Деҳқонга қувват ва имконият уйғунлиги

465

Президент қарорининг моҳиятида  шу мақсад мужассам

Қоракўл тумани — Бухоро вилоятининг чекка туманларидан бири. Ҳудудининг бир қисми қўшни Туркманистон чегараларига туташ. Икки қардош халқ бир дарёдан сув ичади. Туманимизда умумий суғориладиган ерларнинг унумдорлиги юқори эмас. Чунки сизот сувлари ер юзасига яқин, экин майдонларининг шўрланиш даражаси кучли, шунингдек, катта ҳудуд чўл ҳисоб­ланади. Аёнки, кўзланган ҳосилни етиштириш анча мушкул.

Иқтисодчи бўлганим сабабли узоқ йиллардан бери қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда иқтисодий кўрсаткичлар кутилган натижани бермай келаётгани ўйлантириб келади. Очиғи, бунинг сабаблари кўп. Туманимиз мисолида оладиган бўлсак, майдонларимизнинг 70 фоиз қисми кўтарма насослари орқали суғорилади, қишда камида 2-3 марта шўр ювиш тадбирларини ўтказамиз. Экинлар вегетацияси даврида эса кучли гармсел 15-20 кунгача давом этиб, ҳосил чўғини пасайтириб юборади. Бунга аксарият йилларда сувнинг танқис бўлишини ҳам қўшсангиз, қишлоқ хўжалигидан «барака» топишимиз фақат ўзимизгагина боғлиқ эмаслиги очиқ-ойдин кўринади. Шу маънода Президентимизнинг куни кеча эълон қилинган «Пахта хом­ашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори фаолияти деҳқончиликка боғланган биз каби кўплаб юртдошларимизнинг юрагидаги қарор бўлди десак, янглишмаймиз.
Қарорда таъкидланганидек, туп­роқ унумдорлиги паст ва охирги уч йил мобайнида ҳосилдорлик гектарига 15 центнергача бўлган ерларда пахта хом­ашёсига давлат буюртмасини жойлаштирмаслик тўғрисидаги таклифлар маъқуллангани айни муддаодир.
Айтиш жоизки, ўтган йил якунига кўра, туманимизда пахта ва ғалла етиштиришда бир қатор ижобий натижаларга эришдик. Жумладан, 200 та фермер хўжалиги давлатга пахта ­хомашёси сотиш бўйича шартнома режасини бажарди. Уларнинг 63 таси гектаридан 35 центнердан юқори ҳосил олди . Шу билан бирга, 37 та фермер хўжалигида пахта ҳосилдорлиги 15 центнердан паст бўлди. Уларга тегишли майдонларнинг кўп қисми балл баннитети паст ва қумоқ ерлардан иборат. Агар ишимиз шу тариқа давом этса, фермернинг косаси оқариши қийин.
Мана шу жиҳатларни инобатга олиб, туманда жорий йил ҳосили учун паст рентабелли 440 гектар майдон мақбуллаштирилди. Илгари 280 гектарида пахта, 160 гектарида эса ғалла экилган. Эндиликда ушбу майдонларнинг 74 гектарига картошка, 217 гектарига сабзавот, 94 гектарига чорва озуқаси, 25 гектарига мойли экинлар экиш, 19 гектарида интенсив боғ, 11 гектарида эса узумзор барпо қилишни режалаштирдик.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китоб­ларича, рентабеллиги паст бўлган майдонлардан пахта ҳосили етиштиришга миллионлаб пул тикиб, номига «тадбиркор» бўлишдан кўра улар ўрнига бошқа экинлар экиш ҳар жиҳатдан фойдали. Энг муҳими, деҳқончилик қилган фермер даромад кўради, оиласида тўкинлик пайдо бўлади, қолаверса, бозорда нарх-наво арзонлашади.
Мазкур қарорнинг яна бир муҳими жиҳатт шундаки, унда пахта ­хомашёси ва бошоқли дон учун ҳисоб-китоблар ҳосил йиғиштириладиган йилнинг охиригача тўлиқ ҳаж­мда амалга оширилиши белгиланган. Бу қоида деҳқонларимиз учун муҳим янгиликдир.Аниқроқ айтганда, йил якунигача ҳисоб-китобларнинг тўлиқ амалга оширилиши эвазига кейинги йил учун режалаштирилган қишлоқ хўжалиги техникалари ва зарур моддий ресурслари захирасини яратиш имконияти пайдо бўлади. Мазкур қарор асосида фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос агрегатлари томонидан истеъмол қилинадиган электр энергияси қиймати Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда давлат бюджетидан субсидиялар ҳисобига қопланиши деҳқон ва фермерларимизни янада мамнун этди.
Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг қишлоқ хўжалиги ривожига алоҳида эътибори, деҳқоннинг муаммо ва ташвишларини ҳал этиш борасида жиддий енгилликлар яратиш бўйича кўраётган чоралари мамлакатимизнинг иқтисодий қувватини ошириш йўлида меҳнат қилаётган минглаб фермерлар хирмонига барака, кучига қувват бўлиб қўшилиши тайин.

Ҳусниддин ҒОЙИРОВ,
Қоракўл тумани ҳокими

Бошқа хабарлар