Хориж тажрибаси: уни ўрганиш осонми?

229

Бу савол кимга қандай туюлади — билмадим, аммо мен учун жуда оғриқли мавзу. Меҳнат фаолиятимиз давомида мазкур муаммога бир неча бор дуч келиб, унга жўяли жавоб тополмаганмиз-да ахир! Айниқса, бир сафар жуда катта доирада қўллаб-қувватланган лойиҳамизни амалга ошириш учун ҳам хориж тажрибасини ўрганиб кела олмаганимиз оёққа тушов бўлган…

Оч қорним —  тинч қулоғим…

Тақдим этилган ушбу лойиҳамиз ­(лойиҳа ҳақида очиқ ёзмаётганимиз мавзуни ёритишга халал бермайди деб ўйлаймиз) мутасаддиларга манзур бўлди. Яхши ҳаракат бошлангани эътироф этилиб, уни якунига етказиш учун хориж таж­рибасини пухта ўрганиб келиш кераклиги ҳақида кўрсатма берилди (Ростдан ҳам бу лойи­­ҳа ривожланган мамлакатлар тажрибасида кенг қўлланилаётган тизимни ўз ичига оларди). Амалий ёрдам бериш учун манфаатдор идоралар ҳам жалб этиладиган бўлди.
Ўшанда қанчалик қувонганимизни билсангиз эди… Аммо… Ҳукумат мажлиси қарорига алоҳида банд бўлиб кирган бу топшириқнинг ижросини сўраб ўша идораларга кўп маротаба мурожаат қилишимизга қарамасдан, йиллар давомида ҳеч бир натижа чиқмади. Хатларимиз жавобсиз қолди.
Хуллас, ўша воқеа сабаб хориж тажрибасини ўрганиш масаласида мамлакатимизда аниқ бир тартиб (механизм) йўқлигига амин бўлгандик ўшанда.
Аслида, бу ҳолатда бизга ёрдам бериш унчалик мураккаб ҳам эмасди. Шунчаки, ваколатли органлар биз сўраётган тизим учун масъул идоралар билан дипломатик алоқаларни ўрнатиб, идорамизни улар билан боғлаб қўйса бўлди эди, қолганини ўзимиз амаллаб кетардик (Афсуски, кечаги кунларимизда ҳеч бир давлат идораси ўз ташаббуси билан хорижий идоралар билан боғланиш ваколатига эга эмас эди). Аммо назаримизда, ўша идоралар бизга ёрдам бериш учун таваккалчилик қилишни истамасди. Соддароқ қилиб айтганда, мамлакат тараққиётидан кўра ўзларининг тинчи муҳимроқ эди улар учун.

Тажрибани кўриш ҳали  натижа дегани эмас

Минг шукрки, бугун ғишт қолипдан кўчди. Шахсан Президентимизнинг ўзи хориждаги элчихоналаримиз ва консулхоналаримиз вакилларини ўша мамлакатларда туриб, энг аввало, юртга фойда келтириш ҳақида бош қотиришга чақирди. Уларни айрим идораларга қарамликдан чиқишга ундади. Бу, албатта, яқин келажакда ўзининг ижобий натижасини бериши турган гап. Чунки улар ўзлари жойлашган мамлакатда қайси соҳаларда ўрганишга арзийдиган тажрибалар борлигини ҳам, бундай янгиликларни қайси ташкилотлар орқали самаралироқ ўзлаштириш мумкинлигини ҳам яхши билишади. Бу эса ўз-ўзидан жараённинг тезроқ ва самаралироқ кечишини таъминлайди, албатта.
Беихтиёр ўтган оғриқли кунлар ёдга тушади.
Хуллас, юқоридаги масалада мутасадди давлат идоралари томонидан ёрдам бўлмагач, ўзимиз хорижлик ҳомийларни излаб топдик. Улар бизнинг таклифимиздан хурсанд бўлиб, тез орада ватанига — Корея Республикасига ўз ҳисобидан уч кишига бир ҳафталик сафар уюштирди. Энг муҳими, дунёга машҳур компаниялар фаолиятини бевосита ўрганишимиз учун шароит яратиб берилди. Юқори доирада учрашувлар ташкил этилди. Қисқа қилиб айтганда, жуда тиғиз дастур асосида ишладик. Ҳатто бирон соат Сеулни хотиржам томоша қилиш учун вақт топа олганимиз йўқ. Чунки мезбонимизнинг ўзи бизга кўпроқ нарса кўрсатиб қолишдан манфаатдор эди. Ўшанда бу ерда камида бир ой ишлашимиз кераклигини ҳис қилганмиз.
Биз хориж тажрибасида бу тизимнинг қанчалик самарали ишлаётганини ўз кўзимиз билан кўриб қайтаётганимиздан хурсанд эдик. Қолаверса, биз аввалига ўзимизча режалаштирганимиздек, лойиҳани хусусий сектор ҳисобидан молиялаштириш тўғри эмаслигини, тизим давлат томонидан молиялаштирилгандагина самара бера олишини англаб етгандик. Бу эса масалага янада жиддий ёндашишни тақозо этарди. Гарчи тизимнинг Кореяда қисқа муддатда харажатларни қоплаганини фактлар асосида кўрган бўлсак-да, унга доир барча фактларни тўплай олмадик. Зеро, бу илмий ёндашувни талаб қилар, бизнинг бир ҳафталик сафаримиз эса табиийки, бунга имкон бермасди. Натижада биз ўрганиб келган тажрибамизнинг мамлакатимизда жорий этилиши қанчалик самара келтириши мумкинлигини асослаб бера олмадик…
Шундан ҳам кўриниб турибдики, хориж тажрибасини шунчаки томоша қилиб, улар орасидан биз учун кераклиларини танлаб олишнинг ўзи билан иш битмайди. Балки тажриба ўрганиш учун, аввало, ўргатувчининг этагидан маҳкам ушлаш, улардан барча маълумотларни батафсил ола билиш ва барча икир-чикиригача ўрганиш керак. Бу эса илмий тадқиқот дегани. Демак, тажриба ўрганиш учун ўша соҳадаги тадқиқотчиларимизни ҳам жалб этиш лозим бўлади.

Тажриба ўрганувчи  гуруҳлар шаклланса…

Мулоҳазаларимиздан келиб чиқадики, бирон соҳада хориж тажрибасини ўрганиш учун, аввало, соҳадаги муаммоларни яхши тушунган мутахассислар ташаббуси билан қайси нуқталар хориж кўникмасига муҳтож эканини белгилаб олиш, шундан сўнг хориждаги дипломатик корпус ёрдамида бу борада малакали бўлган мамлакатларни аниқлаб, улар билан алоқа ўрнатиш керак. Бундай гуруҳни шакллантиришда эса ўрганилаётган соҳанинг юртимиздаги ҳолатини жуда чуқур биладиган амалиётчи мутахассислар билан бир қаторда соҳада илмий тадқиқот юритаётган назариётчи олимларнинг бўлишини ҳам таъминлаш лозим. Шунингдек, ўрганилаётган ва мамлакатимизда жорий этилиши кўзланаётган тажрибанинг хорижда қандай самарали ишлаётганини ҳамда унинг мамлакатимизга олиб келиниши бизга нималар бериши мумкинлигини кенг жамоатчиликка етказиш учун гуруҳга мазкур соҳага ихтисослашган журналистларни ҳам қўшиш мақсадга мувофиқдир.

Текин грантлар ҳавога учмасин!

Шу мавзуга оид яна бир масала бор. Хорижнинг текин лойиҳалари, грантларидан одатда ўта самарасиз фойдаланилишига ҳам кўпчилигимиз гувоҳмиз. Дейлик, грант доирасида бирон йўналиш бўйича тажриба алмашишга чақирилса, аксарият ҳолда унинг тақдирини бундай алоқаларга мутасадди бўлган, аммо грантга тегишли соҳадан бутунлай йироқ идора ўз билганича ҳал қилиб юборади. Яъни грант лойиҳасига алоқадор соҳадан номигагина одам олинади, холос. Қолганларнинг кимлигини, қайси соҳадан эканини эса биров билиб, биров билмай қолаверади. Боз устига, ўша кам сонли мутахассислар ҳам ҳафталаб, баъзан ойлаб давом этган сафардан (малака дарсларидан) қайтгач, хорижда нималарни кўргани, ўзларини қандай меҳмон қилишгани ҳақида оғиз кўпиртириб гапириб юришдан нарига ўтмайди. Кўрганлари, ўрганганларини бизда ҳам амалиётга жорий этиш ҳақида на улар ўйлайди ва на раҳбарлари талаб қилади. Шу тариқа хорижий ташкилотлар тақдим этган грант ­маблағлари ва имкониятлари ҳавога совурилаверади. Ўзи келди ёр-ёр, ўзи кетди ёр-ёр…
Тасаввур қилинг, агар ўша грант учун ҳам юқорида кўрганимиз каби соҳанинг лаёқатли мутахассислари, илмий-тадқиқотчилар, тарғиботчилардан жамланган гуруҳ шак­л­­лантирилса ва уларнинг олдига аниқ вазифалар қўйилиб, қайтиб келганларидан кейин натижаси, албатта, сўраладиган тизим жорий этилса, хориждаги малака дарслари анчагина самара бериши мумкин эмасмиди?!

Мувофиқлаштирувчи  идора — эҳтиёж

Албатта, булар бизнинг ўз ҳаётий тажрибаларимиздан келиб чиққан шахсий мулоҳазаларимиздир. Балки, хориж тажрибасини ўрганишда яхшироқ натижаларга эришишнинг бошқа самаралироқ йўллари ҳам бордир. Аммо энг муҳими, бу борада аниқ бир механизм ишлаб чиқилиши ва ҳаётга жорий этилиши лозим, деб ўйлаймиз. Балки, бу механизмнинг ишлашини мувофиқлаштириб туриш масъулиятини Инновацион ривожланиш вазирлигига ўхшаш бирон давлат идорасига бериш керакдир (Зеро, вазирлик зиммасида шундоқ ҳам «инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этиш масалалари бўйи­­ча давлат бошқаруви органлари, илмий-тадқиқот ва ахборот-таҳлил муассасалари ҳамда бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш» вазифаси бор).
Агар бу ишлар ягона идора томонидан мувофиқлаштирилса, аввало профессионал ёндашув бўлади, қолаверса, бир хил тажрибани ўрганиш учун бир неча идора томонидан алоҳида гуруҳлар юборишдек ортиқча сарфларнинг ҳам олди олинади.
Яна бир гап: Президентимиз томонидан бугун барча соҳа мутасаддиларига, ҳатто туман ҳокимларигача хорижга чиқиб тажриба ўрганиб келиш ҳақида кўрсатмалар берилмоқда. Шу маънода, уларга тегишли йўл-йўриқ берадиган, амалий ёрдам кўрсатадиган, уюштирадиган идоранинг бўлиши мақсадга мувофиқ кўринади. Зеро, юқоридаги мисолда ҳам кўрганимиздек, аниқ бир механизм йўлга қўйилмаса, хорижнинг фойдали ­тажрибасини ўзлаштириб олиш осон кечадиган жараён эмас.

Нурбек ТОШНИЁЗ
журналист

 

Бошқа хабарлар