Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал…

312

Юртимизда чуқур билим ва салоҳия­­ти, тиббиётдаги кашфиётлари билан ҳатто чет элликларни ҳайратга солаётган шифокор олимлар кўплигидан ғурурлансак арзийди. ­Тажрибали офтальмолог олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Раҳмон Муҳаммадиев қирқ беш йиллик меҳнат фаолияти давомида жаҳоннинг юздан ортиқ давлатларига бориб, кўз касалликларини даволашнинг илғор усуллари билан танишиб, тажрибасини оширган. Ўзининг ажойиб ихтиролари билан бугун хорижда ҳам маълум ва машҳур.

Раҳмон Муҳаммадиев «Дунёнинг энг яхши врачи» танлови ғолиби бўлди (Буюк Британия, 2006 йил), «Дунёда ким ўзи ким?» энцик­лопедиясига киритилди (АҚШ, 2006 йил). У кўз нуқсонларида қўлланиладиган ксенотрансплантатни дунёда биринчи бўлиб ихтиро қилди ва Германияда ўтказилган Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш кўргазмасида намойиш этди (2001 йил). Кейинчалик «100 йилликнинг энг яхши илмий иши муаллифи» сифатида тан олинди (Москва. Бурденко номли нейрохирургия институти).
Бундай муваффақиятларни санайверсак, адоғи йўқ. Асосийси, кўз хасталикларини даволашнинг энг мураккаб усулларини қўллаб, ажойиб натижаларга эришаётган бу офтальмолог олим фаолияти ёшларга ибрат қилиб кўрсатса арзигуликдир.

Ота изидан…

Маммология соҳаси билимдони профессор Абдувоҳид Хўжаев иш фаолияти давридаги бир воқеани ҳаяжон билан сўзлайди:
— Кекса аёл қабулимга келди. Сут безларидан бирини анча пайтлар илгари операция йўли билан олдирган, айни вақтда эса иккинчи сут ­безида ҳам худди ўша вақтдаги сингари ўсма пайдо бўлган экан. Аёлни зудлик билан жарроҳлик столига ётқиздик. Хавфли ўсма ён-атрофга тарқала бошлагани сабабли мастэктомия ўтказилиб, сут бези олиб ташланди. Ўша кезларда беморнинг тиббий варақасини кўздан кечираётиб беихтиёр ҳайратга тушдим. Бундан 25 йил илгари аёлнинг саратонга чалинган сут безини отам — профессор Вали Хўжаев мастэктомия усулида олиб ташлаган экан. Буни қарангки, отам бошлаган ишни чорак аср ўтиб мен ниҳоясига етказибман.
Таниқли маммолог олим, тиббиёт фанлари доктори Абдувоҳид Хўжаев шифокорлар хонадонида туғилиб вояга етганди. Отаси Вали Хўжаев онкология соҳасида республиканинг биринчи профессорларидан, онаси эса акушер-гинеколог бўлган. Отаси изидан бориб маммология соҳасини танлаган профессор Абдувоҳид Хўжаев узоқ йиллар давомида касбга садоқати, фидойилиги ва соҳаси бўйича билимдонлиги туфайли элнинг иззат-эҳтиромига сазовордир.

Москвадан мактуб олган она

Таниқли болалар нефрологи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Жонхўроз Эшқобилов асли Ғаллаоролнинг чекка қишлоғида туғилиб вояга етганди. У болалигидаёқ академик шоир Ғафур Ғуломнинг «Билиб қўйки, сени Ватан кутади» деган сатрини тинмай такрорлаб юрарди.
«Улкан мақсад улкан кучни яратади» деганлари рост экан. Ажойиб шифокор бўлиб етишган Жонхўроз Эшқобилов тиббиёт фанлари номзоди бўлгандан сўнг ҳам илмий изланишларини бирор дақиқа тўхтатмади. Кўплаб болалардаги буйрак касалликлари асосан моддалар алмашинувининг бузилиши оқибатида келиб чиқишини 900 нафар беморни кузатиб, назорат қилиш орқали аниқлади. Бу тадқиқотлар унинг докторлик илмий иши учун муҳим мавзу бўлибгина қолмай, балки москвалик устозларнинг ҳам эътиборини тортди. Ҳатто академик Вячеслав Александрович Таболин Жонхўроз Эшқобилов раҳбарлик қилаётган Самарқанд давлат тиббиёт институти кафедраси қошидаги лабораторияга спектрофотометр асбобини тортиқ қилди.
Бир куни Ғаллаоролнинг чекка қишлоғида яшовчи Розия аянинг номига Москвадан мактуб келди. Уни Жонхўроз Эшқобиловнинг устозлари — академик В.Таболин ва профессор В.Лебедевлар ёзишганди. Хатда қуйидаги мазмунда сатрлар бор эди:
«Қадрли ва азиз Розия она! Сиз ажойиб фарзандни тарбиялаганингиз билан фахрлансангиз арзийди. Ҳамма болаларингиз бахтли бўлишсин, ўзингиз яхшиликлар қуршовида яшанг, Сизга чексиз миннатдорлик билдирамиз!».
Бундай юксак эътироф олимнинг онаси ва яқинлари учун бир умрлик гўзал хотира бўлиб қолди.

Самолётдаги халоскор

Кардиолог олим Азиз Ибрагимов ҳаёти давомидаги бир воқеани эслаб шундай дейди:
— Анча йиллар илгари Тошкент — Москва йўналиши бўйича самолётда учаётганимда тасодифан салонда безовталик бошланди. Бир йўловчининг юрак хуружи тутиб, қон босими тушиб кетибди. Ҳамма бу ҳолдан саросимага тушиб, «Врач бормикин, ёрдам беринглар» деб бақиришди. Шифокор сифатида йўловчига биринчи ёрдам кўрсатдим, сўнг «зудлик билан шифохонага олиб бориш керак», дедим. Чунки беморнинг ёши 60 дан ошган бўлиб, хуруж оғир кечаётганди. Учувчилар Қозоғистон аэропорти маъмурияти билан боғланишди ва самолёт қўндирилди. «Тез ёрдам» билан беморни шифохонага жўнатдик.
Орадан олти ой ўтиб, шу бемор мени излаб келганида ва «ҳаётимни асраб қолгансиз» деб миннатдорлик билдирганида жуда ҳаяжонга тушганман. Шифокорлик касбим туфайли инсонларга фойдам тегаётганидан фахрланганман.
Ҳар бир инсон ўз касбини жону дилдан севса, унга масъулият билан ёндашса, шу касб туфайли яхшиликларга эришса, ўзини бахтли санашга лойиқ. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби, кардиолог олим Азиз Ибрагимов ҳам шундай бахтли инсонлардан бири.

Хатарлар ортда қолди

Наманганлик эндоскопист-жарроҳ, тиббиёт фанлари номзоди Баркамол Исҳоқов онасига ҳавас қилиб шифокорлик касбини танлаган. Онаси Мамлакатхон Исҳоқовани ўтган асрнинг эллигинчи йилларида янгиқўрғонликлар «Паромон қишлоғининг биринчи дўхтири» дейишарди.
«Онам менинг шифокор бўлишимни жуда истарди. Мана, ўттиз йилдирки жарроҳ сифатида ­тажриба орттириб юзлаб операциялар ўтказдим, кўпгина аҳволи оғир беморларни ҳаётга қайтардим», дейди Баркамол Исҳоқов.
Эсида, ҳомиладорликнинг охирги ойини ўтказаётган аёл оғир аҳволда шифохонага келтирилди. Унда ўткир мезентериал тромбоз туфайли ингичка ичакда субтотал резецияси (60 сантиметр соғлом ичак қолган) ўтказилди. Шундан сўнг табиий туғруқ юз бериб, аёл соғлом ҳаётга қайтди. Яна бир воқеа. Ошқозон ичак тизимидан қон кетиб уч кун коматоз ҳолатида ётган бемор операция қилинди. Қарангки, у наркоздан сўнг «менга нима бўлди, ўзи» деб уйғонди.
Изланувчан олим Баркамол Исҳоқов ҳар гал жарроҳлик қобилиятини ишга солиб энг қалтис вазиятларда ҳам ижобий натижаларга эришган. Ҳар ҳолда унинг кўп йиллардан бери беморлар ишончини қозониб келаётгани бежизга эмас.

Уйимизда  суратингиз бор…

Бухоролик тажрибали инфекционист шифокор Азима Ғаниева бизга бир воқеани сўзлаб берди:
— Ўша куни ишга шошаётгандим. Йўл четига ўтиб машина тўхтатдим. Такси ҳайдовчиси ёш йигит экан. У менга бир зум тикилиб турди-да, сўнг «Азима Аминовна, сизни танидим. Уйимизда суратингиз бор. Онамнинг айтишича, гўдаклигимда мени ўлимдан олиб қолган экансиз, сизни оиламизда жуда кўп эслаймиз», деди. Йигитнинг сўзларидан жуда тўлқинланиб кетдим, шунда касбимга бўлган меҳрим янада ортди.

* * *

Аслида, бу сингари воқеалар юртимиздаги деярли барча шифокорларнинг кундалик иш жараёнида учраб турадиган одатий ҳол. Бемор ҳаёти қил устида турган пайт­­да қўлланган зарурий чора ҳар қандай шифокорни маънан улғайтиради, ­тажриба ва малакасини бойитади.
Шифокор борки, ўзини бемор ҳаётига ­масъул, соғломлигига дахлдор ҳисоблайди.
Соғайиб уйига қайтган киши хасталик дамларини тез унутиши мумкин, бироқ унинг муолажадан кейинги ҳолати бор бўйича шифокорнинг юрагига қайта муҳрланади. Шу тарзда бу юрак тобора эзгулик ва қайноқ меҳрга тўлиб боради.

Гулчеҳра ЖАМИЛОВА

журналист

Бошқа хабарлар