Одил Ёқубов феномени

415

Эссе

Эй чарх, не даврларники даст эттинг,
Даврингда муҳаббат аҳлини
маст эттинг.
Ҳар кимники оламда забардаст эттинг,
Охир ажал илгидин они паст эттинг.
Алишер Навоий

Одил Ёқубов феномени. Уни идрок этиш, фаҳмлашга интилиш ўз халқини жондан севган улуғ адибнинг бепоён олами сирларидан воқиф этади. Бу ҳол беқиёс тарихий асарлари, гўзал қиссалари, такрорланмас ҳикояларидагина эмас, балки фикри-зикри, ўй-мулоҳазаларида ҳам акс этганига шубҳа йўқ. Зеро, ўз ички ҳис-туйғуларидан озиқланган ижод аҳли дил ва тил бирлигига эришибгина самимий ҳамсуҳбат топа олади.
У ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг энг мураккаб жараёнларига фаол аралашар, курашар, ўз халқи манфаатларини ҳимоя қила олмаса, эртага ёзганларини биров ўқиб тушунмайдигандек хавотир ҳис этаётганга ўхшарди.
Бу хавотир бугун бизга ҳам бегона эмас.
Атоқли ёзувчининг асарлари тарози посангисининг бир тарафини босиб турса, иккинчисини ижтимоий-сиёсий фаолияти банд этган. Унинг Москвадаги тарихий нутқи бунинг ёрқин далили. Адибнинг қуйида эълон қилинаётган турли масалаларга бағишланган фикр-мулоҳазалари ана шу феноменнинг ўзига хос жиҳатларини акс эттиргани билан аҳамиятлидир.

«Бундай қилиш маданиятга кирмайди»…

Ҳар қандай жамиятнинг ўзига хос муаммолари, вазифалари бўлади. Қадим-қадимдан шундай. Ўша муаммо-ю вазифаларни адабиёт ўртага олиб чиқади, ҳал қилишда йўл кўрсатади. Албатта, биз адабиёт деганда бўлар-бўлмас гапларни китоб қилиб чиқаришни эмас, ҳақиқий маънодаги адабиётни назарда тутамиз. Адабиёт халқнинг кўнглида қат-қат бўлиб ётган гапларни айтади.
Собиқ Иттифоқ ўрнида мустақил давлатлар пайдо бўлди. Бу бурилишлар, ўзгаришлар адабиётда қандай ифодасини топиши керак, онги ҳали ўша эски тушунчалар билан қотиб қолган инсон нималарни топаяпти-ю нималарни йўқотаяпти — бу гапларни адабиёт тушунтирмаса, сиёсий гуруҳлар ўз манфаатларидан келиб чиқиб нималар демайди? Уларнинг аксарияти ҳокимиятни эгаллаб олгач, халққа берган ваъдаларини унутади ёки «сўзда бошқа, амалда бош­­қа» қабилида найранг билан алдашни бошлаб юборишади. Мустабид тузумнинг энг катта иллат ана шунда эди. Кўнгил кечинмалари, эврилишларини асосий мавзу сифатида белгилагани учун адабиёт Инсон томонида. Ҳамиша унинг ҳимоясига отланиб туради, агар шундай қилмаса, у сохта ниқобда тезда унутилишга маҳкум бўлади. Мана, масалан, Александр Солженицин Россияга қайтиб келгач «раҳмат, раҳмат», деб қўлини кўксига босиб, ўзига қулай шароит истагани йўқ. Узоқ Шарққача бориб кўрди, одамларнинг туриш-турмуши, ҳаёт қийинчиликларидан огоҳ бўлиб, «ижтимоий ҳимоясиз ташлаб қўйилган одамларни кўрдим», деган гапни айтди. Буни Россия ҳукуматидагилар ҳам тўғри қабул қилди. «Мустақил бўлди-ю ҳамма муаммолар бартараф бўлиб кетди», деган гаплардан қочиш керак. Бизда шунга ­мойиллик кучли. Тўғри гапниям мақтовга айлантириб айтмасак, негадир кўнглимиз тўлмайди. Бундай қилиш маданиятга кирмайди.

«Одамлар ҳозир китоб ўқимай қўйди»

Ҳаётдаги бурилишларни адабиёт баҳоли қудрат акс эттираяпти. Аммо адабиётнинг ўзида ҳам бурилишлар, ўзгаришлар бўлаяпти, деб айтиш қийин. Шу кунни акс эттираётган катта асарлар керак. Интилишлар, ҳаракатлар бор-у, лекин қониқарли эмас. Адабий асарни ёзишдан мақсад-муддао нима? Уни халқ ўқисин-да! Энди тўғрисини айтиш керак, одамлар ҳозир китоб ўқимай қўйди. Газета-журналларгаям кўп қарамайди. Телевизор кўради. Ўйинчи, яллачиларнинг чиқишлари жуда кўп. Майли, мен қарши эмасман, лекин Лев Толс­той келтирган ўша немис князининг гапида жон бор-да! Ўша княз «қаерда қуллар бўлишини хоҳлашса, ўша ерда кўпроқ мусиқа яратилиши керак», деган экан. Алмойи-жалмойи мусиқа жодуга ўхшаб фикрни аллаласа керак-да! Бизга эса бугунги кунда фиклайдиган, тафаккури кенг одамлар керак.

«Сохталик тезда  фош бўлади»

Энди биз ва кейинги авлодни «ярқ этган асарлар берди», деб айтиш қийин. Ёшларда интилиш сезилиб турибди, баъзан яхши натижалар ҳам бераяпти. Ҳозир шундай бир гап бор: гуёки Совет даврида яратилган асарларнинг ҳаммаси бўлмайди, улар партиявийлик принципида фақат коммунистларни мақтаган. Лекин ўша вақтдаям адабиётда инсонпарварлик ғояларини илгари сурган, яхшиликни, эзгуликни тарғиб қилган талай асарлар яратилган. Адабиёт ўша ҳаётни акс эттирган бўлса, ўқувчи ундан коммунист образини олиб ташлайдими? Бу гаплар энди кўпроқ тарихга нисбатан айтилиб, янги тарих яратамиз, дейилаяпти. Умуман олганда, принципиал жиҳатдан олиб қаралганда, буларнинг ҳаммаси тўғри. Ҳар хил қарашлар шаклланаяпти, жамиятга қарашлар ҳам ўзгараяпти. Масалан, «босмачилик» деб аталган ҳаракатни олиб кўрайлик. Бу ҳаракатни фақат қоралаш тенденцияси мавжуд эди, ким босмачи-ю, ким миллий озодлик ҳаракатининг қурбонлари эканини бизга тескари тушунтиришарди. Мана, энди шу масалаларга аниқлик кираётгани, албатта, яхши. Лекин «янги тарих яратамиз», деган гапларни кампанияга айлантирмаслик керак. Тарих ҳақида жуда ўйлаб ёзиш керак, тарих дегани ҳар кимнинг диди-таъбига қараб ўзгарадиган ҳодиса эмас. Ҳақиқатга суяниш керак. Ҳақиқат қарор топганда ёлғон гаплар учун ерга қараб, уялиб қолиш керак эмас. Ҳақиқат баъзан ­фикрларингни рад қилиши мумкин, ўйлаётганларингга мос келмаслигиям мумкин, лекин начора, у абадий ҳодисадир, сохта ҳақиқат яратаман, деб чиранганлар тезда фош бўлади. Чала-чулпа, у ёқнинг ҳаммасини қоралаб, энди бу ёғини «нурафшон» қилишнинг ҳеч ҳожати йўқ. Халқ ҳаммасини ўз кўзи билан кўриб тургач, бунақа чалғитишлардан бошқача хулоса чиқаради. Эҳтимол, муайян доираларнинг манфаатлари учун бу нарсалар маълум бир вақтда хизмат қилар, аммо умри узоққа чўзилмайди. Ҳар бир ҳодисага ҳар томонлама, чуқур илмий ёндашув керак. Ўзи биз бирёқламаликка ўрганиб қолганмиз, оғзимиздаям битта эмас, бир нечта тил борга ўхшайди.

«Тарихчи холис бўлиши керак»

Аввал Сталинни жуда «бардор-бардор» қилишган. Тириклигида унга бағишлаб шеър­лар ёзилар, унинг шарафига қўшиқлар тўқиларди. Тўғри, қаттиқ қўрқишган-да… Шунинг учун ўлганидан кейин унинг ярамас ишлари, миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритгани ҳақида адолатли гаплар юзага чиқди. Уни қоралаб, ҳамма мағзавани устига тўкдик. Лекин халқнинг бу одамга муносабати бошқача эди. Ҳозир ҳам шундай. Нега? Мана шу мус­табиднинг қилган ишлари жуда даҳшатли, миллион-миллион одамларнинг ёстиғини қуритгани кечирилмас бўлгани билан уруш даврида унинг ҳам хизматлари бўлган экан. Энди-и баъзилар «бизни Гитлер босиб олгандаям яхши бўларди», дейишади, бу аҳмақона гап. Чунки фашизмга ўшандаям, ҳозир ҳам инсоният қарши турган. Чунки фашистик ғоя­лар коммунистик ғояларга қараганда минг марта даҳшатли ва фожиали оқибатларга олиб келганини тарих исботлаган. Мен ўзим уруш қатнаш­чиси сифатида фашизмни бартараф этишда Сталиннинг қандай хизмати сингганини яхши биламан. Унинг шахс сифатида кўриниб турган жиҳатларини ҳам нуқсонга айлантириб айтиш осон, аммо Москвага фашист яқинлашганда шаҳарни ташлаб кетмагани, Навоий юбилейи қамал ҳолатидаги Ленинградда нишонланиши каби ҳодисалар ҳам унинг номи билан боғлиқ. Тарихга ҳаётий ҳақиқатдан келиб чиқиб, тўғри ёндашиш кераклиги шунда билинади. Ҳозирги сох­­та тарихчилар эрта бир гап бўладиган бўлса, ўзларини дарров панага тортмай, шундай гапларни айтганман, дея олиш учун ҳам бу борада холислик зарур.

«Халқ — абадий ҳодиса»

Халқ, халқ деймиз-у, лекин кўпинча бу халқнинг ўзи ким, унинг қўлидан нима келади, унинг номи бунчалик кўп тилга олинади, деб ўйлаб ҳам кўрмаймиз.
Халқ жуда муракаб тушунча.
Масалан, Пушкин уни «қора авом», деб атаган. Халқ шундайки, баъзан яхшиликни тушунмайди, билмайди. Буни мен ҳозир дабдурустдан айтаётганим йўқ. Пушкин нима учун шундай деган? У халқнинг дардини айтиб турганида, халқ қабул қилмаганидан кейин «қора авом» деб қўя қолган-да!
Нима дейсиз, халқ-да!
Чернишевскийнинг «Нима қилмоқ керак?» деган китоби машҳур эди. Инқилобчи бўлган-да уям! Ўзича халқ учун курашган. Уни ўлимга ҳукм қилишган. Сенатда кўриб чиқишиб, кейин сургун қилмоқчи бўлишган. Ўша куни Сенат майдонига Петербургнинг ёшу қариси тўпланиб чиққан.
Улар Чернишевскийнинг ёнини олиш учун чиқишганмиди?
Ўзлари учун умрини хазон қилаётган фидойи инсонни шармандагарчиликдан қутқариб қолмоқчи бўлишганмиди?
Асло!
Улар шунчаки томоша қилиш учун чиқишган. Ҳайвонот боғи ёки циркка қандай кайфиятда боришса, Сенат майдонига ҳам шу кайфиятда тўпланишган.
Энди-и Чернишевскийнинг аҳволини бир тасаввур этинг-да! Бундан кўра бошини қилич билан шартта узиб ташлашса маъқул эди-ку?!
«Шу халқ учун курашдимми, аҳмоқ эканман», деган Чернишевский.
Буям халқ-да.
Мана, ҳозир Қодирий, Чўлпонларни кўтариб, ўша вақтларда нотўғри ишлар бўлганини айтмоқдамиз. Лекин уларни қамаганда ҳаммаям нотўғри иш бўлди, деб айтмаган. Ҳатто мажлислар қилишиб, одамлар қоралаб гапиришган, бир-бирларининг гапларини тасдиқлашган, «халқ душманларига орамизда ўрин йўқ», дейишган. Бундай гапларни айт­ган, ҳатто ёзиб, унга қўл қўйиб берганлар орасида катта-катта ёзувчилар ҳам бўлган. Улар тазйиқдан бўлак, тўғри бўлаяпти, деб ўйлашган-да!
Бунга нима дейсиз?
Халқ Лениннинг шафқатсиз ғоялари ортидан ҳам эргашиб кетди-ку?! Буржуйлар деб, савдогарлар деб ўрис миллатининг «гули»ни қириб ташлашди-ку! Уларнинг ҳаммаси юз йиллик биологик курашдан чиқан янги қатламлар эди, миллатнинг «гули» ҳисобланарди — бу ўзининг оёғига ўзи болта уриш билан баробар эди. Дворян бўлиш осон эмасди. Қобилиятли, истеъдодли одамлар ажралиб чиққанди. Ўзимиздаям шундай бўлди: «бойсан, қулоқсан, эшонсан», деб қанчадан-қанча ақлли одамларни қиришди. Шу гапларга ишонган, шу ғояларни қўллаб-қувватлаган халқ, бундай айтган-да, оломон бор-да!
Бир подшоҳ «Бўйсинингиз», дея амр қиларкану, кейин «қулларни бошқаришдан чарчадим», деб нола чекаркан.
Халқчилик-да.
Энди «халқ» тушунчаси жуда мураккаб. Халқни ёмонлаб ҳеч ким обрў топмаган. Чунки охир-оқибатда у ҳақ бўлиб чиқади. Тарихда қоладиган халқ. Халқ — абадий ҳодиса.

«Ҳақиқат»

Катта ҳақиқатларни айтган ёзувчиларниям халқ ҳар доим тўғри қабул қилавермайди. Масалан, Лев Толстойнинг «Уруш ва тинчлик» романини ўша вақтда рус халқи жуда совуққонлик билан қарши олган. Ўқимаган. Шу даражага борганки, Лев Толс­тойда Россияни тарк этиш истаги ҳам туғилган. Бутун юрак қўрини бериб ёзган асарини ўз халқи бундай кутиб олиши ёзувчини қаттиқ ранжитган. Энди «Уруш ва тинчлик»нинг бош қисмлари бироз зерикарли ёзилгани, чўзилиб кетгани бор гап. Лекин бир нарсани унутмаслик керак: умуминсоний, дунёвий муаммоларни кўтариб чиқишга бел боғлаган жиддий, ҳақиқий маънодаги наср ҳамиша ҳам худди ҳангома ёки латифага ўхшаб енгил-елпи ёки қизиқарли воқеалар билан бошланиши шарт эмас. «Уруш ва тинчлик» асари дунё тургунча турадиган асар, лекин ўша пайтдаги рус халқининг тушунчаси уни қабул қилишга тайёр бўлмаган. Умуман, «ҳақиқат, ҳақиқат», дейишади-ю ҳақиқатни ҳар ким ҳам ўз вақтида тўғри тушунавермайди. Шунинг учун Навоий Зуннун Мисрий тилидан «учинчи илм келтирдим, на омма қабул қилди, на хос қабул қилди — бу ҳақиқат илми», дейди.

«Инқилоб»

Умуман олганда, Маркс ва Лениннинг ғалати томони шундаки, минг йиллардан буён инқилоб бўлаётгани, лекин бирорта инқилоб халққа бахт-саодат келтирмаганини била туриб, барибир «яна инқилоб керак», деяверишган. Сталин эса атрофидаги ҳамма инқилобчиларни қириб ташлади.
Энди француз инқилобини олиб кўрайлик.
Француз халқи рус халқига нисбатан анча маърифатли экан, ўзининг инқилобидан тез совуган, тез қайтган.
Рус инқилоби миллион-миллион одамларнинг ёстиғини қуритди. Шундай бўлса-да, бунга ишонган одамлар кўп эди. «Бахт келтиради, яхшилик келтиради», деб ишонишган-да! Мен бундай одамларнинг кўпчилигини биламан.
«Диёнат» номли асаримда Нормурод Шомуродов образи бор. Мана шу одам ҳаётда бор эди. Отамнинг дўсти эди. Бу одамлар ғоя билан яшаган, ҳаётда рўшнолик кўрмай, хор-зорликда ўлиб кетишган.
Бобом диндор киши эди, шайх бўлган. Ўтган асрнинг ўн олтинчи йили ниҳоятда оғир келган. Қурғоқчилик бўлган, ёмғир ёғмаган. Ғалла куйиб кетган. Моллар қирилган. Шунда шайхнинг боласи, яъни отам оиласини боқолмай қолган. Бир бойнинг ўғли ўрнига ёлланиб, мардикорликка кетган. Белоруссия ўрмонларида фронт учун дарахт кесган. Ўша ерда бир жуҳуд Маркс таълимотини ўргатган. Қарабсизки, отамиз «болшавой» сифатида қишлоққа қайтиб, тўполон бошлаган. Бобомиз диндор бўлгани учун униям тинч қўймаган, сал қолган йўқ қилиб юборишига. Ўзининг отасини-я! Ўша коммунистлар мол-дунё тўпламаган, камбағаллар қандай яшаса, шундай яшаган. Ўзларининг ғоясига ниҳоятда садоқатли бўлган.

«Адабиёт»

Ғарб адабиётига интилиш масаласида ўз фикримни айтсам, бу яхши натижалар бериши керак. Аммо чалкашиб кетишдан эҳтиёт бўлиш лозим. Соддароқ бўлиши учун табиатдан мисол келтираман.
Африкада баобаб дарахти ўсади. Жуда улкан дарахт. Кўп ҳайвонлар унинг соясида ётиб, мевасини еб умргузаронлик қилади. Кокос деган дарахтнинг ҳар бири ҳандалакдай-ҳандалакдай келадиган катта ёнғоқлари бўлади. Ичида сутга ўхшаган шираси бор. Ниҳоятда ширин, фойдали. Ана шу дарахтларни Ўзбекистонга олиб келиб экилса, ўсмайди.
Бизда эса шунақа ширин қовунлар борки, африкаликлар бунақасини тушидаям кўрмайди. Болалик пайтимизда ҳар хил кимёвий дорилар йўқ эди, шунинг учун бўлса керак, қовунларнинг таъми тилни ёрарди. Абу Али ибн Сино қовуннинг шифобахш хусусиятларини кўп таърифлаган. Ўрик билан қовун ички касаллик­ларга жудаям даво эмиш. Гўшти бир қарич бўлган қора, оқ қовунлар, босволди… Ўшаларни еб катта бўлганмиз-да! Ҳозир босволдини еб бўлмайди…
Адабиётда ҳам табиатдаги каби бир хусусият бор. Уям ўз замини, илдизи, ­анъаналарига эга бўлиши керак. Абдулла Қодирий буни яхши тушунган, шунинг учун халқ яхши кўради. Адабиёт аҳли ҳадеб ўзини уёқ-буёққа уравермасдан ана шу жиҳатларни доимо ёдда тутиши керак.
Энди адабиётдаги фожиаларимизни айтай. Балки бу бизнинг шахсий, адашишлардан сўнг англаган фожиамиздир —унчалик аҳамияти йўқ. Ёзувчи ўз сўзи, ўз фикрига эга бўлиши керак. Ҳар қандай ўзгариш­ларни бировларнинг гапи ёки буйруғи билан эмас, ўз қалбида синтез қилиши лозим. Ёзувчи қалби алдамайди. Шелли «Шоирлар — дунёнинг тан олинмаган қонуншуносларидир», деганда ҳақиқий ижодкорларни назарда тутган. Ҳақиқий ёзувчилар ҳам шундай.
Халқ характерини бор бўй-басти билан тасвирлашда анча оқсаймиз. «Халқнинг ҳақиқий аҳволини ёзиш керак», деган билан, шиорбозлик қилиш билан иш битмайди. Мадҳиябозлик адабиётни ўлдиради. Масалан, замонлар ўтиб кетсаям, халқнинг ҳақиқий аҳволини кўрсатган адабиёт тарих бўлиб қолади. «Ана шунақа бўлган экан», дейишади. Илгари оптимистик деган гаплар бор эди. Ҳатто оптимистик трагедия дейишарди. Трагедия ҳам оптимистик бўладими? Аҳмоқона гаплар-да! Бу касаллик миясига урмаган камдан-кам ёзувчи бор эди. Чингиз Айт­матов яхши устознинг қўлига тушди. Мухтор Авезов машҳур «Абай» романидан ташқари жуда кўп яхши асарлар ёзган, улкан ёзувчи. Чингизнинг «Жамила»дан ­кейинги қиссаси «Новий мир» журналида босилганда «Тўғри йўлдан кетаяпсан» деб унга далда берган, шогирдининг ҳар бир қадамини диққат билан кузатган. Биз энди-и…чалғиб келганмиз.
Қанчадан-қанча иқтидорли, гуллаб турган ёзувчилар сургунда ўлиб кетишди, отилиб кетишди. Адабиёт ва сиёсат масаласи жуда мураккаб-да. Адабиётнинг умри боқий, сиёсат эса ўткинчидир. Адабиёт ўзини ўткинчи нарсаларга сарфламаслиги лозимлигини партиявийлик принципи кўрсатиб қўйди. «Ундай-бундай» деймиз-у, ҳамон сабоқ чиқаришни билмаймиз.
Ўша пайтларда ҳақиқатни ёзган ёзувчиларнинг асарларини чиқаришмаган. Улар хор бўлган, қора нон еган, ­ейишга нони бўлмаган, лекин ҳеч кимга ҳеч қачон сотилмаган.
Мана, мисол учун Михаил Булгаковни олайлик. «Уста ва Маргарита», «Оқ гвардия» асарларини вақтида чиқаришмаган, зуғум қилишган. Лекин ёзувчи ҳақиқатни айтишдан тоймаган. Чунки у тўғри йўлни танлаганини жуда яхши билиб турган.
Адабиётда тўғри йўлни танлай олиш жуда муҳим.

«Миллий ғурур»

Миллий ғурур ҳақида икки оғиз мулоҳаза: кейинги пайтлар негадир ўзимизнинг нонимизни талашиб еёлмайдиган бўлиб қолаяпмиз-да! «Қачон одам бўламиз?» деган мақоламда бу ҳақда айт­ган эдим. Зиёлилар орасидаям, бошқалар орасидаям бир-бирини кўролмаслик, бир-бирининг пайини қирқиш, ковлаштириш ҳеч қайси миллатда биздагидек бўлмаса керак. Мудом ўтиб кетган ота-боболаримиз билан оғиз тўлдириб мақтанамиз, бу ёқда эса билганимиздан қолмаймиз, жуда майдалашиб кетганмиз.
Масалан, отадан тўрт нафар фарзандга каталакдай бир ҳовли мерос қолган. Ҳовлида ҳар куни қирпичоқ, уруш-жанжал. Шу бир парча ерни талашиш билан машғул. Бошқа жойдан уй қуриш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди.
Бундай ҳолат бошқа миллатларда бўлмаса керак. Энди-и ўзбеклар ҳам ҳадеб бир-бирини ковлаштирмай, бир-бирини қўллаб-қувватлаши керак. «Ўсадиган эл бир-бирини ботирим дейди», деган гапни тез-тез такрорлаймиз, бироқ унга амал қилишга келганда эса аҳвол «эски ҳамом-эски тос»!

«Уруш»

Фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 50 йиллиги нишонланаётганда ­Москвадаги бир йиғилишга Ўзбекистондан вакил бўлиб бордим. Собиқ Иттифоқнинг ҳамма республикаларидан вакиллар келган экан. Ҳаммасининг важоҳатидан от ҳуркади — генераллар, маршаллар. Улар орасида фақат мен ёзувчи эдим. Эски тартиб бўйича аввал украиналик вакилга сўз берилди. Бир генерал минбарга чиқиб олиб, Совет Иттифоқини парчалаганларнинг пўстагини қоқа кетди. Хумордан чиққунча сўкди. Уни роса олқиш­лашди. Ҳаммаси ҳарбийлар-да! Белоруссиядан келган вакил аввалгисининг гап­ларини айнан такрорлади. Унгаям роса қарсак чалишди.
Кейин менга навбат келди. Уруш пайтида бир миллион нафарга яқин одам Ўзбекистонга кўчиб келганини, икки юз минг етимни ўзбек халқи асраб олганини гапирдим.
Ўн тўққизинчи асрда рус адабиёти энг адолатли адабиёт бўлганини айтдим. Кавказ уруши бўлаётган пайтда Толстой, Пушкин, Лермонтов кавказликларнинг ёнини олиб, учта бебаҳо асар ёзишди, дедим. Толс­той қариган чоғида яратган «Ҳожимурод» асарида Ҳожимуроднинг ўлими тасвирини йиғлаб ёзгани, Николай пошшо, босқинчи русларга нафратини яшириб ўтирмагани, чеченлар тарафини олганини айтдим.
Зал жим.
«Мана, ҳозир бирорта рус маданият арбоби чиқдими, ўзи бу халққа нима бўлди, айнидими?» деб сўрадим. Уруш тўғрисида фильмлар яратдиларинг, «Ғалаба» фильмини ҳам кўрдик, ҳамма қаҳрамонлар ўрис, биттаям ўзбек йўқ, бошқа халқларнинг ҳам вакиллари йўқ. Ғалабага фақат ўрис эришган бўлса, бизни нега бу ёққа чақириб ўтирибсизлар», дедим.
Бу гал менгаям қарсак чалишди.

«Ижодкор ва Шахс»

Ижодкор ва Шахс — катта масала. Идеал ижодкор, албатта, Шахс бўлиши керак. Ўзбек адабиётида, масалан, Машрабни Шахс дейиш мумкин. Унинг биринчи вазифаси ҳақиқатни, халқнинг дардини айтиш бўлган.
Шахснинг қарашлари кўпинча жамиятдаги қарашларга тўғри келмаслиги мумкин. Шунда унинг бўйнига бирор арзимас айб қўйиб, ўлдириб юборишади. Бироқ уларнинг руҳи ҳамма замонларда бедор бўлиб туради.
Уламолар фатво бериб, Машрабни Балхда ўлдиришди. Ҳозир «диндорлар шундай қилди», ­дейишга ҳеч ким журъат этмайди. «Маҳмуд Қатағон ўлдирган», деб айтишади, лекин Маҳмуд Қатағон осишдан аввал уламоларнинг фатвосини олган. Улуғбекниям шундай қилишган. Ўн олти нафар уламо фатво берган. Фақат биттаси — Самарқанд қозиси Хўжа Мишкингина бунга қарши чиққан. Аслида, у ўз вақтида Улуғбекка қарши гапирган, Улуғбекни қўллаб-қувватламаган.
Навоий ҳазратлари йирик Шахс бўлган. Ул зот ижоддан ташқари боғлар яратган, мачит-мадрасалар қурган, етим-есирларга ҳомийлик қилган. Подшо Ҳусайн Бойқарога ҳам ҳаққоний гапларни айта олган.
Шахс бўлиш, Шахс сифатида тан олиниш жудаям қийин. Энг муҳими, ёзувчи ижодида халқнинг асл дардларини айта олса, ҳаётни ҳаққоний тас­вирласа, унинг бошқа камчиликларини халқ кечиради. Айниқса, ҳозир бундай фазилатлар жуда зарур.

«Мустақиллик»

Мустақилликни енгил тушунмаслик керак, уни шиорбозликка айлантириб юбормаслик зарур. Мустақиллик — бу ўша халқнинг ўз фикрига эга бўлиши, Шахснинг камол топиши дегани. Мана, аллани бошқа тилда эшитиб бўлмайди. Шундай бўладиган бўлса, ўз халқи, ўз туп­роғи, ўз Ватанини севадиган одам бўлиб етишиш қийин. Сохта ватанпарварликдан Худо асрасин!

Шойим БЎТАЕВ

Бошқа хабарлар