Жафокаш халқ умиди Афғонистонликлар Тошкент анжуманини интиқлик билан кутмоқда

247

Жорий йилнинг 26-27 март кунлари Тошкентда ўтказиладиган анжуман ҳақидаги хабар ер куррасидаги тинчлик ва эркни соғинган халқ вакили сифатида мени ҳам бениҳоя мамнун этди. Унинг қадр-қиммати ва аҳамияти мен — афғон фуқароси учун ғоят муҳим. Гап шундаки, у киндик қоним томган мамлакатнинг тақдири, иқболу-истиқболига бағиш­ланган.

Маълумки, Афғонистонда салкам 40 йилдан буён нотинчлик, қўрқув, талотўп­лар ҳукм сурмоқда. Тўғри, мен кўп йиллардан буён тинч ва осойишта юртда истиқомат қилиб келаяпман. Термизда ўқиб, илм-ҳунар ўргандим. Ҳавас қилса арзийдиган жаннатмакон диёрда яшаб, ишлаш насиб этганига яратганга беҳисоб шукр қиламан. Лекин кўнглимнинг бир чети мудом хижил. Чунки она юртим, элдош­ларим таҳликали вазиятда яшаб келмоқда. Шу сабабли ҳамиша юртим ҳақида бош қотираман. Инсон туғилиб вояга етган замини, элдош ва қавм-қариндош­лари тўғрисида ўйламасдан туролмаслиги табиий, ахир!
Ўзбекистон асрлар давомида жафокаш афғон халқига ҳамкор-у ҳамдард бўлиб келган. Бу инсонпарварлик истиқлол йилларида янада ёрқин намоён бўлди. Бугун Ўзбекис­тон халқаро миқёсда қўшни Афғонис­тоннинг тинчлиги, истиқболига бутун жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратмоқда. Бундай жонфидолик ва хайрихоҳлик халқимизга куч-қувват бахш этгани, эртанги ёруғ кунларга умид уйғотгани айни ҳақиқат.
Ишонч билан айта оламанки, орзу-ҳавас­ларимиз ижобат бўлмоқда. Бу йўлда Ўзбекис­тон раҳбарияти, шахсан давлат раҳбари ­Шавкат Мирзиёевнинг бош бўлаётгани оқилона, инсонпарварлик ҳамда тинчликсевар сиёсатнинг бардавомлигидан далолатдир. Икки давлат ўртасида яқин қўшничилик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Шу йилнинг 28 февраль куни Афғонистон пойтахтида ўтказилган «Қобул жараёни» Марказий Осиё ҳудудида геосиёсий барқарорликка хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Барча саъй-­­ҳаракатлар азалий қардош халқларнинг туб манфаатларини руёбга чиқаришга қаратилгани ҳеч кимга сир эмас. Афғонистон бўйича ўтказиладиган Халқаро форум ўзаро ҳамкорлик ва яқин қўшничилик муносабатларини янада кенгайтиришига ишончимиз комил. Форумнинг Ўзбекис­тон раҳбарияти ташаббуси билан ташкил этилаётгани эса алоҳида эътирофга лойиқ. Айни вақтгача бирор давлат раҳбари бундай глобал масалани кўтариб чиқмагани ҳам бор гап.
Бўлажак анжуманда БМТ Бош котиби, қатор давлатлар ҳамда ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарларининг иштирок этишидан мамнунмиз. Афғонистон масаласи доирасида «Тошкент декларацияси»нинг қабул қилинишидан умид­вормиз. Чунки ушбу ­декларация қабул қилинса, минтақада энг олий неъмат — тинчликнинг барқарорлашуви ҳамда афғон элининг порлоқ келажагини белгилашда муҳим аҳамият касб этиши, шубҳасиз.
Бинобарин, бугун Афғонис­тонда вазият бир қадар мавҳум бўлиб турибди. Мамлакат шимолида кейинги уч йил давомида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар мақсад-моҳияти ҳеч кимга аён эмас. Шундай вазиятда масалани кун тартибига олиб чиққан Ўзбекистон раҳбари узоқни кўзлаб, халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини ­мустаҳкамлаш ташаб­бусини олға сурмоқда-ки, бундан барчамиз манфаатдормиз.
Ўтказилаётган тарихий анжуман, унда қабул қилинажак келишув-ҳужжатлар қалбимиз тўридаги муддаоларни руёбга чиқаради, деган умиддамиз. Бунинг учун Афғонистондаги турли гуруҳларни қуролсизлантириш бўйича ҳам якдилликка эришилмоғи шарт. Тарихга назар соладиган бўлсак, ҳамиша юртга қуролли кучлар киритилишидан ягона мақсад «тинчликни таъминлаш» бўлган. Аммо мудом уруш домида қолаётган халқнинг абгор аҳволи ниҳоятда ачинарлидир.
Ҳар қандай ташаббус амалда бўлсагина, самара беради. Яқинда фаолият кўрсата бош­лаган афғонис­тонликлар учун «Афғон фуқаролари ўқув маркази»да 100 нафарга яқин ҳамюртимнинг илм ва мутахассислик эгаллаётгани ҳам доно ва оқилона сиёсат, тарихий дўстона муносабатлар самарасидир.

Ғулом МУҲАММАД,
Термиз шаҳридаги «Ғулом Муҳаммад» кўп тармоқли хусусий фирмаси бош директори

Бошқа хабарлар