Қарздорлик қандай ундирилади?

316

Президентимизнинг 2017 йил 29 майдаги «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада ­мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони соҳадаги жиддий муаммо ҳамда камчиликлар ечимини тезлаштирди.

Муқаддам мазкур соҳа мутасаддилари томонидан шартнома мажбуриятларини бажармаётган истеъмолчиларга нисбатан таъсирчан чоралар кўрилмагани, ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишда сансоларликка йўл қўйилгани оқибатида қарздорликнинг кескин ортиши, истеъмол қилинган электр энергияси ва табиий газ учун тўловлардан бўйин товлаш ҳолатлари юзага келган эди. Президентимиз фармонига асосан Бош прокуратура ҳузурида энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишига, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-тарож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олишга, шунингдек, суд ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлашга масъул бўлган Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди. Бюрога энергия ресурслари етказиб берилиши ва истеъмолини ҳисобга олишнинг тўлиқлиги, ҳаққонийлиги, ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан текширишлар ўтказиш ваколати берилган.
Муқаддам коммунал корхоналар ишидаги чалкашлик ва нотўғри ҳисобланган қарздорлик ҳолатлари кўплаб истеъмолчиларда эътироз ва норозилик келтириб чиқаргани ҳеч кимга сир эмас. Бугунги кунда «Ўзбек­энерго» ва «Ўзтрансгаз» АЖ томонидан МИБга қарздор истеъмолчилар ҳақида белгиланган тартибда маълумот тақдим этилади. Бюронинг туман ва шаҳарлардаги бўлимлари эса маълумотларни ахборот тизимлари, маълумотлар базалари билан солиштиради ва қарздорликни ундириш чораларини кўради. Шу тариқа «Ўзбекэнерго» ва «Ўзтрансгаз» АЖ ходимларининг фойдаланилган энергия ресурслари учун тўловларни ундириш мақсадида хонадонма-хонадон юришларига чек қўйилди. Ушбу вазифани амалга оширувчи давлат инспекторлари томонидан тўлов пуллари тўлов терминаллари орқали қабул қилинади, нақд пул кўринишидаги тўловлар эса ҳудудий банк шохобчалари орқали амалга оширилади.
Ҳисоблагич бутлиги учун масъулият ҳар бир истеъмолчи зиммасида. Агар унга шикаст етказилса ёки қандайдир сабаб билан бузиладиган бўлса, бу ҳол маъмурий ва ҳатто жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Ҳисоблагични ўзгартиришда бирор шахс ёрдам берган тақдирда, нафақат назоратчи, балки истеъмолчи, хонадон эгаси ёки юридик шахс бирдек жавобгардир.
Фармонга асосан тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаса, истеъмолчи тармоқдан мажбурий узиб қўйилиб, қайта улаш учун жисмоний шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг икки баробари, юридик шахслардан эса энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баробари миқдорида жарима ундирилади. Электр ва газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш, шунингдек, ҳисобга олиш асбоблари, шу жумладан, уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш, кўрсаткичларни ўзгартириш мақсадида ташқаридан аралашиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддасига биноан фуқароларга энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Шунингдек, қарздорлик тўланмаган тақдирда ундирув мажбурий тартибда қарздорнинг мол-мулкига қаратилади ҳамда унинг мамлакатимиз ҳудудидан четга чиқиши тақиқланади.

Муҳайё ПАТТАЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги
Мажбурий ижро бюросининг Жамоатчилик билан алоқалар ва
ҳуқуқий ахборот бўлими бош инспектори

Бошқа хабарлар