Аҳоли бандлиги халқ фаровонлиги гарови

188

Инсоннинг бирор корхона, ташкилот ёки муассасада доимий иш билан банд бўлиши унинг дас­турхони тўкин, турмуши обод, ҳаёти фаровон бўлишига хизмат қилади. Шу боисдан ҳам давлатимиз томонидан янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Миллий матбуот марказида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган анжуманда мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар ҳақида гап борди.
Қайд этилганидек, ўтган йил давомида 1218 марта бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди.
Натижада ҳудудий бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан салкам 230 минг нафар фуқаро доимий иш ўрнига ҳамда 27 минг нафардан зиёд шахс жамоат ишларига жалб этилган.
Касб-ҳунур коллежлари битирувчиларига бу борада қулайлик яратиш мақсадида «college.mehnat.uz» электрон ахборот тизими ташкил этилгани ўзининг ижобий самарасини берди. Ушбу тизим хизмати орқали ўқишни тугаллаган салкам 333 минг нафарга яқин ёш йигит-қизлар муқим иш ўрнига эга бўлди.
Президентимизнинг «2018 йил аҳоли бандлигига ­кўмаклашиш давлат дастурини амалга ошириш тўғрисида»ги қарори жорий йилда ёшлар, эҳтиёжманд оила аъзоларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш, янги саноат корхоналари барпо этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ­ривожлантириш, хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш ҳисобига янги иш ўринларини яратишга қаратилган.
— Ушбу қарорга асосан вазирлигимиз томонидан эҳтиёж­манд, оилали ёш аёлларни ишга жойлаштириш бўйи­­ча махсус дастур ишлаб чиқилган бўлиб, йил якунига қадар кўплаб хотин-қизларни иш билан таъминлашни ният қилганмиз, — дейди вазир ўринбосари Эркин Муҳиддинов.
Мазкур қарорда шу йил охирига қадар мамлакатимизда 346 мингдан зиёд ҳамда Ташқи миграция орқали 296 мингта янги иш жойини яратиш белгиланган.

Дилором АЛЛАҚУЛОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар