборди. Баҳонада юракда тугулиб ётган аччиқ-чучук гаплар ҳам айтилди, айтилмоқда…
Аммо, энг ачинарлиси, ҳали орамизда бу муаммонинг ҳайбатини ҳис қила олмаганлар борлиги ҳам аён бўлиб қолди. Ҳатто дуппа-дуруст аҳли қалам юртдошларимизнинг ҳам мазкур сериални ҳимоя қилиб чиқиши одамни чўчитади. Айниқса, «ёқмаётган бўлса, кўрманг» қабилидаги гаплардан даҳшатга тушасан киши. Ахир, сериалнинг маънавий зарари ҳақида гапираётганлар ўзлари ҳақида қайғураётганлари йўқ, гап фарзандлар, келажак авлод тарбияси ҳақида кетаяпти-ку?! Унинг зарарини билганлар ҳар қанақасига ўзини ҳимоя қила олади сиз айтмасангиз ҳам. Аммо буни фарқлай олмайдиган болажонларимизни ким қўриқлайди хатардан?
Шундай десанг, «фарзандингизга сериал кўрдирманг», дейди яна бири ўйлаб ҳам ўтирмасдан. Барака топгур, агар бугун тақиқ йўли билан бирон натижага эришиш мумкин бўлганида масала бу даражада долзарб тус олмаган, зиёлиларимиз бунчалик жон куйдириб бонг уришмаган бўларди аслида. Аммо, минг афсуски, тор доирадаги таъқиқ билан натижага эришиш мумкин бўлган давр эмас ҳозир. Жамиятда ­оммалашган нарсани ҳеч қанақа йўл билан яшириб бўлмайди бугун. Аксинча, яширилган нарсага қизиқиш кучаяди. Унга эришишнинг эса мингта йўли бор ташқарида ҳам. Қолаверса, уйда ман этилган нарсани кўчада ҳамма бирдек муҳокама қилаётганига дуч келган болада ўша тақиқ қўйган ота-онага нисбатан нафрат уйғонмаслигига ким кафолат беради?
«Сериал ҳақида ёзаяпсиз, ўзингиз ҳам кўрар экансиз-да», дея иддао қилади яна биров. Бу саволга шахсан мен «Ҳа, кўраман, кўришга мажбурман», деб жавоб берган бўлардим. Чунки болаларимни ҳимоя қилиш учун улар билан бирга бу сериални кўришга, кўра олмаган қисмларимни эса улардан сўраб-суриштиришга мажбур бўлдим. Оиламдагиларга бу сериалдан кўзланган асл мақсад нима эканини тушунтириш, шу каби яна бошқа сериалларни кўрганда уларнинг ёмон таъсирига тушиб қолмаслиги учун уларда иммунитет пайдо қилиш учун шундай йўл тутдим. Ҳар қисмдан кейин воқеаларни улар билан муҳокама қилдим. Нотўғри, маънавиятимизга ёт ишларни тушунтиришга уриндим. Ҳатто ака-ука, опа-сингиллар оиламиз билан тўпланиб қолганимизда ҳам атай шу сериал ҳақида сўз очдим. Яна билганимча уларга дардимни тўкдим. Ва шу йўл билан қайсидир маънода ўз мақсадимга эришдим ҳам. Оиламиздагиларнинг кўпчилиги аввалига ўзларининг суюкли қаҳрамонлари қилиб олган ошиқ-маъшуқаларнинг аслида фаҳш ишлар билан машғул гуноҳкорлар эканини, ниҳоят, тушуниб етишди. Укалар, катта ўғилларим — иродасини йиға олганлари тарк этишди. Бошқаларда ҳам уларга нисбатан нафрат уйғота олдим. Шунисига ҳам шукр дейман. Аммо, минг афсуски, буни юз фоиз ижобий натижа деб ҳам мақтана олмайман. Балки бу чорасизликда бир чора эди, холос. Худо асрасин, кимнидир сериалнинг салбий таъсирларидан барибир асрай олмаган бўлишим ҳам эҳтимол. Асраган тақдиримда ҳам биз биргаликда қанча вақтимизни исроф қилдик. Агар бу сериал телевидениеда қўйилмаганида шунча ташвиш бормиди? Шундай экан, нега мен фақат ўз чўнтакларини деб бу сериални оммага узатаётганларга норозилик билдирмаслигим керак?
Шу ўринда бир ҳақиқатни унутмаслигимиз лозим — кино билан инсон ахлоқига таъсир ўтказиш мумкинлиги илмий исботини топган ҳақиқатдир. Айниқса, ижобий қаҳрамон сифатида талқин этилаётган образ орқали энг гўзал, файзли жамиятни ҳам ағдар-тўнтар қилиб ташлаш ҳеч гап эмас. Чунки инсон табиатида ўзи ёқтирган одамларга эргашишга мойиллик бор. Агар кино ижодкорлари шундай суюкли образ ярата олишса, тамом, у орқали хоҳлаган нарсаларини текин тарғиб қилиши мумкин. Оддий кийим-кечакдан тортиб, турмуш тарзи ва маданиятгача. Дейлик, аксарият ҳинд удумларини аёлларимиз айнан ҳинд кино ва сериаллари орқали жуда яхши билиб олишган. Фақат билиб олишса ҳам майли… яқинда бир қизча опасининг рўза тутаётганини кўриб «Сиз ким учун рўза тутасиз, турмушга чиқмагансиз-ку?» деб сўрагани ҳақида ёзишди. Хўш, бу тарғибот натижаси бўлмай яна нима ахир?
Келинг, бу борадаги энг ёрқин мисолни ҳам ўша «Севги изтироби»дан олайлик. Бу сериалнинг бош қаҳрамонлари кучли муҳаббат эгалари, аммо ҳаёт зарбалари туфайли айрилиққа маҳкум жабрдийдалар қилиб кўрсатилади. Бунинг устига ҳамиша эзгулик учун курашадилар гўё. Табиийки, бундай ҳолатда томошабинлар уларнинг ўз муҳаббатларига эришишини интиқлик билан кута бошлайди, ҳатто бу борада яқин ҳамдардига айланади. Дардкаш инсонингнинг эса майда-чуйда хато-камчиликлари ҳамиша кечиримли. Аввалига суюкли маъшуқанинг ҳаддан ташқари енгил кийинишига кўникилади. Кейин эса бошқа бировга турмушга чиқса-да, ҳамон севгани билан пинҳона учрашувларга чиқиб юриши ҳам чорасизликка йўйилади. Ҳатто уларнинг кўпроқ шундай учрашишларини истайдилар. Аста-секин… ҳаромдан ҳомила орттириб олиши ҳам ижобий ҳолдек қабул қилинади…
Бундан у ёғига ўтмай қўя қолайлик. Зеро, минг асрлик қадриятларни оёқости қилиш учун шуларнинг ўзи ҳам етарли. Энди тасаввур қилинг: шу сериални томоша қилиб, ошиқ-маъшуқаларнинг бу хурмача қилиқларини табиийдек қабул қилаётган, ҳатто уларни қўллаб-қувватлаб турган ота-онанинг ёнидаги бола қандай тарбия олади?.. Худо асрасин, бундай тарбиядан кейин эртага шу ҳолат бу ­оилада ҳам қайтарилмаслигига ким кафолат беради? Ота-онасининг муҳаббат бобида қанчалик «кўнгилчан» эканлигига гувоҳ бўлган ўғил ҳам ўзининг эрга тегиб кетган собиқ муҳаббатини қўмсаб қолиб, у билан пинҳона учраша бошламайдими? Хўш, агар шундай бўлса, ўша кинопарвар ота-она уларни ҳам худди сериал қаҳрамонларини олқишлаган каби олқишлай олармикин? (Оиладаги қиз ҳақида гапиришга эса юрак бетламайди).
Сериалларда эса, афсуски, бундай яширин тарғиботлар етарлича. Айниқса, шу «Севги изтироби» худди мусулмон оилаларининг маънавиятига зарба беришни атай қасд қилгандек туюлади сал эътибор қилган одамга. Зеро, сериалда жуда кўп жойда «биз мусулмонмиз» деган гап айтилади. Ора-сира азон ва Қуръон оятлари ҳам эшиттириб қўйилади. Бу билан гўё сериал қаҳрамонларининг мусулмон эканликлари эслатиб қўйилаётгандек (Сериалнинг хавфли томонларидан бири ҳам шу аслида, чунки ундаги воқеаларни томошабин мусулмон ҳаёти сифатида ҳазм қила бошлайди). Асл саҳнада эса мусулмончиликдан асар топиш қийин. На кийинишда, на еб-ичишда, на оилавий ҳаётда, на ишхона фаолиятида. Аксинча, сериалда иштирок этаётган саноқли оиланинг деярли ҳаммасида хиёнат, ёлғон, фитна ҳукмрон. Ака-укалар, опа-сингиллар, эр-хотинлар орасидаги можароларни қўя турайлик, ҳатто оддий ишхонада ҳам мусулмон маънавиятига ёт унсурлар намойиш қилинаверади. Буларнинг бари шунчаки томошабинни жалб этиш учунгина эканига ишонгинг келмайди. Менга ҳатто қаҳрамонларнинг рулда фақат телефонда гаплашиши ҳам атай қилингандек туюлади. Чунки улар аксарият ҳолда айнан рулда гап­лашишади. Зеро, шунинг ўзи ҳам мамлакатда ман этилган бир ҳаракатнинг яширин тарғиботи эмасми? Биргина шунинг учун Ички ишлар вазирлиги сериал намойишчиларини бемалол ­судга берса бўлади. Афсуски, бизда бундай қилгандан кўра сукут сақлашни афзал кўришади.
Хуллас, зиёлилар қатламининг саъй-ҳаракати билан бу сериалнинг телевидениедан олиб ташлангани олқишга лойиқ ҳодиса. Кечроқ бўлса-да, бир балодан қутулдик. Тўғри, кимлардир сериалнинг турк­­ча ёки русчасини топиб ўзи кўрар ҳам. Лекин, барибир, бу жуда тор доирада кечади. Энг муҳими эса, у оммавий муҳокамадан тушади, болаларимиз эътиборидан узоқлашади.
Аммо, айни пайтда, бу натижага ҳозирча фақат юқори доирадаги раҳбарларнинг аралашуви билангина эришилди (Қолаверса, «Zo‘rTV» ижодкорлари ҳам анойи эмас, сериалнинг олиб ташланганини тан олишгани йўқ, шунчаки «Биринчи фасл тугади» деб якунлашди, демак, ҳали уни давом эттиришдан умидлари бор). Бу эса ҳали муаммо бартараф бўлмаганини билдиради. Чунки бу каби сериалларнинг телевидениеда пайдо бўлиши ягона ҳодиса эмас. Ҳозирнинг ўзида ҳам унинг тоифасидаги, маънавиятимизга, миллий қадриятларимизга мос келмайдиган сериаллар, филмлар телеканалларимизда анчагина топилади. Фақат «Севги изтироби» деганлари оммалашиб кетгани ва салбий юки ҳаддан ташқари оғир бўлгани боис масала юқорига қалқиб чиқиб қолди, холос. Шундай экан, нафақат хориждан кириб келаётган, ҳатто ўзимизда ишланаётган кино, сериал, клип, ҳатто мултфилмларни (ҳа, айрим мулт­филм қаҳрамонларининг кийиниши-ю «севги-муҳаббати» унча-мунча катта ёшдагиларни ҳам уялтиради) телеэфирга чиқаришдан олдин саралай оладиган «филтр»га эҳтиёжимиз бор. Айни пайтда бу воситанинг аниқ мақсадли ва юқори савияда бўлиши, энг муҳими, бюрократик тўсиққа айланиб қолмаслиги ҳам таъминланмоғи лозим. Зеро, адабиётшунос Жаббор Эшонқул айтганидек, «Мамлакат чегаралари қандай муҳофазага муҳтож бўлса, миллатнинг эстетик диди, савияси, маънавият ҳудудлари ҳам худди шундай муҳофазага муҳтождир».
Шу ўринда чала қолмаслиги учун ҳалиги ­америкалик аёлнинг охирги гапларини ҳам келтириб ўтмоқчиман. Жумладан, у киноларда аёлларнинг ёлғиз яшашга тарғиб қилинишини инсониятга қарата очилган даҳшатли урушга қиёслар экан, аслида энг иродаси кучли аёл ҳам ҳеч қачон ёлғиз ҳолда бахтли бўла олмаслигини, чунки аёл табиатида эркак суянчиққа эҳтиёж борлигини ёзади. Нозик жинс вакилларидаги ана шу эҳтиёжнинг рад этилиши эса алалоқибат жамиятни парокандаликка олиб боради, дейди у.
Қолаверса, яқинда Ички ишлар вазири матбуотда берган маълумотлар ҳам шу мавзуга дахлдордек. Унинг айтишича, 2017 йилда қайд этилган жиноятларнинг катта қисмини оилавий келишмовчиликлар сабабли яқин қариндошларнинг бир-бирига нисбатан содир этган қотилликлари ташкил қилган. Яъни 62 ҳолатда эр хотинини, 10 та ҳолатда хотин эрини, 119 та ҳолатда эса яқин қариндошлар бир-бирларини ўлдирганлар. Хўш, яқин-яқингача жуда камёб ҳодиса бўлган бундай совуқ ҳодисаларнинг бизда ҳам тобора болалаб бораётганида кино ва сериалларимизнинг ҳиссаси йўқмикин?! Агар заррача ҳам бор бўлса, демак, маънавиятимиз чегаралари тезроқ «қўриқчилар» билан таъминланмоғи лозим!

Нурбек ТОШНИЁЗ

Бошқа хабарлар