Айиқлар инсон меҳрига муҳтож

590

Бахмалнинг Ойқор тоғида қўнғир ва жигарранг айиқларни учратиш мумкин. Улар ҳид билиш ҳисси ёрдамида шерикларини топиб олади. Қўнғир айиқнинг кўриши яхши бўлмаса-да, ҳид билиш ва эшитиш қобилияти зўр. Дарахт танаси ва йирик буталарга ишқаланиб, ҳидини қолдиради. Бу белгилар ҳудудий низоларнинг олдини олишда асқотади.

Катта айиқнинг ясси бурни ва ўткир тирноқларидан ҳеч бир рақиб қочиб қутулолмайди. Унга қаҳратон совуқ писанд эмас. Қалин мўйнаси, тери остидаги ёғи уни совуқдан сақлайди. Вазни оғир бўлса-да, тез югуради.
Ваҳшийлиги ҳаракатларидан шундоққина сезилиб туради. Мустаҳкам жағлари билан дарахт шохлари, бута ва пояларни осонгина ғажийди. Емак ­танлаб ўтирмайди.
Она айиқ кичкинтойларини меҳр билан парваришлайди. ­Айиқлар учун энг хавфли душман қондошлари — эркаклари. Она айиқ жонини бериб бўлса ҳам улардан болаларини ҳимоя қилиши лозим. Синчков ва ғамхўр она учун ўлжа қидириш узоққа чўзилиши мумкин. Бу ҳеч ҳам яхшиликка олиб келмайди. Чунки бу пайтда болалари турли кўнгилсизликка рўбарў бўлиши мумкин.
Она айиқ бирор хатар хавф солаётганини олдиндан сезади. У душманни чалғитишни яхши билади. Болалари эса яшириниб олади. Инстинкт шуни тақозо этади. Болалари мустақил ҳаётга тайёр бўлгунча уларни тарбиялаб боради.
Вақт келганда она-бола айиқлар ўртасидаги ришта узилиб, болалари мустақил кун кечира бошлайди. Олдинда улар учун оғир синовлар давом этади.
Озиқ-овқат кам пайтлари айиқларга қийин бўлади. Шунда ўсимлик илдизлари ҳамда туганаклар ҳам емиш ўрнини босади. Очлик айиқларни қишлоқ чеккасидаги экин майдони ва дарё қирғоқларига боришга мажбур қилади. Тошларни ағдариб, минг­оёқ, моллюска ва шу каби ҳашаротларни излайди. Сарқитдан ҳам тап тортмайди. Қорин тўйдириш ғамини ейди.
Очлик, рақиблар таҳдиди, ўғринча ов қилувчи одамлар ­айиқлар ҳаётига хавф солади. Лекин Ойқор ­қишлоғида одамлар ва жониворлар бир-бирларига кўникиб қолган. Жониворлар атроф­дагиларга зиён етказмайди. Доимо бир сўқмоқдан юради, одамларга ҳужум қилмайди, одам ҳидини узоқдан сезади. Тоғликлар ҳам шовқин солмасдан уларга ёқмайдиган иш қилишдан эҳтиёт бўлишади.
Қишлоқ одамларида айиқлардан ҳимояланиш учун зарур анжомлар бор. Улар зийрак жониворнинг ғашига тегмаслик, ўлжасига кўз олайтирмаслик кераклигини яхши билишади. Айиқлар ҳам инсон ҳаёти ва мулкига дабдурустдан тажовуз қилмайди. Лекин айиқлар, барибир, одамлар меҳрига муҳтож. Чунки уларнинг сони кажмайиб бормоқда.

Абдулла САИДОВ

Бошқа хабарлар