Янгича ёндашув зарурати

272

Ўзбекистон истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг қамровли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, кенгаш фаолиятида «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Респуб­ликасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиш­и бўйича Ҳаракатлар стратегияси» ва «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлаш бўйи­­ча аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Тадбиркорлар учун яратилаётган қулай шароит ва имкониятлар туфайли юртимизда турли йўналишдаги трансмиллий ва қўшма корхоналар сони тобора ортиб бораётгани айни ҳақиқат. Умумий овқатланиш шохобчалари, кафе ва ресторанлар, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркор, ҳунарманд ва оилавий корхоналар фаолиятида ҳам ижобий ўзгариш­лар кўп.
Юртимизда тадбиркорликни янада ривожлантириш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш, самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида кенгаш қошида ишчи гуруҳи фаолият кўрсатмоқда. У касаба уюшмаси аъзолари, бош­ланғич ташкилотлари ва ҳудудлардаги фаолларнинг таклиф ва мулоҳазаларини ўрганиш билан бирга тадбиркорлар билан тизимли равишда учрашувлар ўтказаётир. Уларда, одамларни қийнаётган муаммолар муҳокама этилиб, камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Мамлакатимизда 12 та эркин-иқтисодий ва 45 та саноат ҳудудининг фаолият бошлагани натижасида иқтисодий ривожланиш суръати жадаллашди. Келгусида яна 50 та янги саноат ҳудудини ташкил этиш режалаштирилаётгани касаба уюшмаси ташкилотлари зиммасига ҳам муҳим вазифаларни юкламоқда.
Эндиликда тармоқ касаба уюшмаси тадбиркорликни жадал ривож­лантириш, соҳада фаолият юритаётган меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ҳимояси масалаларига янгича ёндашиши зарур. Бу эса, ўз навбатида, тармоқ кенгашлари ва бошланғич ташкилотлар фаолиятини тубдан такомиллаштиришни тақозо этади. Шу муносабат билан кенгашнинг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда кенгаш қошида тузилган ишчи гуруҳ таклифи асосида тармоқ «Ўзбекис­тон тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари касаба уюшмаси» дея қайта номланди. Бундан ташқари, кенгаш аппарати таркибида янги раис ўринбосари лавозими жорий этилиб, унга Шуҳрат Нусратов сайланди. Йиғилишда уюшманинг режа ва вазифалари ҳам муҳокама этилди.
А.Ортиқхўжаев, тармоқ касаба уюшмаси Зангиота тумани кенгаши раиси:
— Давлатимиз раҳбари тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонликни қўллаб-қувватлашга асосий эътибор каратиш лозимлигини таъкидламоқдалар. Бугунги йиғилишдан кўзланган мақсад ҳам тадбиркор ва ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш, имкон даражасида амалий ёрдам кўрсатишдир. Тармоқ касаба уюшма номини ўзгартириш кўпчиликнинг дилидаги гап бўлди. Чунки ишимизнинг аксарият қисми бевосита тадбиркорлар ва уларнинг фаолияти билан боғлиқ. Бу билан сафимизни янада кенгайтириш, уларни ижтимоий-иқтисодий ҳимояга олиш имкониятига эга бўламиз.
Сурайё Абдуазимова, «Тошкент универмаги» АЖ касаба уюшма қўмитаси раиси:
— Сўнгги йилларда респуб­ликамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар том маънода тарихий ҳодисадир десак, муболаға бўлмайди. Албатта, бу ўзгариш­ларда касаба уюшмалари ҳам фаол иш олиб бормоқда. Айниқса, ташкилот томонидан олис қишлоқлардаги эҳтиёжманд оилаларга кўрсатилаётган кўмак аҳолини жуда қувонтираяпти. Ўзим ҳам касаба уюшмаси вакили сифатида юртимиз ривожига ҳисса қўшаётганимдан мамнунман.

Нозима УМАРОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар