Отни яхши кўрсатган туёқдаги тақаси

211

Инсонни либос безайди, ҳар бир халқ ўз миллий либослари билан кўркам. Аммо йиллар ўтиб, миллий либослар ўрнини оммавий кийимлар эгаллаб бормоқда. Авваллари қайси бир ғарбликнинг кийган либоси ота-оналаримиз кўзига бачкана бўлиб кўринган бўлса, бугун ҳар қанақасига кўникаяпмиз. Тўғри, ўтирган-турганда қулай кийим кийса, ўзини эркин ҳис қилади киши. Лекин ҳар нарсанинг ярашиғи, меъёри бўлгани тузук.

Ғалати одамлар  ва одатлар…

Ўтган йилнинг 15 декабрь куни «Халқаро анжуманлар» саройида Буюк Британия поп-мусиқа санъати юлдузи Робби Уильямснинг концерти бўлиб ўтгани ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Меҳмонимиз концерт давомида шундай «томоша» кўрсатганки, шунга яраша гап-сўзу муҳокамалар бўлди, ижтимоий тармоқларда тарқалган сурат ва видеолардан сўнг кескин танқидга учради. Ўзини ўта маданиятсиз тутган хонанда аёлларникига ўхшаш ғалати кўйлакда (шимсиз) чиққани етмагандек, этагини кўтариб, томошабинга орқасини кўрсатган. Бу Ғарбда маданият ҳисобланар, балки (худди шундай ҳолатни америкалик машҳур актриса ва хонанда Женифер Лопес ҳам Россияда бўлиб ўтган бир бадавлат кишининг тўйида такрорлаган эди). Робби Уильямс мамлакатимизга илк бор келиши экан, Шарқнинг ўзига хос маданияти, урф-одатлари ҳақида маълумотга эга эмасдир, эҳтимол. Биз-чи, унинг «маданияти», ахлоқсиз, бепарда қилиқларини пул тўлаб кўришга мажбурмизми?! «Концертга хоҳлаган одам боради, хоҳламасанг борма-кўрма», дейишга шошилманг. Аввало, бундай томоша бўлиши ҳеч кимнинг тушига кирмаган. Ҳатто концерт ташкилотчилари ҳам кутмагандир буни, лекин ҳар нарсага тақлидчи бўлган ёшлар бу ҳолатни қандай қабул қилишаркин?!

Шалвар кийган  аёл дуо олган…ми?

Дарвоқе, аёлларнинг шим кийиши ҳам кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётгани сир эмас. Хусусан, эркакларнинг кўпига бу иш хуш келмаётир. Шу сабабли хотин-қизларимиз уламоларга савол йўллаб, маслаҳат сўрашмоқда. «Ислом.уз», «Муслим.уз» ва бошқа диний идоралар сайтларидаги савол-жавоблардан кўринадики, аёлларнинг шим кийиши… яхшиси, мисол тариқасида бир савол-жавобни келтирамиз:
«Савол: Ассалому алайкум, қори ака! Шариатимизда аёлларнинг шим кийиши ҳақида нима дейилган? Илтимос, шу ҳақда аниқроқ маълумот берсангиз!
Жавоб: Бу саволга жавоб бериш учун шим фақат ўғил болалар кийимими ёки уни қизлар ҳам киядими, шим кийган аёлнинг аврати тўлиқ ёпиладими, деган саволларга жавоб бериш керак. Шим баданнинг киндикдан пастки қисмини ёпиш учун кийилади. Мусулмон одамнинг шими тиззадан паст ва кенг бўлиши шарт. Шим асосан эркакларга хос кийимдир. Аёлларнинг шим кийиши тўғри бўлмайди. Чунки бу билан баданининг шакли яққол кўриниб туради. Иккинчидан, шим кийган аёл ўзини эркакка ўхшатган бўлади. Ҳадиси шарифларнинг бирида ўзини аёлга ўхшатган эркаклар ва эркакка ўхшашга ҳаракат қилган аёллар лаънатланган. Биз шим деяётган либос ўрнида мусулмонлар орасида «сирвол» (бизда «шалвар» дейилади) кийиш урф бўлган. Сирволни эркаклар ҳам, аёллар ҳам кийишгани ҳақида ривоятлар бор. Демак, шалвар фақат эркакларга хос либос эмас, лекин бунда ким учун чиқарилганига қаралади. Аёллар учун чиқарилган шимни эркаклар, эркаклар учун чиқарилганини аёллар кийиши мутлақо мумкин эмас. Аёллар шим кийганида ҳам юқоридаги шартларни эсдан чиқармаслик лозим…».
Бу ҳақда яна бир воқеа баён қилинган. Бир куни Оллоҳнинг элчиси (с.а.в.) Али (разиаллоҳу анҳу) билан бирга эшак миниб кетаётган аёлнинг йиқилиб тушганини кўрган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) шу заҳоти четга қараган, Али (разиаллоҳу анҳу) эса аёл шалвар кийиб олгани ва танасининг ҳеч қайси қисми очилиб қолмаганини айтган. Шунда Оллоҳнинг элчиси (с.а.в.) шалвар кийган бу аёлни дуо қилган.
Демак, эскича шалвару лозимлар урфдан чиқиб, четга сурилган бир пайтда оёқ очиқ бўлганидан кўра, шим кийган маъқул экан, деган хулоса қилиш мумкин. Аммо қайд этилган талаблар меъёрида бўлса…

Онасини кўриб,қизини ол 

— Кийиниш кишининг маданиятини белгиловчи омил бўлибгина қолмай, унинг руҳий имкониятларини, дидини, қолаверса, ахлоқ нормаларини белгиловчи мезон ҳам саналади, — дейди психология фанлари номзоди Нигора Шомуродова. — Шунинг учун ҳам турли янгича русумдаги либосларни кийишга, уни одатий услубига айлантиришга қизиқаётган ёшлар руҳияти, фикрлаши ва хулқ-атворида ўзгаришлар рўй беради. Кўпинча меҳр-эътибордан бегона, ижтимоий муҳитдан узилиб қолган одамлар, айниқса, ёшларда ноанъанавий ҳаётни танлаш ва уни ўзлаштиришга қизиқиш юқори бўлади. Уларда танлаган услуби орқали ўзидан қониқиш ҳисси ҳосил бўлиб, тутган йўлини тўғри деб баҳолаш фикри билан овунади. Турли салбий хулқ-атвор, носоғлом турмуш тарзининг танланиши ҳам мана шундай шахсларга хосдир. Бошқача айтганда, кийиниш услуби инсонни мавқеи, саломатлиги, турмуш тарзи ва ўзига бўлган муносабатини намоён этиб туради. Яна бир муҳим томони шундаки, аёлларнинг ўзини кўз-кўз қиладиган тарзда, ҳаддан ташқари очиқ кийиниши дастлаб эркаклар эътиборининг кучайишига сабаб бўлса, сўнгра уларга нисбатан эътиборсизлик, майлнинг ўлишига олиб келади. Айрим хорижий мамлакатлардаги бепуштлик муаммосига айнан эркаклар майлининг кучсизлиги сабаб сифатида кўрсатилмоқда. Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин, қанчалик нигоҳлардан яширин бўлса, бу унинг шунчалик сирли ва кашф этилмаган чўққи сифатида идрок қилинишини таъминлайди…
Ҳа, халқимиз топиб айтган: арқоғини кўриб бўзини ол, онасини кўриб қизини ол. Маданиятнинг ҳар қандай кўриниши оиладан бошланади. Шундай эмасми, сиз нима дейсиз, азиз газетхон?

Холида ФАЙЗИЕВА

Бошқа хабарлар