Матбуотнинг кучи нимада?

196

Кўпчилигимизга маълум, юртимизда қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти мавжуд бўлиб, ушбу тузилмалар қонун доирасида бир қанча ваколатларга эга. Бироқ норасмий бўлса-да «тўртинчи ҳокимият» деб аталувчи матбуотнинг кучи қаерда? Унда ҳам ваколат ва имконият борми? Бор, албатта. Унинг кучи ахборот тарқатишида, унга эгалик қилишида. Қолаверса, муаммо ёки масалага жамоатчилик эътиборини қарата олишида… Амалда-чи?

Ўтган йили «Адолат» газетасининг 29-сонида «Қачон бошпанали бўламан?..» сарлавҳали мақолам эълон қилинган эди. Уни бир қанча интернет сайтлари ҳам беришди. Мақоланинг сарлавҳасидан ҳам билиш мумкинки, уй-жой масаласи кўтарилган.

Мақолада Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги «Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган вазифалар Тошкент вилоятининг Қибрай ва Зангиота туманларида ижро этилмаётгани баён қилинган эди. Ушбу қарорда ижтимоий соҳада фаолият олиб бораётган ёш оилалар юз йил ишлаб ҳам ойлик маошидан орттириб уй ололмаслиги инобатга олинган ҳамда уларни бошланғич бадалсиз 20 йиллик ипотека кредити эвазига уй-жой билан таъминлаш, бу шарафли вазифа эса «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати(ҳозирги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи)га топширилган эди. Асосийси, қарорда белгиланган талабларга бизнинг оила тўлиқ мос келди. Ахир касбимиз ижтимоий, яъни оилавий журналистмиз. Хотиним Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори, қолаверса, иккимиз ҳам касбимиз бўйича республика миқёсида ўтказилган қатор кўрик-танловларда махсус дипломлар билан тақдирланганмиз.

Хуллас, деярли уйли бўлдик деган хаёлда бундан уч йил аввал «Камолот» уйларидан бирини олиш учун ташкилотнинг ўзимиз доимий рўйхатда турадиган Қибрай туман бўлими орқали ариза топширдик. Шундан сўнг кўп ўтмай «Камолот» ЁИҲ марказий кенгашининг қарорига асосан Зангиота туманида қуриладиган уйлардан бирини олиш имкониятига эга бўлдик. Бироқ орадан шунча вақт ўтса-да, биз истаган Зангиота ёки Қибрай туманида бирорта ҳам шу турдаги уй-жой қурилмади. Сабаби бизга қоронғи…

Ўтган даврда фақат умид қилмадик, тегишли идораларга мурожаат қилдик, бироқ ҳаммаси фойдасиз бўлмоқда. Қисқаси, қачон Қибрай ёки Зангиота туманида «Камолот уйи» қурилса, навбат бўйича уй олишимиз «тушунтирилади». Энг ёмони, уйлар қачон қурилади деган саволга жавоб берадиган одам йўқ. Юқоридаги қарорда эса республикамизнинг ҳар бир ҳудудида камида иккитадан ана шундай уй қурилиши белгиланган эди.

Маълумотларга кўра айни пайтда Тошкент вилояти бўйича ушбу турдаги уйлар қурилишини интиқ кутаётган биз каби ёш оилалар сони Қибрай туманида 63 та, Зангиотада эса 47 та. Улар йиллар давомида ижарада, ноқулай шароитларда яшашга мажбур бўлмоқда.

Биз ёшлар доимо эътибор марказида бўлган юртда яшаймиз. Ҳар ҳолда шундай деб ўйлаймиз. Ёш оилаларга яратилаётган имкониятлар ҳақида кўп гапирамиз, ёзамиз. «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг ўтган йили ўтказилган қурултойида президент таъкидлаганидек, ёшларнинг муаммоларига келганда масъул раҳбарларнинг барчаси ҳам бирдек жон куйдирмайди. Афсуски, куйдиришмаяпти ҳам. Йўқса, ўтган йили матбуотда эълон қилинган мақоламга ҳеч бўлмаса бирор масъул идора изоҳ берарди…

Шу юртда яшаб, ишлаб, унинг порлоқ келажагига умид боғлаб келаётган ёшлар кредитга бўлса-да уй олиши шунчалик қийинми?! Топаётган ойлик даромадининг келишидан олдин кетадиган жойи (ижарада яшаганлар билади) тайин бўлган биз каби уй-жойга муҳтож оилалар юртимизда камми? Уларнинг орасида уйли бўлиш учун пул топармиканман деб чет давлатларда сарсон-саргардон бўлиб юрганлари қанча?! Ўлиб кетаётганлари-чи?.. Биз эса ҳамон ҳукуматнинг қарорига ишониб, кунлар, ойлар, йилларни ижара уйда ўтказмоқдамиз…

Сарвар Очилов,

журналист

Бошқа хабарлар