АЛЕКСАНДР МАТРОСОВ … ЎЗБЕК ЎҒЛОНИ ЭМАСМИ?

369

 1943 йилнинг қаҳратон қиши. Иккинчи жаҳон уруши фронтларида совет давлати ва совет ижтимоий тузуми ҳал бўлаётган кунлар. Олаётган нафасингиз ҳам музлаб қоладиган қиш бўлганига қарамай, аҳоли яшайдиган ҳар бир даҳа, ҳар бир кўприк, ҳар бир уй учун ҳаёт-момот жанги кетаётган, душман отаётган ўқ ва снарядлар ёмғиридан чўчиб, окопдан бошини кўтара олмай қолган жангчиларни олға ундаган, жанговар буйруқни бажармаган жангчилар эса шу заҳоти отиб ташланаётган қиёмат қойимдан иборат дақиқалар, соатлар, кунлар…

Фронтга ўз хоҳиши билан борган бошқа курсантлар қатори Александр Матросов ҳам 1943 йил январида жанг майдонига киради. У шу йилнинг 15 февралидан бошлаб 91-алоҳида Сибирь кўнгилли бригадасининг 2-алоҳида ўқчи батальони таркибида  Ватан олдидаги хизмат бурчини ўтай бошлайди. 1943 йил 27 февралда Иккинчи жаҳон уруши тарихига олтин ҳарфлар билан ёзилган жанговар воқеа рўй беради. Шу куни батальон Псков вилоятининг Черёмушки қишлоғи яқинидаги таянч пунктни эгаллаш учун ҳужумга ўтади. Жангчилар ўрмондан чиқишлари биланоқ пулемётлардан отилган ажал ёмғирига дуч келадилар. Ўқ қишлоқ йўлини тўсиб турган немисларнинг учта дзоти – учта пулемёт ўрнатилган истеҳкомдан тинимсиз тараллаб отилиб турарди. Душманнинг ўт сочаётган нуқталарини яксон қилиш учун 2 кишидан иборат ҳужумчи гуруҳлар юборилди. Кўп ўтмай, икки дзот ер билан яксон этилди. Учинчи пулемёт эса қишлоққа кираверишдаги жарликни ўққа тутишда ҳамон давом этарди. Бу пулемётнинг “жағини ўчириш” учун душман томонга оддий аскарлар — Александр Матросов билан Пётр Огурцов эмаклаб кетишди. Душман ўқи Огурцовга теккач, Матросов вазиятни қўлига олиб, ўлим шарпалари пилдираб келаётган томонга иккита гранатани улоқтирди. Ҳайтовур, пулемётнинг “жағи ўчди”. Аммо кўп ўтмай, ўқ ёмғири яна жангчилар устига ёғила бошлади. Истеҳкомга яқинлашиб қолган Матросов фақат битта имкон қолди — у пулемёт ўқлари учиб чиқаётган жойга — амбразурага шартта ўзини ташлади!

Матросовнинг бу жасорати билан батальон олдига қўйилган жанговар топшириқ тўла бажарилди — батальон душманнинг қаршилигини енгиб, ҳужумга ўтди! Бу мислсиз жанговар жасорати учун 1943 йил 19 июлда қизил аскар Александр Матросов  (ҳалок бўлганидан кейин) Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони билан тақдирланди.

Матросовнинг бу тарихий жасорати уруш йилларида кўп тарғиб ва ташвиқ қилинди. Унга бағишланган юзлаб шеърлар, очерклар, мақолалар ёзилди. Шу жасорат ва унинг тарғиботи таъсирида 1941-1945 йиллардаги жаҳон урушида 500 дан зиёд жангчи Матросов жасоратини такрорлади.

Шу нарса ғаройибки, Матросов жасоратини “такрорлаган” жангчилардан бири хўжандлик ўзбек йигити Тўйчи Эрйигитов бўлиб, у Матросовдан олдин душман зотини ўз бадани билан ёпиб, қуролдош ўртоқларининг зафарли ҳужумга ўтишларига шарт-шароит яратган эди.

Номи Иккинчи жаҳон уруши тарихига олтин ҳарфлар билан ёзилган Александр Матросов ким, қайси мард отанинг фарзанди бўлган?..

Яқин-яқингача совет халқи фақат бир нарсани билган, холос: Александр Матвеевич Матросов 1924 йил 5 февралда Екатеринослав шаҳрида туғилган. Дастлаб Ульянов вилоятининг Мелексек ва Иваново шаҳарларидаги болалар уйида, кейин Уфа шаҳридаги болалар меҳнат колониясида тарбияланган. Шу ердаги мактабнинг еттинчи синфини тугатганидан сўнг колония тарбиячисига ёрдамчи бўлиб ишлаган. Уруш бошланган кунларда 17 яшар навқирон йигит Александр Матвеевич Матросов фронтга кўнгилли бўлиб бориш учун бир неча марта ариза ёзган. Ниҳоят, 1942 йил сентябрида у ҳарбий хизматга олиниб, Оренбургдаги пиёдалар билим юртига ўқишга юборилган.

Айрим манбаларда Бошқирдистоннинг Кунакбаево (Қўноқбой) қишлоғида туғилган Шокирзян Юнусович Муҳамедёнов Матросовнинг отаси сифатида тилга олинади. Александр гўё отаси иккинчи марта уйланганидан сўнг, уйидан қочиб кетиб, Уфа шаҳридаги болалар меҳнат колониясига бориб қолган. Бошқа бир манбада ёзилишича, Матросов Ставрополь уезди Саратов губернияси (ҳозирги Ульянов вилояти)нинг Високий Колок қишлоғида туғилган; эри вафот этганидан сўнг уруш йилларида 3 фарзанди билан қолган онаси ноиложликданми ё бошқа сабаб биланми, Александрни Мелексек қишлоғидаги болалар уйига берган.

Матросовнинг кимлиги, кимнинг фарзанди эканлиги масаласига оид аниқ маълумотнинг йўқлиги ҳар қандай кишида бундай мулоҳазани уйғотиши табиий: демак, у ночор оилада туғилган ва у болалар уйига топширилган вақтда отаси бўлмаган. Одатда шундай болалар ўтган асрнинг 20-йилларидан бошлаб болалар уйидан паноҳ топганлар. Александр Матросовнинг ҳам отадан етим қолган шундай болалардан бири эканлиги шубҳасиздир.

Яқинда қутлуғ 90 ёшини нишонлаган атоқли олим, фалсафа фанлари доктори Қўчқор Хоназаров ажойиб ҳаёт йўлини босиб ўтган. Ўзбек ёшларидан биринчи бўлиб Москва давлат халқаро муносабатлар институтини тугатган Қўчқор ака Иккинчи жаҳон урушида жангчи сифатида қатнашиб, бир неча марта оғир жароҳат олган, мамлакат ичкарисидаги бир неча ҳарбий хастахоналарда ётган. Шундай пайтлардан бирида бўлса керак, у Матросовнинг ота-онаси тўғрисидаги “миш-миш”лардан яна бирини эшитган. Қўчқор аканинг 90 йиллиги муносабати билан чоп этилган “Ҳақиқатни билишнинг олис йўли” (“Долгий путь познания”, 2017) деган китобида у  бизни қизиқтирган масала бўйича бундай маълумотни берган:

Бошқирдистон пойтахти Уфадан ўнлаб километр нарида ёш бошқирд-татар оиласи яшаган. Бу оилада ота ва онадан ташқари, уларнинг 5 яшар фарзанди — ўғли ҳам бўлган. Она касалликка чалиниб, вафот этган. Хотинсиз қолган эр иккинчи марта уйланган. Уларнинг ҳар иккиси ҳам ишлагани учун бола қаровсиз қолган. Улар ўйлаб-ўйлаб, 5 ёшли болани болалар уйига бериб, ҳукумат қаровига ўтказишни маъқул кўришган. Боланинг исм-шарифи болалар уйида ишлаган рус аёлларига ғалати кўринган. “Болалар уйидаги ҳамма болалар “Коля”, “Миша”, “Андрюша” сингари таниш исмлар билан аталган бир пайтда бу янги етим болани “Шукурзян Мансурзянов” дегунча оғзимиз қийшайиб кетади. “Шукурзян”ни “Шурик” дея қолайлик. “Мансузян”и нимаси?  “Мансурзян” бўлди нима-ю, “Матросов” бўлди нима?..” – дейишган. “Қайтага “Матросов” сўзининг жаранглашини қаранг! Матросов-а!!” – дейишган аёллар. Шу-шу болалар уйига янги келган бола Александр Матросов бўлиб кетган.

Бу версия муаллифи Қўчқор Хоназаровнинг фикрига кўра, “Шукурзян Мансурзянов” — Александр Матросов бошқирд-татар йигитидир.

Атоқли олим, тарих фанлари доктори Ҳамид Зиёев узоқ йиллар мобайнида Сибирдаги илмий марказ ва архивларда ишлаб, Сибирь ва Волга бўйларидаги ўзбеклар тарихи бўйича ўнга яқин китобларни эълон қилган. Бу китоблардан маълум бўлишича, ўртаосиёликлар ХII-ХIII асрлардаёқ савдо карвонлари билан Сибирга борганлар. Кейинчалик турли тарихий воқеалар бухоролик, тошкентлик ва Ўрта Осиёнинг бошқа шаҳарларида яшаган ўзбекларнинг Сибирга кўчиб боришлари ва “сибирлик ўзбеклар” этнонимининг пайдо бўлишига сабаб бўлган. Бу жараён Ўрта Осиё чор қўшинлари томонидан забт этилганидан кейин ҳам давом этган. Чор маъмурияти ҳам, совет ҳуқуқ-тартибот органлари ҳам нафақат минглаб кишилар, ҳатто минглаб оилаларни ҳам Сибирга сургун қилганлар.

Ҳамид Зиёев “Сибирь, Волга ва Урал бўйидаги ўзбеклар” (Т., 2003) китобида ўзбекларнинг Сибирь кенгликларига бориши тарихига оид қизиқарли маълумотларни бериб, бундай хулосавий фикрни айтган:

“ХХ аср бошларида бухороликлар ва тошкентликларнинг татарлар билан алоқаси янада кучайиб кетди. Татарлар сон жиҳатдан кўпчиликни ташкил этганлиги туфайли Сибирдаги бухороликлар мактаб ва олий ўқув юртларида татар тилида маълумот олдилар. Дарсликлар, қўлланмалар, газета ва журналлар ҳам татар тилида нашр этилган. Шунинг учун ҳам бу ердаги бухороликлар ва тошкентликлар ўз она тилини маҳаллий тил, татар тилини эса адабий тил ҳисоблайдилар…

…Кейинги юз йил давомида Сибирдаги бухороликлар ва тошкентликлар ота-боболарининг асл ватани бўлган Ўрта Осиё билан алоқа қилмай қўйдилар. Чунки, улар Сибирнинг ҳақиқий маҳаллий аҳолисига айланиб кетди. Пировардида ўзбеклар тил ва урф-одатлар жиҳатидан бир-бирига анча яқин бўлган татарларга қўшилиб кетдилар”.

Бу сатрлардаги “татарлар” сўзи ёнига “бошқирдлар” сўзини ҳам қўшсак, тўғрироқ бўлади. Бу икки миллатни бир-биридан ажратадиган миллий белгилар бўлишига қарамай, улар тил нуқти назаридан ҳам, урф-одатлар нуқтаи назаридан ҳам бир-бирига ғоят яқин. Ана шу икки ялакат миллат билан ассимиляцияга киришган бухоролик ва тошкентликлар орасида “Шукуржон” ва “Мансуржон” исмлари оз бўлмаган. Бу киши исмларининг ўзбек ва татар-бошқирд тилларининг яқинлашиши (ассимиляцияси) натижасида “Шукурзян” ва “Мансурзян” бўлиб кетган бўлиши табиий. Шундай экан, ўзбек ўғлони Шукуржон Мансуржонов тақдир тақозоси билан Александр Матросов бўлиб кетган, десак, балки хато бўлмас.

Ҳар ҳолда бу масалани чуқурроқ ўрганиш тарихчи олимлар олдида турган долзарб вазифалардан биридир.

Наим КАРИМОВ,

адабиётшунос

Бошқа хабарлар