Китобхон бор, китоб-чи?

333

Китоб — дўстимиз. Бу айни ҳақиқат, чунки оқ-қорани ажратишга ўрганганимиз боис, ҳаёт синовларини ҳам мардонавор енгиб ўтамиз, муҳими, инсоний туйғулар қалбимизда шаклланиб бораверади. Зеро, теран фикрли бўлиб камол топишнинг биринчи шарти, мутолаадир. Не-не олим-у фозиллар, доно сиёсатчилар, донишманд кишилар фақатгина илми, ўқиган китоблари билан мукаммаллик даражасига етганликларини унутмайлик.

Мустақиллик йилларида барча соҳа қатори таълим тизимида ҳам қатор салмоқли ишлар амалга оширилди. Энг эът­иборлиси, ўқув адабиётларини ўқувчиларга етказишнинг мустаҳкам тизими яратилди ҳамда Ахборот-ресурс ва ахборот кутубхоналари марказларининг моддий техника базаси янгиланди.
Кутубхонани билимлар уйи, барча маънавий бойлик­лар макони деб айтиш мумкин. Бироқ барча кутубхоналарга ҳам бу таъриф тўғри келармикан? Қўшкўпир туманидаги Оқдарбанд АРМ (фақат қоғозда) фаолиятини ўрганарканмиз, кўнглимиз анчайин хижил тортди. Марказдаги китобларнинг 4416 тасини дарсликлар, атиги 1122 тасини бадиий адабиётлар ташкил этар экан. Ўйлаб қаралса, 728 нафар ­аъз­о­­си бўлган ахборот-ресурс марказига 1122 та бадиий адабиёт камлик қилмайдими? Бу ерга ташриф буюрган ҳар қандай киши талабаларнинг китоб ўқишга бўлган иштиёқи ва талабини кўриб қувонса, иккинчи томондан ўқувчи дидидаги айрим китоблар етишмаётганидан жиғибийрон бўлиши аниқ. Барчасига ойдинлик киритиш мақсадида АРМга ­масъул Ирода Собированинг фикрларини тингладик.
— Ушбу АРМ аслида кутубхона талабларига кўпроқ мос келади. Бу ерга келувчи ёшларнинг кўпчилиги ёшлар иттифоқи аъзоларидир. Кўриб турганингиздек, китоб жавонимизда китоблар етарли эмас, юқори ташкилотимизга неча марталаб буюртма берилишига қарамасдан, ҳамон ўзгариш йўқ. Қолаверса, ахборот-ресурс маркази талабига жавоб бериш учун бизга ­компьютер жиҳозлари, интернет тармоғи уланиб берилиши лозим. Афсуски, бу талаб­лар ҳам қаноатлантирилмаган. Ёшларимиз жуда талабчан, китобга иштиёқи баланд. Шуларни инобатга олиб, фондимизни бундан-да кўпроқ китоблар билан тўлдириш зарур, деб ўйлайман.
Наҳотки, китоб мутолааси, китобхонлик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган бир пайтда масъуллар бундай камчиликларга йўл қўйса? Буларни ёзишдан мақсад кимнидир танқид остига олиш эмас, фақатгина олис ҳудуд ёшлари талабидаги китоблар АРМ жавонидан жой олса, нафақат талабалар, балки қишлоқ китобхонлари ҳам ушбу марказ фаолиятидан баҳраманд бўлишса, деган истакдир.

Руҳия ИСМОИЛОВА,
журналист

Бошқа хабарлар