Cанкт-петербургда ёшлар форуми

303

Ўзбекистон касаба уюшмалари делегация­­си Алоқа ходимлари касаба уюшмаси халқаро бирлашмаси таклифига биноан Санкт-Петербург шаҳрида ўтган Ёш алоқа ходимларининг халқаро касаба уюшмалари форумида иштирок этди.

Форум касаба уюшмаларини ўз сафига ёшларни жалб этган ҳолда кенгайтириш, ижтимоий тармоқлар, замонавий коммуникация воситалари имкониятидан унумли фойдаланган ҳолда тармоқ касаба уюшмалари ҳамкорлигида ёш мутахассисларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими самарадорлигини ошириш мақсадида ташкил этилгани билан кўпчиликнинг эътиборини тортди. Унда Россия, Ўзбекис­тон, Озарбайжон, Қозоғис­тон, Қирғизис­тон, Тожикистон, Беларус, Молдова ва Швеция давлатлари ҳамда халқаро SEKO ва UNI халқаро касаба уюшма ташкилотлари раҳбарлари, иш берувчилар ва фаол ёшлар қатнашди.
Форумда делегация раҳбари А.Ишанходжаев маъруза қилиб, Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекис­тон Республикасини ривож­лантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйи­­ча Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш, касаба уюшма ташкилотлари томонидан ёшларга яратилаётган шароитлар, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, шунинг­дек, касаба уюшмаларининг давлат ҳамда жамоат ташкилотлари билан ижтимоий шериклик асосидаги ҳамкорлигига тўхталди, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси ёшлари томонидан ёш касаба уюшма аъзолари билан ишлаш, жамоа шартнома ва келишувлари орқали уларга берилаётган имтиёз ва кафолатлар, уларни иш билан таъминлаш, ижтимоий ҳимоя ҳамда устоз-шогирд тизимининг йўлга қўйил­гани юзасидан тақдимот ўтказилди. Иштирокчилар мамлакатимизда ёшлар сиёсати борасидаги тизимли ишларни ­эътироф этишди.
Сафар давомида делегация А.С.Попов номидаги Марказий алоқа музейи билан танишдилар.
Форум доирасида Алоқа ходимлари касаба уюшмаси халқаро бирлашмаси кенгашининг кенгайтирилган мажлиси ҳам бўлиб ўтди. Унда ташкилот фаолиятига оид долзарб масалалар муҳокама қилинди. Тармоқ ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг ўзаро ҳамкорлик бўйича Россия алоқа ходимлари касаба уюшмаси билан меморандум, Белорус алоқа ходимлари касаба уюшмаси, Тожикистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси ҳамда Қозоғистон ахборот, алоқа ва телекоммуникация соҳаси ходимлари касаба уюшмаси жамоат бирлашмаси билан келишувлар имзоланди. Шунинг­дек, UNI халқаро касаба уюшмалари ташкилоти вакиллари Корнелия Бросс ва Алекс Хогбек билан музокаралар олиб борилиб, келгусида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди.
Делегациянинг профессор Бонч-Бруевич номидаги Санкт-Петербург давлат телекоммуникация университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан учрашуви ҳам уюштирилди. Унда талабалар яшаш ва билим олишда университет ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганини айтиб ўтишди. Сафар давомида фаолиятда қўллаш учун турдош соҳалар билан ҳам маълумотлар алмашилди.

Дўстмурод ТЎЙЧИЕВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси.
Мирвоҳид ҲАЙДАРОВ,
Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси

Бошқа хабарлар