Икки қардош халқ руҳиятининг мусаввири

891

Бугун биз тамомила янги бир даврга қадам қўйдик. Ўзбекистонда, истисносиз, барча жабҳаларда янгиланиш жараёни кечаётир. Энг муҳими, бу ислоҳотлар инсон ва унинг манфаатига қаратилгани боис, жаҳон ҳамжамияти томонидан муносиб даражада эътироф этилмоқда. Қўшни давлатлар, қардош халқлар билан муносабатларимизда, айниқса, туб бурилиш даври ­бошланди. Узилиб қолган ришталар тикланаётир. Қуда-анда, қавм-қариндош бўла туриб, кўришиш имконияти чеклаб қўйилган одамлар яқинлари билан ҳеч бир тўсиқсиз дийдорлашув имкониятига эга бўлди.

Бошқа барча жабҳалар қатори адабий-маданий соҳада ҳам ўзаро ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бормоқда. Қўшни Қозоғистонда жорий 2018 йилнинг Ўзбекис­тон йили деб эълон қилиниши ҳам ана шу маънавий-руҳий яқинлик самарасидир. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида»ги қарори икки қардош халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларнинг янги юксалиш босқичига кирганидан дарак беради.

Давлатимиз раҳбарининг бу қарори, шубҳасиз, тарихий аҳамиятга молик. Негаки, қозоқ халқининг буюк маърифатпарвар шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев асарлари замонлар синовидан ўтиб, асрлар оша одамларнинг адабий-эстетик оламини бойи­тишда давом этиб келмоқда. Унинг самимият ва ҳаққоният билан йўғрилган бадиий баркамол асарлари ҳеч вақт эскирмаслиги, барча даврларда ҳам авлодлар маънавий-руҳий эҳтиёжини қондиришга бирдай хизмат қила олиши билан қимматлидир. Бу асарлар нафақат қозоқ халқи, балки қардош туркий ва жаҳон халқлари адабиёти ривожида ҳам муҳим ўрин тутади.
Абай Қўнонбоев ўзидан бой адабий мерос қолдирди. Шоирнинг 200 дан ортиқ шеърлари, «Искандар», «Мас­ъуд», «Азим ривояти», «Вадим» сингари тўрт достони ва қирқ тўртта катта-кичик лавҳалардан иборат «Нақлия сўзлар» фалсафий ҳикояси бугунги кунда ҳам аҳамиятини йўқотган эмас. Бу асарларда қозоқ халқини жаҳоннинг тараққий этган миллатлари даражасида кўриш орзуси ифодаланган. Одамлар табиатидаги бунга монелик қилувчи қусурлар танқид қилинган. Инсонни комилликка ундовчи эзгу фазилатлар улуғланган. Маданият ва маърифат васф этилган. Шеърларидан бирида ижоддан кўзланган асосий мақсади нима эканини шоир қуйидагича ифодалайди:

Мен ўланни ёзмайман эрмак учун,
Ўтган-кетган гапларни термак учун,
Мен ўланни ёзаман тушунганга,
Авлодимга бир сабоқ бермак учун.

Алишер Навоий, Шайх Саъдий, Ҳофиз Шерозий, Фузулий каби шарқ мумтоз шеърияти намояндалари асарларини қунт билан ўрганган Абай асарлари моҳиятини табиатан зийрак, кўнгил кўзи очиқ, сергак одамларгина анг­лай олишини таъкидлайди. Шунинг билан бирга, у «тузсиз ўлан (шеър)» айтишни ўзига эп кўрмайди. Ёлғон ­гапдан сақланганини, асл сўзни сўзлашга интилганини айтади.
Шоирнинг «Менинг элим қозоғим», «Бургутчи» сингари шеърларида ватан мадҳи бетакрор талқин этилган. «Куз», «Қиш» сингари шеър­ларида эса табиат васфи орқали жамият ҳодисалари тас­вирланган. «Илм топмай мақтанма», «Ёшликда билим излаб», «Бўз болалик», «Кўзимнинг қораси» каби лирик шеър­ларида панд-насиҳат, илм-маърифатга тарғиб руҳи етакчилик қилади. Шоирнинг лирик асарлари мазмунан теран, бадиий жиҳатдан баркамол. Туйғунинг самимийлиги ва ростлиги, ташбеҳу истиораларнинг оҳорли экани Абай шеър­ларини нурлантириб туради. Назмий асарларида муаллиф инсон руҳиятининг мусаввири сифатида намоён бўлади.
Шоир бадиий таржима борасида ҳам самарали ижод қилган. Байрон, Гёте, Пушкин, Лермонтов, Лев Толс­той, И.Крилов сингари рус ва жаҳон адабиёти намояндалари асарлари билан яқиндан танишган. Уларнинг ижодий тажрибаларини ўрганган, асарларини қозоқ тилига маҳорат билан таржима қилган.
Икки қардош халқ муштарак қад­риятларининг куйчиси бўлган ана шундай ижодкор меросини ўрганиш ва тарғиб этишга бағишланган алоҳида қарор қабул қилиниши ҳаётий эҳтиёж самарасидир. Президентимиз қарорида Абай Қўнонбоевнинг умуминсоний қад­риятлар ва меҳр-оқибат туйғулари юксак пардаларда тараннум этилган етук бадиий асарлари, ибратли ҳаёт йўли ва ижтимоий фаолияти билан халқларимиз маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссасига алоҳида диққат қаратилган. Шоирнинг «Сайланма»си ҳамда «Ўзбек-қозоқ адабий алоқалари» номли адабий-таҳлилий мақолалар тўп­лами нашрга тайёрланиб чоп этилиши, ­оммавий ахборот воситаларида Абай Қўнонбоев ҳаёти ва ижодига доир туркум кўрсатув ва эшиттиришлар, мақолалар берилиши замонамиз ёшларининг ижодкор асарлари билан чуқурроқ танишувига хизмат қилади. «Абай асарларининг билимдони» кўрик-танловининг ўтказилиши эса ўқувчи ва талаба-ёшларнинг шоир асарлари адабий-эстетик қимматини теран англаши ҳамда китобхонлик маданияти янада юксалишига олиб келади. Телевидение орқали ижодкор ҳаёти ва ижодига доир бадиий ва ҳужжатли фильмларнинг намойиш этилиши, барча турдаги таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ўтказилиши қардош қозоқ халқининг буюк маърифатпарвар шоири мероси ҳақидаги мавжуд тасаввурларни бойитади.
Икки қардош халқ ўртасидаги ­дўстона муносабатларни янги босқичга юксалтириш йўлида муҳим ва тарихий аҳамиятга эга бўлган ушбу қарор халқларимизнинг эзгу иродаси ва муштарак орзулари ифодасидир.

Нурбой ЖАББОРОВ,

филология фанлари доктори, профессор

Бошқа хабарлар