Қоғоз чиқиндисидан харидоргир маҳсулот

193

Юртимизда ишбилармон ва тадбиркорлар учун кенг имконият эшиклари очилган. Уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор чора-тадбирлар изчил амалга оширилаяпти. Шундай шароитлардан фойдаланаётган термизлик тадбиркор Рустам Неъматуллаев Учқизил қўрғонида бўш турган бинолардан бирини нол қийматда олиб, қайта таъмирлади ва қоғоз чиқиндиларидан халқ хўжалиги учун зарур бўлган уч хил маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Бунинг учун банкдан 625 минг АҚШ долларига тенг кредит олинди ва қўшимча равишда таъсисчиларнинг 2 миллиард сўмлик ҳомийлик маблағи сарфланди.

Шу пайтгача Сурхон воҳасида аҳоли хонадонларидан чиқадиган эски қоғоз чиқиндилари, савдо дўконларида тўпланиб ётадиган картон ҳамда қоғоз қутилар, газета тахламлари, корхона-ташкилотлардаги муддатини ўтаб бўлган ҳужжатлар асосан Тошкент шаҳрига олиб кетиларди. Энди «Сурхон қоғоз қайта ишлаш» МЧЖ чекланмаган миқдорда қоғоз чиқиндиларини қабул қилиб, қайта ишламоқда.
Корхонада 33 нафар киши иш билан банд. Уларнинг 10 нафари касб-ҳунар коллежини битирган ёшлардир. Корхона йил бошидан ҳозирга қадар 150 тонна қоғоз чиқиндиларини қайта ишлашга улгурди. Маҳсулотнинг асосини ўров қоғози, ҳар хил ҳажм ва сиғимдаги картон қутилар, паррандачилик фабрикалари учун тухум солинадиган қолиплар (флейка) ва ҳоказолар ташкил этади.
— Фаолиятни яқинда бошлаганимиз учун Термиз, Ангор, Шеробод, Жарқўрғон туманлари, Термиз шаҳри аҳолиси ва турли ташкилотлардан қоғоз чиқиндиларини тўплаб олаяпмиз, — дейди корхона раҳбари Рустам Неъматуллаев. — Яқин орада Сурхон воҳасидаги барча туман ва маҳаллалардан қоғоз чиқиндилари йиғиладиган шохобчаларни ташкил қилишни режалаштирганмиз.
— Цехимизда тайёрланаётган маҳсулотларни нафақат вилоятимиз, балки Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларидан ҳам харидорлар олиб кетишмоқда, — дейди бош муҳандис Норсоат Бўронов. — Бундан ташқари, ипак қурти парвариш­ланадиган сўкчаклар устига тўшаш учун қоғоз, тўқув ва тикув фабрикаларида калава ип ўраш картон ўзак­лари (конуслари) тайёрлаш бўйича ҳам буюртма олдик.
Эътиборлиси, корхонада маъмурият ва вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси ташаббуси билан бош­ланғич касаба уюшма қўмитаси ташкил этилди. Энди янги сайланган касаба уюшма етакчиси ва аъзолари корхона маъмурияти билан ҳамкорликда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялашда бир-бирларига елкадош бўлади.

Рустам ДАВЛАТОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар