Қиёси йўқ бўстоним…

217

Юртимизнинг туристик жозибадорлигини ошириш йўлида амалга оширилаётган ишлар сайёҳлар оқими янада ошишига замин яратаяпти. Ҳаво кемалари, «Афросиёб» поездлари, ўзимиздан чиқаётган енгил машиналар манзилларни манзилларга улаяпти. Қанчадан-қанча инсонлар Самарқанд, Бухоро, Қарши, Термиз, Фарғона, Хива — қўйингки, диёримиздаги асори-атиқалар, тарихий масканлар, зиёратгоҳларни томоша қилиб, тоғли ҳудудларни отда, чўл-у даштларни эса туяда кезиб, гўзалликлардан баҳра олмоқда.

Мамлакатимиз ўзининг кўплаб тарихий-меъморий ёдгорликлари, иқлими, меҳмондўст халқи билан ҳамиша дунё аҳли диққатини ўзига тортиб келган. Туризм соҳасидаги кенг кўламли ўзгаришлар хорижлик сайёҳларнигина эмас, юртимиз аҳлини ҳам мамнун этаяпти. Президентимизнинг «Ўзбекистон Респуб­ликаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ва «Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида», «Ички туризм­ни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари соҳа ривожига янада кенг йўл очди.
«Ўзбекистон Респуб­ликаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон асосида 7 та давлат фуқаролари (Исроил, Индонезия, Корея Республикаси, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Япония)га, шунингдек, юртимизга мунтазам авиарейсларни амалга оширувчи ҳаво кемалари экипажлари аъзоларига мамлакатимиз ҳудудига кириш санасидан бошлаб 30 кунлик муддатга визасиз режим жорий этилди. Бундан ташқари, 39 давлат фуқароларига туристик визалар расмийлаштириш тартиби соддалаштирилгани фикримизнинг исботидир.
Туризм салоҳиятини оширишга респуб­лика касаба уюшмалари ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келаяпти. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги «Касаба сайр» унитар корхонаси томонидан бу йўналишда муайян ишлар амалга оширилмоқда.
— «Касаба сайр» унитар корхонаси ташкил этилганига ҳам бир неча йил бўлди. Ўтган даврда катта тажриба орттирдик. Соҳага оид кўп жиҳатларни ўргандик. Буни амалда қўллаб келаяпмиз, — дей­ди корхона директори Тўлқин Хидиров. — Баҳор фасли бошланиши билан ўлкамизда сайру саёҳатга эҳтиёж янада ортади. Саёҳатга чиқиб, дам олишни кўнглига туккан киши борки, аввало, ўзига ҳар томонлама қулай ва сифатли хизмат кўрсатадиган ташкилот билан ҳамкорлик қилишни хоҳлайди. Бундай ишончни қозониш учун нима қилмоқ керак?
Индивидуал туризмда қатор омилларга эътибор бериш талаб қилинади. Биринчидан, замон талабига жавоб берадиган транспорт воситасидан фойдаланиш лозим. Сайёҳларга энг сўнгги русум­даги транспорт турларини тавсия қиламиз. Иккинчиси эса меҳмонхона бўлиб, унинг тарихий обидалар атрофида бўлиши, меҳмонлар учун хизмати ва нархи қулайлигини ҳисобга оламиз. Учинчиси — овқатланиш. Ҳар бир овқат, аввало, хавфсиз, тўйимли, шу билан бирга, мазаси билан сайё­ҳларга ёқиши, сабзавотлардан тайёрланадиган салатлар ҳам шунга мос бўлиши лозим. Бир келиб унинг мазасини тотган борки, яна ва яна келишни, ўша ­таомни истеъмол қилишни истаса, «мазаси тилимда қолди», дея кайфияти кўтарилса, бундан ортиқ ютуқнинг ўзи бўлмайди. Таом танлаш жараёнида, аввало, миллийликка ­эътибор қаратамиз. Қайси ҳудудга борилса, меҳмонлар ўша жойнинг ўзига хос миллий овқатларини хуш кўришади. Уларнинг хоҳишига қараб ўша таомни тайё­рлаш жараёни, қандай маҳсулотлар ишлатилиши ҳақида батафсил маълумот берамиз. Айни кунларда чет эллик туристлар учун таом тайёрлаш бўйича Маҳорат дарслари ўтказишни режа қилаяпмиз. Ош, ҳалим, чуч­вара каби кўплаб миллий таомларимизни пишириш жараёнида уларнинг ўзлари ҳам бевосита иштирок этади.

Яна бири гид масаласи. Гид барчани қизиқтирган ҳолда тарихий обида ёки ­мустақиллик йилларида барпо этилган объектлар ҳақида батафсил маълумот бера олиши лозим. Албатта, уларни танлаш жараёнида бу борадаги билими ва туристлар билан ишлашдаги маҳоратини ҳисобга оламиз. Шунингдек, қўшимча омил сифатида маданий тадбир ва бошқа қатор хизматларни юқори савияда ташкил этишга ҳаракат қиламиз.
Федерация Кенгашининг Раёсат қарори асосида «Касаба сайр» шўъба корхонаси Президентимизнинг мамлакатимизда туризмни жадал ривож­лантириш истиқболлари, сайёҳлик объектларидан самарали фойдаланиш, кўрсатилаётган хизмат турлари сифатини ошириш, юртимизнинг диққатга сазовор жойларига сайёҳлик оқимини кўпайтириш ­бўйича қабул қилган қарорлари ижросини таъминлаш борасида бир қанча ижобий ишларни амалга ошираяпти. Касаба уюшмалари тизимида туризмга бўлган қизиқиш йилдан-йилга ортмоқда. Бу йил корхона, ташкилот, муассасаларда фаолият кўрсатаётган ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзоларини туризмга жалб этиш янада кучаяди. Жорий йилда 130 минг нафар меҳнаткашнинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон, Марғилон, Термиз, Шаҳрисабз, Қарши каби тарихий шаҳарлар ҳамда ўз ҳудудларидаги қадамжоларга саёҳати ташкил этилади.
Юртимизга сайёҳларни жалб этиш ва соҳада тажриба алмашишга ҳам алоҳида аҳамият қаратилаётир. Хусусан, жорий йилда Қозоғистон ва Қирғизистон (жумладан, Иссиқкўл вилоятида жойлашган санаторийлар ҳамда «Роҳат» ва «Дилором» дам олиш ҳудудлари)га юртимиздан 300 нафар сайёҳ юборилади ва ўз навбатида, ушбу давлатлардан, шунингдек, Россия, Беларус, Малайзия каби мамлакатлардан юзлаб сайёҳлар мамлакатимизнинг бой тарихи, маданияти ва меъморий обидалари билан яқиндан танишиш истагини билдирган. Малайзия, Сингапур, Россия, БАА, Беларус ва Европа давлатларига ҳам сайёҳлар жўнатиш режалаштирилмоқда.
Туристларга юқори сервис хизматларини ташкиллаштириш ва туризм хизматлари самарадорлигини ошириш мақсадида сўнгги русумдаги замонавий автобус олиб келинаяпти. Сайёҳларга Касаба уюшмалари Федерациясига тегишли «Саёҳат сари» (Тошкент), «Нодир Самарқанд» (Самарқанд), «Шамс Хива» (Хоразм) меҳмонхоналарида ҳам сифатли хизмат кўрсатиш таъминланади.
— Шу юртда яшаб, унинг саёҳатбоп жойларини кўрмаганлар орамизда қанча, — дея сўзини давом эттиради Тўлқин Хидиров — «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» ички туризмни ривож­лантириш дастурини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режасига кўра, ишчи-ходимини саёҳатга олиб чиқадиган корхона, ташкилотларга солиқ имтиёзи берилиб, бошқа қатор қулайликлар яратилади. Бу сайёҳлик оқими ошишига замин яратади. Демак, масъулиятимиз ва ишимиз салмоғи янада кўпаяди. Биз, соҳа эгалари бу йўлда фаоллик кўрсатишимизга, ўз устимизда кўпроқ ишлашимизга тўғри келади.
«Касаба сайр» шўъба корхонасининг туристик имкониятлари, амалдаги акциялари, саёҳат йўналиш ва объектлари ҳақида маълумот олмоқчи бўлганлар учун www.turizm.kasaba.uz расмий веб-сайти ишлаб турибди.
Бир нарсани таъкидлаш жоизки, «Касаба сайр» туристик корхонаси «Саёҳат қилинг, севинг, ҳаётнинг ҳар лаҳзасидан роҳатланинг!» шиори остида юртимиз ва хорижликларга қулай бўлган вақтда, энг арзон нархларда мароқли дам олиш ҳамда ёқимли, сифатли ва хавфсиз саёҳат турини таклиф этади. Хоҳ дунё бўйлаб, хоҳ қиёси йўқ бўстон — Ўзбекистон ичра «Касаба сайр» билан саёҳатга чиққан борки, асло ютқазмайди.

Салим Абдураҳмонов

Бошқа хабарлар