Мудофаа тизимида маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этишнинг энг муҳим омиллари

339

Бугунги кунда айрим минтақалардаги халқаро муносабатларнинг  тобора мураккаблашиб борётгани, 200 дан ортиқ давлатларнинг 40 га яқинида турли хил миллий-этник, диний келишмовчиликлар ҳамда халқлар ва давлатлар ўртасида турли низоларнинг тобора чуқурлашиб, ҳаттоки, ядровий таҳдидларнинг хавфи тобора ортиб бораётганлиги мамлакатимиз сиёсатининг бош омилида тинчликпарварлик ва барқарорлик принциплари турганлигини Призидентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар кўрсатиб турибди.

Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё балки дунё мамлакатлари билан ҳам стратегик нуқтаи назардан иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ҳамкорликларни мустаҳкамлаб бормоқда.  Жамиятимизда яшовчи инсонларнинг Ватанга бўлган муҳаббати она меҳри ва ота жасорати орқали намоён бўлади. Ватан инсоннинг киндик қони тўкилган, ҳаётига маъно-мазмун бахш этадиган табаррук маскандир. Аждодлардан авлодларга қоладиган буюк мерос ва унитилмас хотира орқали ватанни улуғлаймиз. Айни Ватан туйғуси билан яшайдиган инсонларнинг ғурур-ифтиҳори юксак, мақсад-муддаолари аниқ бўлади. Ватан равнақи, юрт тинчлиги бебаҳо неъматдир.

Инсоният кишилик тараққиётининг барча босқичларида, аввало, тинчлик ва тотувликка интилиб келган. Ўзбек халқи тинчлик ва барқарорликни юксак қадрлайди. Ўз орзу-интилишларининг рўёбга чиқиши кафолати, деб билади. Шунинг учун ҳам озод ва обод яшаш ҳуқуқини кўз қорачиғидек асрайди. Ватанга садоқат, аждодлар меросига қизиқиш миллий маънавиятдан баҳрамандлик, ўзига ишонч, умумбашариятга ҳурмат туйғулари орқали келажакка нисбатан масъуллик мажбуриятини мустаҳкамлайди. Шу билан бирга мамлакат сарҳадларини мустаҳкамлаш, чегараларимиз далсизлигини кучайтириш, ички ва ташқи таҳдидларга қарши кураш ҳар доим инсонни огоҳликка даъват этиб туради. Ўзбекистон ҳукумати мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб, ўз армиясига эга  бўлиш, ҳарбий ватанпарварлик туйғуларини истиқлол руҳи билан ҳамоҳанглаштириш, миллий армияни ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабига  айлантириш, ватанга хизмат – олий саодат эканлигини фуқаролар онги-шуурига сингдириш ва шу орқали Ватан тупроғидаги оддий хас ҳам, оддий тош ҳам муқаддас, ватан ёди билан нафас олган аждодларимизга муносиб ворис бўлиш энг буюк саодатдир, деган бебаҳо ғоя бизнинг асосий ғоямизга айланади.

Шу боис, 1993 йилнинг 22 ноябрида “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий қисмларининг жанговар байроғи тўғрисида”ги Президент фармони имзоланиб, Қуролли кучлар жанговар байроғининг ягона намунаси белгиланди. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1993 йил 29 декабрдаги Ўзбекистон Республикасининг “Ватан ҳимоячилари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунига биноан, 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни, деб эълон қилинди. 1995 йил августдаги қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий докторинаси мустақиллигига эндигина тўрт йил тўлган мамлакатнинг ҳарбий соҳадаги сиёсатини белгилаб берди. Минтақадаги ҳарбий сиёсий вазиятдан келиб чиққан ҳолда 2000 йил 3 февралда Ўзекистон Республикасининг Мудофаа докторинаси қабул қилинди.

2018 йил 9 январда эса янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа докторинаси тўғрисида Қонуни имзоланди. Докторина 4 бўлим, 40 банддан иборат бўлиб, унда умумий қоидалар, ҳарбий-сиёсий жиҳатлар, ҳарбий-стратегик жиҳатлар ва ҳарбий-иқтисодий жиҳатлар қамраб олинган.

Ҳарбий докторина Ўзбекистон Республикаси мудофаа сиёсатининг негизини ташкил этади ва миллий хавфсизлик  умумдавлат концепциясининг таркибий қисми бўлиб, ташқи сиёсат, давлатлараро муносабат масалалари мутлақо янгича ёндашувларга асосланади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ишончли мудофаа қобиляти ва Қуролли Кучларнинг юксак жанговарлик қобиляти иқтисодий, сиёсий, стратегик ҳамда ҳарбий-техникавий ва илмий куч-қудратни ривожлантириш, Ўзбекистон халқининг жипслиги ва ҳар бир фуқарони ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг энг муҳим принципдир.

Эндиликда ҳарбийларни ижтимоий ҳимоялаш, уларни арзонлаштирилган уй-жойлар билан таъминлашнинг янги босқичга чиққанлиги ҳам инсон манфаати жамиятимизда энг муҳим масалалардан бири эканлигидан далолат беради.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясининг  фаолияти эса ҳарбий ислоҳотларнинг асосида турадиган илмий, ғоявий тамойилларни янада мустаҳкамлайди ҳамда ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим омил ҳисобланади.

Т.Д.Маматқобилов,

Республика Маънавият ва маърифат маркази Тарғибот ишларини методик таъминлаш бўлими бошлиғи

 

Бошқа хабарлар