Кун тартибида хотин-қизлар манфаатлари

678

Хоразм вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси томонидан «Ишловчи аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ва ҳуқуқий манфаатларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга молик масалалар» мавзусида давра суҳбати ташкил қилинди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари масъул ходимлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳамда касаба уюшма фаоллари иштирок этдилар.

Давра суҳбатида вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси Равшан Жабборов ишловчи хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ижтимоий шерикликда олиб борилаётган ишлар хусусида ахборот берди. Вилоят савдо-саноат палатаси раҳбари Шавкат Сафарбоев аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг илғор ғояларини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамиятга молик масалалар хусусида тўхталди. Шунингдек, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизлар бандлигини таъминлашда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигининг аҳамияти, хотин-қизларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга кўмаклашиш, илмий ишланма ва инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳаётга татбиқ қилиш, хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Муяссар МАШАРИПОВА,

Хоразм вилоят ҳокимлиги котибият мудири:

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони  фаолиятимизни тубдан ўзгартириш баробарида, олдимизга ўта долзарб ва муҳим вазифаларни қўйди. Биз бугун вилоятимиздаги ҳар бир аёл ҳақидаги маълумотларни шакллантириб, уларнинг ютуқ, муаммо ва хоҳиш-истакларини ўрганяпмиз. Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, фарзанд тарбияси, ногиронликнинг олдини олиш юзасидан амалий тадбирлар кўрилмоқда. Мақсадимиз шуки, ҳеч бир аёл ўзини бахтсиз ҳис қилмасин, ҳаётдан норози бўлмасин. Бунга эришиш учун ҳаммамиз ҳамкорликда иш кўришимиз лозим.

Садоқат РЎЗМЕТОВА,

Хоразм вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи:

— Касбим тақозоси билан қамоқхоналарда бўлганимда, маҳбус аёллар тақдири билан қизиқаман. Ишонинг, ҳар сафар юрагим оғрийди. Бугун мамлакатимизда жиноятчиликнинг олдини олиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарликлар содир этилишига йўл қўймаслигимиз лозим. Кейинги йилларда жиноятга мойил шахслар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги натижасида 2018 йилнинг ўтган икки ойида умумий жиноятчилик ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 180 тага камайди. Жиноятчиликка мойил фуқаролар хонадонларига якка тартибда кирилиб, уларнинг муаммолари, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни келтириб чиқарувчи омиллар ўрганилди. Эндиликда уларни бартараф қилиш чоралари кўрилмоқда. Давра суҳбатида ушбу мавзуда маъруза қилар эканман, фаол аёлларимизни жиноятчиликка қарши курашишда ҳуқуқ-тартибот органларига кўмакдош бўлишга чорладим.

Гавҳар ДУРДИЕВА,

архитектура фанлари доктори, Хоразм маъмун академияси раисининг илмий ишлар бўйича ўринбосари:

— Оиласидан, рўзғор юмушларидан ортиб илм-фан билан шуғулланаётган аёлларимиз сафи кенгаяётганидан хурсандман. Янги ғояларимизни амалга оширишда давлатимиз бизга кўмакдош бўлмоқда. Айниқса, кейинги йилларда инновацион ғояларнинг кенг қўллаб-қувватланаётганлиги бизни ижодий, илмий ютуқлар сари ундамоқда. Муҳтарам Президентимизнинг Хивага ташрифи чоғида у кишига ўз мақсадларимни етказдим. Академиямизга катта миқдорда маблағ ажратилди. Натижада Хива шаҳридаги иморатларнинг умрбоқийлигини таъминлашга йўналтирилган илмий-амалий фаолиятимизни кенг миқёсда давом эттириш имконига эга бўлдик.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,

«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар