Ўркачли йўлнинг кўринмас уловлари

221

— Юрсангиз ҳам бўларди… — деди автоулов жойидан силжишини кутавериб тоқати-тоқ бўлган йўловчи аёл телефонда бемалол гаплашиб ўтирган ҳайдовчига қараб.
— Ҳеч бўлмаса яна икки киши ўтирсин, — деди ҳайдовчи телефондан узилмай.
— Вақтимиз зиқ. Бегим кунларида йўловчи жуда кам бўлади-ку?..
— Уч киши билан кетолмайман, менинг ҳам «режам» бор, — деди ҳайдовчи пинагини бузмай.
— Сиздақа ҳайдовчиларга кунимиз қолмасин экан-да. Сизга ўхшаганларни шаҳар йўналишига қўйиш керак. Зора, йўловчиларни озгина бўлса-да ҳурмат қилишни ўргансангиз, — дея асабийлаша ­бошлади аёл.
— Сизни ҳеч ким ушлаб ўтиргани йўқ. Ёқмаса, ана таксида кетинг, — деб жавоб қайтарди ҳайдовчи ҳам бироз асабийлашиб.
— Энди нимада кетишимни сиздан сўрашим қолувди. Мен мана шу маршрутда кетаман, — деди аёл шаҳд билан.
— Сизни олиб кетмайман, — дея бақира кетди ҳайдовчи ҳам.
Бу оҳангдаги гапдан сўнг аёлнинг бу уловда кетишга хоҳиши, тортишишга ҳоли қолмади шекилли, «бор-э» деганча қўл силтаб, тушиб кетди. Ҳайдовчининг ҳам жазаваси тутиб қолди чоғи, «Бу машина юрмайди, сизлар ҳам тушинглар, бошқасига чиқинг­лар», — дея биз, яъни қолган икки кишини ҳам тушириб юборди…
Камина Тошкент вилояти, Қибрай туманидаги «Ўнқўрғон» ҚФЙ манзилида яшайман. Турар жойи­миз тоғолди ҳудуди бўлгани боис ҳавоси тоза, табиати чиройли. Аммо дилни хира қиладиган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Минг афсуски, транспорт масаласи ва қатнов йўлларининг аҳволи талаб даражасида эмас.
Ёлғон бўлмасин, бу ўркачли йўллар ҳар йили ямалади. Аммо бу ямоқлар уч-тўрт ойга ҳам етиб бормайди. Негаки, юк машиналарининг қатнови кўп. Шу сабабли марказдан уйга қайтгунимизча таксичиларни ҳам кўндириш амри маҳол. Уларнинг «Бормайман, йўлларингиз машинани «тўкиб» ташлайди», деган важлари, афсуски, айни ҳақиқат. Бу борадаги мурожаатларимиз эса ҳали-ҳануз самара бермаяпти. Ҳолбуки, бу ернинг аҳолиси, айниқса, болалар транспорт қатновининг йўқлигидан (мактаб, коллеж, олий ўқув юртларига қатнаш азоби) азият чекишмоқда. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: «Етим йўл»га «ўгай муносабат» қачон ўзгаради?
Бу ердан якка-ю ягона «Тараққиёт — Аграр университети» бекатларига хизмат қилувчи 513-сонли йўналишли такси қатнайди. У ҳам баъзан кўнгилни хира қилиб, қиш кунлари соат 18:30 дан кейин «қора»сини ҳам кўрсатмайди.
— Йўлларнинг ўнқир-чўнқирлигидан кунора автосервисга мурожаат қиламиз, — дейди ушбу йўналишдаги такси ҳайдовчиси Ботир Олимжонов. —Шунинг учун ҳам намозгардан сўнг машиналар қатнови камаяди.
«Ўнқўрғон» ва «Маданият» ҚФЙ ларни туташтирувчи 3-4 километрлик йўлдаги мазкур қишлоқлар аҳолисининг қарийб 80 фоизи иш ё ўқиш учун шаҳар марказига қатнаши ҳисобга олинса, масаланинг нақадар жиддий экани аён бўлади.
— «Катта боғ» маҳалласи кўчалари ҳам таъмирталаб, — дейди шу ерда яшовчи Сирожиддин Комилов. — Маҳалладошлар пул йиғиб, шағал тўктирганмиз, холос. Шу боис автойўлни янгилаш ҳамда шаҳарга қатновчи жамоат транспорти қўйиб ­беришлари ҳақида юқори ташкилотларга бир неча йилдан буён мурожаат қиламиз. Афсуски, фойдаси бўлмаяпти. Ҳолат эса ҳамон «эски ҳаммом — эски тос»лигича турипти.
Бунга мутасаддилар нима дейишар экан?

Дилором
ХУДОЙБЕРГАНОВА

Бошқа хабарлар