Оила тўй қилиш учун қуриладими?

2,666

Хоразмда ўғил уйлантириш Тошкентда қиз чиқаришдай гап.
Аввало, қалин пули берилади. Урганч шаҳрида қалин пули арзон — бир ярим-икки миллион сўм атрофида. Туманларда бу миқдор беш миллион сўмдан ўн миллион сўмгача. Қиз олий маълумотли, қўлида ҳунари бор бўлса, «нархи» шунга яраша қимматроқ бўлаверади.

Яқинда урганчлик танишим қиш­лоқдан келин қилди. Ўн уч миллион сўм қалин пули сўрашибди. Бечора аёл бевалиги, уч фарзандни тарбиялаётгани, икки фарзандини олий ўқув юртида тўлов асосида ўқитаётгани қуда томонни асло қизиқтирмаган. Икки ёшнинг бир-бирига кўнгил қўйгани умуман ­эътиборга олинмаган: «Хоҳласанг шу, хоҳламасанг…». Ўғли «шу қиздан бошқасига уйланмайман» деганидан кейин онаизорнинг сўралган пулни беришдан бошқа иложи қолмади. Галдаги масала — келинни кийинтириш. Хоразмда куёв тараф келин бўлмишга ҳар мавсумга мослаб алоҳида уч-тўрт сидра ­кийим-кечак олиб беради.

— «Ишонмайсиз, нақ 25 миллион сўмга келинни кийинтирдим. Йиллар давомида йиғиб келган матоларимни қудам «урфдан қолган» дея отиб юборди. Бозордаги энг қимматбаҳо кийим-кечакларни кўрсатиб тураверди», — дея ҳасрат қилади аёл. Узук, зирак, билагузукларни ҳам олиб бердим. Ўн беш қариндошига сарпо қилдим. Мебелларини ҳам ўзимиз олдик. Навбат тўйга келди. Икки томон келишиб, битта тўй қилишга кўнишмади. Қиз йиғинини алоҳида қилишди. Унинг ҳам харажатларини кўтаришимга тўғри келди. Сарф-харажатлар нақ юз миллион сўмга борди. Бу пулга ўғлимга икки хонали уй олиб берсам бўларди. Шунинг ярмини қарз кўтардим. Хоҳлай-хоҳламай, қудаларимдан тўйдан олдин кўнглим қолди.
Қиз томондагилар «Қудачилик — минг йилчилик», «Қиз томон тўйгача ноз қилади, куёв томон тўйдан сўнг» деган гаплардан анча бехабар кўринади. Йўқса, «тўйдан кейин қизимнинг аҳволи нима кечади», деган истиҳолага боришган бўлишарди.
Дарҳақиқат, бугун тўйларимизни кузатган киши «Ёшлар оила қуриш учун тўй қилишяптими ё тўй қилиш учун оила қуришяптими?», деган ўйга бориши аниқ. Айниқса, тўй билан боғлиқ янги-янги маросимларнинг кириб келаётгани янада ташвиш­ли. Кейинги пайтларда фотиҳа тўйларини дабдабали ўтказиш урф бўлмоқда. Одатда номидан ҳам англашилганидек, қуда томони қизникига тўй маслаҳатини қилишга келадиган маросим ҳозирда тўйхоналарда юздан зиёд аёллар чақирилиб, машҳур санъаткорлар иштирокида ўтказилмоқда. Тўғри, бундай тадбирни расамади билан ўн-ўн беш нафар қариндошини чақириб ўтказаётган оилалар ҳам йўқ эмас. Бироқ улар бармоқ билан санарли. Ундан кейин навбат «Қиз йиғини» деб номланган тадбирга келади. Бу тадбир ҳам тўйхоналарда камида 200-300 кишилик меҳмон иштирокида ўтказилишини ҳисобга олсак, бемалол тўй деб аташ мумкин. Бу тўйда фақат куёв қатнашмайди, холос. Қиз йиғини ўтказилган куни келин-куёв тенгқурлари билан алоҳида «банкет» ҳам қилишади. Унда камида 50 киши иштирок этади. Энг ёмон тарафи, бу «тўйча» чет эл киноларидаги тўйларни эслатади. Ёш-яланг спиртли ичимликларни сипқорганча энг сўнгги урфдаги қўшиқларга жазава билан рақс тушади. Бу ҳолатни узоқдан кузатган одам «тунги клуб»га келиб қолган бўлсам керак», деб ўйлаши табиий. Навбат тўйга келди. Келин чиқишига қизникида, келишига куёвникида ош қилинади. Бунга ҳам камида 150-200 нафар меҳмон чақирилади. Кечқурун шу меҳмонларга яна 200-300 одам қўшилиб, тўйхонага никоҳ тўйини ўтказишга борилади. Буларнинг барчаси куёв тарафга арзонга тушмаслигини хомчўт қилиш қийин эмас. Буларга «келин-куёв сайри», келин либослари, хонандаларга тўланадиган маб­лағлар ҳам қўшилади. «Хорижнинг «манаман» деган бойлари ҳам ўзбекка ўхшаб тўй қилолмайди», деб мақтанишларини тез-тез эшитиб қоламиз.
Тўй қилиш билан бирга тўйга бориш ҳам бир муаммо. Айниқса, аёллар учун. Иккита тўйга битта кўйлак кийиш аёл киши учун «уят» саналади, бундан ортиқ «шармандачилик» йўқ. Агар шундай қилишга тўғри келса, уйда катта жанжал чиқади. «Ҳусн тўйда керак» нақлига амал қилиб, эндиликда аёллар «гўзаллик салони»га кирмасдан тўйга бормайдиган бўлган. Улама сочлар-у сунъий кип­риклар, бир марталик тирноқлар ҳам анча пул туради. Урганчлик аёллар тоғора ­қилишни одат қилишмоқда. Совға-саломлар ҳам қўшиб ҳисобланса, битта тўйга бориш 500 минг сўмга тушади. Ҳар ойда камида учта-тўртта тўйга боришга тўғри келса, ойлиги ўртача бир миллион сўм бўлган кишига тўйга бориш ҳам жабр. ­Кейин­ги пайтларда «Келин саломи»ни тўйхонада қилиш урф бўлгандан кейин унга ҳам нимадир олиб бориш лозим бўляпти.
Кўриниб турганидек, юртимизда тўйлар йирик ижтимоий ҳодисага айланган. Бунинг оқибатида тўйхона, ошпазлар, ширинлик ва пишириқлар, сартарошлар, тикувчилар, санъаткорлар, сухандонлар каби хизматлар, автомашина ва либослар ижарасидан иборат тўй индустрияси барпо бўлган. Икки-уч соатлик тўй учун қанча одам сарсон, қанча маблағ талаб этилади — ҳисоблаган одамнинг ақли шошади. Мана шу меҳнат потенциалини туризм­ни ривожлантириш, маънавиятимизни юксалтиришга сарфласак, давлатимиз қанчалик ривожланиб кетиши мумкинлигини бир тасаввур қилиб кўрайлик.
«Тўй қиламан» деб қанчадан-қанча ёшлар, ота-оналар чет элларда сарсон-саргардон юрибди. Қурби етмаса ҳам «элдан кам қилмайман» дея қарз-қурз қилиб бўлса ҳам ­«орзусидаги» тўйни ўтказиши шарт.
— Тўй билан боғлиқ иқтисодий муаммолар кишини асабийлаштириши аниқ. Натижада уйқу бузилиши, зўриқиш, бош оғриғи, қон босими ошиши, юрак ишемик касаллиги, невроз ва бошқа касалликлар пайдо бўлади. Қолаверса, емай-ичмай пул йиғиш камқонлик, иммун тизимининг пасайиши каби қатор хасталикларни келтириб чиқаради, — дейди невропатолог Элбек Болтаев.
«Тўйларга борсам, ҳар доим бошим оғрийди, шу куни деярли ухлай олмайман». Бу сўзлар кўпчиликка таниш, шундай эмасми?! Бош оғриғига тўйларда мусиқанинг жуда баланд қўйилиши сабаб бўлади. Тўғри, тўй-тантаналар куй-қўшиқсиз ўтмайди. Лекин нимагадир мусиқанинг «гумбур-гумбур»идан атроф зириллаб, деворлар титрамаса, гўё ҳеч кимнинг кўнгли тўлмайди. Шу ўринда яна бир ҳақли савол туғилади: Хўш, фонограмма қўйиб топган пулини қўшиқчиларимиз нимага сарфлашяпти? «Кутубхона очаяпти, кичик завод қуриб, одамларни иш билан таъминлаяпти», дея хомтама бўлишга шошилманг. Улар тўйдан топган пулини чет элларда ўйнаб-кулиб келиш, қимматбаҳо клип­лар олишга харжламоқда. Халқимизнинг йиллар давомида машаққат билан топган пули улар орқали четга чиқиб кетаётгани ҳақида ҳам ўйлаб кўришимиз керак эмасмикин?
Тўй дастурхонларини айтмайсизми? Қайсидир фильмдаги «Тежаса, бир ойга ҳам етарди» деган сўзларни эсланг. Одатда бир ҳафтада ейиладиган маҳсулот икки соатда паққос туширилади. Ҳа, энди бу ёқда «жаранг-журунг» тўхтамаганидан кейин иштаҳа очилиб кетади-да… Тўйларда барча столларга спиртли ичимликлар тортилаётгани сабабли аёллар ҳам ичкиликбозликда эркак­лардан қолишмайдиган бўлишган.
Тўй тугади. Машмашалар ортда қолгандек гўё. Аммо оила хуржунини бўйнига олган йигитнинг қўлида ҳунари йўқлиги, келин бўлмишнинг тузукроқ овқат қилишни билмаслиги, олинган қарзни қайтариш каби муаммоларни ўйлашнинг ҳозир мавриди эмас. Дабдабали тўйлар ҳам саломатлигимизга, ҳам маънавиятимизга жиддий зиён етказаётганини бир четга суриб турамиз. Ҳозирча тўй дабдадали ўтса, маҳаллада «дув-дув» гап бўлса бўлди. Ваҳоланки, тўй эгасини қўни-қўшни, қариндош-уруғ яхши танийди. Дабдабали тўй ўтказгани учун обрўси ошиб кетгани йўқ. Чунки яхши тўйни ҳам, ёмон тўйни ҳам нари борса, бир-икки ҳафта гапириб юришади. Кейин эса у билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Лекин маҳалладаги кексаларни йиғиб, Самарқанд-у Бухорога олиб бориш, мактаб кутубхонасига 10 тагина китоб совға қилиш, ногирон қўшнисининг уйини таъмирлашга кўмаклашиш, сурункали касалликдан азият чекаётган маҳалладошига дори-дармон олиб бериш каби савобли ишларни қилганлар ҳақида эса умр бўйи гапиришади. Нега деганда, ­яхшилик унутилмайди.
Бу ҳақида ўйлаб кўришнинг айни фурсати келди, назаримизда.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА

Бошқа хабарлар