Архивлар эшиги қачон очилади?

224

Эл-юртимиз озодлиги учун курашган, мустабид тузум давридаги оммавий қатағонлар туфайли қурбон бўлган ватандошларимизнинг хотирасини абадийлаштириш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини кучайтириш мақсадида ҳукумат қарори билан барча вилоятларда «Қатағон қурбонлари хотираси» музейи ташкил этилди.

Музей экспозицияларидан жой олган турли ҳужжат ва материаллар, экспонатлар, стенд­лар, инфокиоск, проекторлар, видеороликлар ва аудиоматериаллар орқали қатағон қурбонлари тақдирини кенг жамоатчиликка таништириш кўзда тутилмоқда. Айни пайтда музейлар фаолиятини йўлга қўйиш борасида кенг кўламли ташкилий ишлар амалга оширилмоқда.
Шу ўринда музейлар фаолиятига оид долзарб муаммо хусусида мулоҳаза юритишга жазм этдик. Бу архивлар билан боғлиқ масала бўлиб, уни тегишли мутасадди идоралар ёрдамида ҳал қилиш мумкин. Қатағон қурбонлари ва уларнинг фожиа­лари тўғрисидаги бор ҳақиқатни рўёбга чиқариш учун Президент Девони, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа идора ҳамда ташкилотлар архивларида ҳозиргача «мутлақо махфий» тамғаси остида сақланаётган ҳужжат ва материаллардан очиқ-ошкора фойдаланиш, улардан фото ва ксеронусхалар олишга рухсат берилиши керак. Архив ҳужжатларидан фойдаланишнинг қулай усулларини амалиётга жорий этиш зарур. Қолаверса, МДҲ ва бошқа хорижий мамлакатлар архивларида сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид ҳужжат ва материаллардан фойдаланиш учун самарали ҳамкорликни ўрнатиш лозим.
Давлатимиз раҳбари Парламент аъзоларига йўллаган Мурожаатномасида Ўзбекистон қўлёзма фонд­ларида юз мингдан зиёд ноёб қўлёзма асарлар сақланаётгани, улар шу кунга қадар тўлиқ ўрганилмаганини куюнчаклик билан таъкидлаб ўтди: «Бундай ҳажмдаги ноёб қўлёзма мерослар бошқа ҳеч бир давлатда йўқ. Бизда эса эшиклар очилмайди. Қўлёзмалар ўз олимларини кутиб ётибди». Бу фикр архивларда «мутлақо махфий» тамғаси остида сақланаётган, илмий истеъмолга киритилмай келинаётган ноёб ҳужжат ва материалларга ҳам дахлдордир. Бундан архивчилар ҳам тегишли хулоса чиқариши ҳаётий зарурат ҳисобланади. Зеро, тадқиқотчиларнинг архив ҳужжатларидан эмин-эркин фойдаланиш учун қулай шароит яратиш, бу борада замонавий технологияларни кенг жорий этиш келгусида кўплаб илмий тадқиқот ва кашфиётларнинг юзага келишига замин ҳозирлайди.

Рустамбек ШАМСУТДИНОВ,
Андижон вилояти
«Қатағон қурбонлари
хотираси» музейи директори, профессор

Бошқа хабарлар