Яна, афсуски, кино ҳақида…

769

«КиноАКАДЕМИЯ» ток-шоусининг галдаги сонини ниҳоясига етказаётиб, бир томошабин аёлга навбат бердим. Очиғи, сўз сўрайверганидан шунга мажбур бўлгандим. «Кейин монтажда олиб ташлайман», — деган фикр ўтганди хаёлимдан. Бироқ…

У аёлга сўз бериб адашмабман

… Кўрсатувни айнан унинг фикрлари билан якунладим. У «ток-шоуга келаётганимда ҳозирги киноижодкорлардан «Нимага яхши фильмлар олмайсизлар? Қачон тарихий шахс­лар ҳақидаги ўз фильмларимизни кўрамиз? Барча соҳада дунёга чиқиш учун ҳаракатлар бошланган. Натижаларимиз ҳам бор. Қачон ўзбек киноси ҳам дунёга чиқади?» — деб сўрамоқчи эдим. Лекин шунча таниқли ва севимли киночиларимизни қийнаётган муаммоларни, асл манзарани билганимдан кейин ҳозир бу саволни беришнинг мавриди эмаслигини тушундим. Саволимни ичимда олиб қолдим», — деди.
Менга «ўзбек киносидаги бугунги жараёнларни таҳлил қилиб, асл манзарага ойдинлик киритувчи, таҳлилий бир мақола ёзиб бериш ҳақида таклиф тушганида ўша томошабиннинг сўзларини эсладим. Балки ҳозир «қўл телефонидаги видеокамерани ишлата олган борки, ҳамма «киночи», ҳатто қўл телефонида ҳам фильм кўриш имкониятига эга бўлган борки, ҳамма «киношунос» бўлган бир замонда яна кино ҳақида гапириш, ёзиш…ортиқчадир. Бунинг устига, бу ҳақда гапираман десам, «Маданият ва маърифат» телеканали бир ойда икки бор бир соатдан вақт бериб қўйган бўлса… Аммо газета таҳририяти томонидан менга билдирилган ишончни оқлаш ва энг асосийси, бу ҳақда айтилиши керак бўлган гап кўплиги сабабли яна шу мавзуга қайтишга қарор қилдим.

Президент киночилар билан аслида нима учун учрашди?

Ўзингизга маълум, ўтган йили мамлакатимиз раҳбари киноижодкорлар билан икки марта учрашди.
Юртимиз ривожи, эл фаровонлиги йўлидаги қатор муаммолар ўз ечимини кутиб турган, дунё сиёсатидаги вазият гоҳ яхши, гоҳ ёмон томонга ҳар кун, ҳар дақиқа ўзгариб турган бир пайтда Президентнинг диққат-эътибори нега айнан кино соҳасига қаратилди? Кинодан бошқа ташвиши йўқмиди? — деган савол хаёлингиздан ўтган бўлса, ажабмас. Жавоби-чи? Ўз саволингизга ўзингиз жавоб излаб кўрдингизми? Ҳар бир юртнинг ўз давлат чегаралари бўлади. Мамлакат ичкариси тинч бўлиши учун сарҳадларимиз дахлсиз бўлмоғи лозим. Агар ўхшатиш жоиз бўлса, санъат турлари орасида энг оммавий бўлган кино соҳасини маънавиятимиз сарҳадларини қўриқлаши, асраб-авайлаши керак бўлган аскарларга қиёслаган бўлар эдим. Ана шу ерда ҳақли бир савол туғилади: Маънавиятимиз чегаралари қанчалик мустаҳкам?! Аслида, мен каби журналистлар савол бериб, жавобни ҳар доим бировдан эшитишга ўрганиб қолганмиз. Касбимиз шуни тақозо этади —ижодкор ҳамда томошабин ўртасида кўприк бўлиш. Лекин бугун ўзбек кино санъати олдида турган ана шу энг муҳим саволнинг жавобини, кўрган-кузатганларим асосида ўзим беришга ҳаракат қилиб кўраман.

Қачон кинонинг бугунидан ҳам фахрланамиз?

Эътибор берганмисиз, қачон ўзбек киноси ҳақида сўз бормасин, албатта, унинг ўтмишини фахрланиб тилга оламиз. Келажагидан ҳам умидимиз катта. Лекин турган гапки, ҳозир ҳаммани унинг «бугуни» қизиқтираяпти. Ҳамма гап ана шунда.
Айни кунларда «Ўзбеккино» ва ўзбек кино дунёсида кечаётган жараёнларни кузата туриб, биринчи ­навбатда келган хулосам шу бўлдики, ўзбек киносининг ривожи ҳақида бу соҳага мутасадди-масъуллар ҳам, кино ижодкорлар ҳам сиз билан биздан кам қайғуришаётгани йўқ…Ишонинг!
Барча диққат-эътибор, барча куч, ҳаракат фақат бизнинг кино санъатимиз ҳам дунё экранларидан туриб ўз сўзини айта олиши учун қилинаяпти. «Ўзбеккино» Миллий агентлиги раисининг биринчи ўринбосари, Шуҳрат Ризаевнинг маълумотларига кўра, шу тупроқда туғилиб камолга етган, дунё тамаддунида ўз ўрнига эга бўлган 30 нафар тарихий машҳур аждодимиз — олим-у фузалоларимиз ҳакида бадиий, бадиий-­публицистик ҳамда ҳужжатли фильмлар олиш режалаштирилган. Уларнинг бир нечтасини суратга олиш жараёнлари бошлаб ҳам юборилган. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида эса айнан мана шу мавзуларда олинажак фильмлар учун сценарийлар танлови ҳам эълон қилинди. Ижтимоий тармоқлар ҳамда ОАВларида ўзбек киносида кечаётган мазкур жараёнлар ҳақида соҳа мутахассислари ҳамда оддий кино мухлисларининг турли-туман чиқишлари пайдар-пай берилиб турибди. Демак, бу кино санъатига бўлган қизиқиш, унинг такдирига бефарқ бўла олмаган барчанинг диққат-эътиборида эканидан далолатдир. Лекин шу ўринда бир мулоҳаза ҳам туғилади. Кино — кўпчилик қандай қилса яхши бўлади-ю, қандай қилмаслик кераклигини ҳамма биладиган, ақл ўргатадиган дунёдаги 3 та соҳадан бирига (ўкитувчилик ва шифокорлик) айланиб қолгандек, назаримизда.
Лекин «аслида нима қилсак яхши бўлади?» — деб ижодкорнинг ўзидан деярли сўрамабмиз. Яқинда ана шундай имконият туғилганида бир гуруҳ киноижодкорлардан айнан шу ҳақда сўрадим. Чунки бугунги ўзбек киносида оддий томошабин кўзи билан ҳам қараганда кўриниб турган шундай муаммолар борки, оддий кўрсатувларда, информацион дастурларда киночилар бу ҳақда гапиришмайди. Чунки улар экран ортида қолаётган ва иш сифатига, кадрлар қўнимлилигига салбий таъсир қилаётган ички муаммоларни элга дастурхон қилишни кўпда ёқтиришмайди. Балки «айтган билан менга нима ёрдам бера олардингиз? Яхшиси, премьерага келинг-да, яхшими-­ёмонми, олган фильмимизни кўриб кетаверинг. Эртага яна қайтиб кинотеатр остонасини хатлайсизми-йўқми, бу бизни қизиқтирмайди. Ҳозирча бори шу» — деган фикрда бўлишса керак. Балки муаммоларнинг ҳал бўлишидан ўзларининг ҳам тобора ҳафсалалари пир бўлаётгандир? Лекин пировардида, барибир, томошабин зарар кўраётган экан, келинг, шу муаммолар ҳақида очиқча гаплашайлик. Чунки касални яширган билан иситмаси ошкор қилаяпти-ку!..

«Иккинчи-учинчи эшелон мутахассислари» одам эмасми?

Очиғи, режадаги 30 та фильмни эшитган заҳоти кино соҳасидан, киномизнинг ички аҳволидан озгина бўлса-да, хабардор инсон «уҳҳ»-деб юбориши турган гап. Чунки ­кадрлар масаласи бугун ўзбек киносининг энг оғриқ нуқталаридан бири! Энг асосий муаммоси десак ҳам муболаға бўлмайди. «Яхши фильм қилиш учун маблағ, техника керак»—деган важлар кадрлар муаммосининг олдидан ўтаверсин. «Нима, 30 та фильмни олиш учун 30 нафар режиссёр топилмайдими», дерсиз?.. Режиссёрни-ку амаллашар, лекин кинода иш фақат режиссёр билан битса қани эди! Режиссёрнинг ёнида камида 15-20 нафар одам — бутун бир команда бўлиши талаб этилади. Булар 2-режиссёр, рассом, либослар рассоми, гримёр, декоратор, оператор, костюмер, каскадёр, пиротехник, графист, декоратор, монтажёр ва ҳоказолар.
Киночилар тилида булар «иккинчи ­учинчи эшелон мутахассислари» дейилади. Ўзбек кино санъатида «Қизил китоб»га кириш арафасида турган ана шундай муҳим касблардан бирининг эгаси, узоқ йиллардан бери иккинчи режиссёр бўлиб ишлайдиган Баҳриддин Айназаровнинг эътирофига кўра, бугун «Ўзбекфильм» студиясида бор-йўғи 3 нафар пос­тановкачи рассом, 4 нафар 2-режиссёр, 2 нафар постановкачи гримёр бор … экан. Бу касб эгаларини йиллар давомида маълум ва номаълум сабабларга кўра, бой бериб бўлганмиз.
Уларнинг кўпчилиги бугун қўшни давлатларда фаолият юритишаяпти. Минг афсуски, кетганларнинг ўрнини босиши керак бўлган янги кадр­лар етиштириш ҳақида эса шу кунгача ҳеч ким бош қотирмаган. «Нега, нима сабабдан, агар кино соҳаси учун айнан шу мутахассислар керак бўлса, уларни олиб қолиш ёки бўшаб қолган ўринларни янги, ёш кадрлар билан тўлдириш чоралари кўрилмаган?», — деган саволнинг жавоби эса албатта, моддий манфаат ва маънавий рағбатга бориб тақалади. «Бугун, 9 ой-бир йилда экран юзини кўрадиган фильм учун 800 минг сўм ойликка яшаб, ижод қилишнинг иложи йўқ. Қолаверса, ижтимоий таъминот масалалари ҳам панд бераяпти. Ўсиб келаётган ёш кадр 800 минг сўмни ижарага тўлайдими, бола-чақа боқадими, еб-ичадими?.. Шунинг учун олий ўқув юртини битириб келаётганлар ҳам, қўлидан иш келадиган бошқа мутахассислар ҳам «иккинчи, учинчи эшелонда ишлаш учун келишмаяпти» дейишади ижодкорлар.
Маълум бўлишича, бу касблар меҳнат реестрида ҳам йўқ экан. Кўриб турганингиздек, бу муаммони ҳал қилиш, кино соҳасидаги иш ўринлари реестрини қайта кўриб чиқиш ва уларни ўз ўрнига қўйиш муаммоси фақат «Ўзбеккино»гагина тегишли эмас. Бу масалага Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳам аралашуви талаб этилади.

Режиссёрни бой деб ўйлайсизми?

Режиссёр-чи, режиссёр битта фильми учун қанча олади? Ўтган йилнинг декабрь ойида «Ўзбеккино» Миллий Агентлиги буюртмасига кўра «Сабот» деб номланган бадиий фильм олиб, премьерасини ўтказган кинорежиссёр Рашид Маликов мисолида бу саволга жавоб топишга ҳаракат қиламиз. Унинг айтишича, 2014 йилда экранларга чиққан «Тоға» бадиий фильмидан сўнг 2017 йилда мазкур фил­ьмни олди. 9 ойлик ҳаракатлар натижаси эса ёмон эмас. Бугун кўпчиликка маълум: «Сабот» фильми дунёдаги атиги 13та «А» даражадаги киноанжуманнинг бири ҳисобланмиш Москва кинофестивалининг асосий танловида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Р.Маликов ана шу фильм сценарийси муаллифи ҳамда режиссёри сифатида 25 миллион сўм ҳақ олган. Ана энди, агар математикадан аълога ўқиган бўлмасангиз ҳам шу суммани 9 ойга бўлиб чиқинг. Режиссёрнинг 3 йил янги фильм олишни кутиб ўтказган вақти бу ҳисобга кирмайди. Ана шунақа!
Тўғри, бу муаммолар ўзбек киносида бир кунда пайдо бўлиб қолмаган. Уларнинг ечими ҳам эртагаёқ ҳал бўлади, деган ­фикрда эмасмиз. Асосийси, улар борлигини киночилар ҳам, кино мутасаддиларнинг ўзлари ҳам билишади. Бу камчиликларни тўғрилаш, янги кадрлар етиштириш йўлида ҳаракатлар бошланган. Зулфиқор Мусоқовдек устоз кинорежиссёрлар баҳоли қудрат ўз мактабларини очиб, шогирдлар тайёрлашга киришганидан хабаримиз бор. Қолаверса, бугун ҳақли равишда «Ўзбеккино»нинг икки қаноти пайдо бўлди, деб айта оламиз. «Кинематографияни ривожлантириш маркази» ҳамда «Ёш киноижодкорлар кенгаши» ўзининг илк ташкил бўлган кунидан бошлаб ўзбек кино санъатига, кино саноатига янги нафас, янгича қарашларни олиб кирди. Бу ташкилотлар ҳали жуда ёш…ташкил бўлганига ҳали бир йил ҳам тўлгани йўқ. Лекин эътиборга лойиқ бир нечта лойи­ҳаларни амалга ошириб улгурди. Улардан бири «Ёш киноижодкорлар кенгаши» томонидан ташкил қилинган «АРТ ХАУС» лойи­ҳасида кино санъатида фаолият юритаётган 5 нафар энг тажрибали режиссёр бошчилигида сценарийнавислик, операторлик ҳамда актёрлик йўналишлари бўйича 3 ойлик маҳорат дарслари ташкил қилинди. Жорий йилнинг якунида мазкур лойиҳанинг илк қалдирғочларидан дастлабки натижаларни кутиб қоламиз.

Тошкентда Москва давлат кинематография институти филиали очилади

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги ҳамда Ўзбекистон Санъат ва маданият институти ҳамкорлигида кино факультети ҳамда ке­йинги йилдан эътиборан Москва давлат кинематография институтининг филиалини пойтахтимизда очиш масалалари юзасидан катта ишлар олиб борилаяпти. Тўғри, бу қилинаётган ишлар, изланишлар ўз натижасини бериши учун вақт керак. Вазият эса уларни ҳозир, айни пайтда ҳал этишни тақозо қилаяпти. Хўш, унда нима қилиш керак, деган саволни кино ижодкорларнинг ўзларига бериб кўрдик.

«30 та эмас, 5 та кино суратга ол»

Рашид Маликов: « Бор кучни, бор имкониятни, берилган маблағни 30 та фильмга эмас, 5 та фильмга сарфлашсин. Фильмлар бюджетини 5 баробар кўтаришсин. Ана шунда, биз кўзлаган мақсадимизга эришамиз. Фильмларимизнинг сифатидан уялмайдиган бўламиз. Кадрлар масаласидаги муаммолар ҳам ўз-ўзидан ҳал бўлади».
Собир Назармуҳаммедов: «Ҳозир «Ўзбекфильм» таъмирланиб, деярли қайта қурилаяпти. Мен бу таклифни «Ўзбеккино» раҳбарларига ҳам айтганман. Бино битгани билан унда ишлайдиган кадрлар йўқ-ку! Шунинг учун «Ўзбекфильм»ни икки йилга ёпиш, ҳеч қандай маҳсулот ишлаб чиқармасдан, бор кучни кадрлар тайёрлашга қаратиш керак, деган фикрдаман».

«Раислар нега беқўним?»

Фикримча, «Ўзбеккино» раҳбариятига мавжуд муаммоларни ҳал қилиш йўлларини топиб, биз кутган натижаларга, яъни, ўзбек кино санъатини дунё стандартлари даражасига олиб чиқишдек олий максадга эришиши учун имкон бериш керак. Чунки 2013 йилдан то шу кунгача «Ўзбеккино»да 3 марта раис ўзгарди. Уларга ўзларидан олдингилар йўл қўйган хато ва камчилик­ларни тўғрилаб, ўз йўлларини топиб олишларига имкон берилмади. Ва шу тариқа, ҳатто майда-майда камчиликлар ҳам йиғилиб-йиғилиб, охир-оқибат бугун кинонинг ривожи йўлида катта муаммоларни келтириб чиқарди. Кино ҳақида, айниқса, ўзбек киноси ҳакида гапираман деса, очиғи, гап кўп…

Муаммо — ҳаммамиз ўзимизни «даҳо» билишимизда!

Лекин ҳамма демоқчи бўлганларимни битта мақолага сиғдиришнинг иложи йўқ. Хулосани эса баландпарвоз гаплар билан эмас, ўзбек киносида (томошабин учун давлат маб­лағига олинганми, хусусий киноми — фарқи йўқ, барчаси «ўзбек киноси» деб аталади) бир қатор фильмлари билан анча таниқли бўлган кинорежиссёр Жаҳонгир Аҳмедовнинг қуйидаги сўзлари билан якунламоқчиман: «Нима деб ўйлайсиз, «Ўзбеккино»да нега раҳбар ўзгараверади? Чунки биз унга ишлашга имкон бермаймиз. Устидан ёзамиз, остидан ёзамиз, кетмагунича қўймаймиз. Бошқа соҳадан бўлса, бу кинони тушунмайди, деймиз, киночи бўлса, ўзининг дунёқарашини ўтказяпти, қани ижод эркинлиги, деймиз. Нега? Чунки ҳаммамиз энг яхшиси деб фақат ўзимизникини тан оламиз! «Энг яхши раҳбар ким бўлиши мумкин? Албатта мен! Энг яхши режиссёр ким? Сўзсиз мен! Энг яхши фильм ҳам меники! Энг яхши сценарий? Меники! Мен, мен, мен, мен!!! Шунинг учун ҳам «МEН» бошқа ижодкорларни тан олмайман, тўғрироғи, тан ололмайман! Унинг мени менинг «МEН»имга тўғри келмайди. Бир-биримизни писанд қилмаслик билан, бурчак-бурчакларда пичирлашиш билан нимага эришмоқчимиз? Муаммо — ҳаммамиз ўзимизни «даҳо» билишимизда! Катта авлод ҳам «даҳо», ўрта авлод ҳам «даҳо», кичик авлод эса «буюк»! Лекин Президент фильм сўраган пайтда «биз ҳали сизга кўрсатишга арзигулик фильм ярата олмадик», деб узр сўрадик. Устозлар ёшларни тан олишмайди, ёшлар эса қандайдир аламзада, ўзларига керагидан ортиқ баҳо бериб юборишган»…
Ана энди кўрсатувимга келган ўша аёлнинг киночиларга бермоқчи бўлган саволини нега бермагани сабабини сиз ҳам англагандирсиз?!

Шоҳира  Рауфбоева,
тележурналист

 

Бошқа хабарлар