Янги давр шундай бошланади

489

Юртимизда жиддий ислоҳотлар жараёни кечмоқда. Бунга ҳар қадамда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари мисолида гувоҳ бўлиб турибмиз. Мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлидаги ушбу ­саъй-ҳаракатлар дунё ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг нутқ ва маърузаларида, аввало, халқимиз ишончини қозониш лозимлигига алоҳида урғу берилаётгани бежиз эмас. Ҳа, янги давр шундай бошланди.
Қуйида юртимиз ва дунёнинг нуфузли минбарларидан янграган ва барчамизни руҳлантирган, қувонтирган, муҳими, Ўзбекистоннинг бир фуқароси сифатида ташаббусга, фидойиликка ундаган давлатимиз раҳбарининг чиқишларидаги баъзи фикрларни эътиборингизга ҳавола этаяпмиз. Зеро, эл-юрт манфаати йўлида жасорат ва куюнчаклик билан айтилган ҳар қандай даъват вақт ўтгани сари ­аҳамия­ти ортиб, халқ қалбидан мустаҳкам жой эгаллаб бораверади.

…Тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилиш — давлат сиёсатига, Президент сиёсатига тўсқинлик қилиш, деб баҳоланади.

***

Ҳаммамизни тарбиялаган, вояга етказган — шу халқ. Барчамизга туз-насиба берган ҳам — шу халқ. Бизга ишонч билдирган, раҳбар қилиб сайлаган ҳам айнан шу халқ.
Шундай экан, биз, биринчи ­навбатда, ким билан мулоқот қилишимиз керак — одамларимиз билан. Ким билан бамаслаҳат иш тутишимиз керак — аввало, халқимиз билан. Шунда халқимиз биздан рози бўлади. Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади. Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади.

***

Давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига баҳо беришда қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қандай ҳимоя қилинаётгани, уларга давлат хизматлари кўрсатишнинг сифати ва очиқлиги биз учун энг асосий мезон бўлиши шарт. Шу борада бир фикр­­ни яна такрорлаб айтмоқчиман: халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқдан.
2016 йил 14 декабрь.

Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ.

* * *

Юртимизда тинчлик ва барқарорлик, тараққиёт, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш бундан буён ҳам асосий вазифамиз бўлиб қолади.

Ўзбекистон халқига янги йил табригидан.
2016 йил 31 декабрь

Эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб ўтириш тараққиёт йўлидаги энг катта ғовдир.

***

… Эртанги кунимизнинг давомчиларини соғлом дунёга келтириш кўп жиҳатдан аёлларимизнинг саломатлигига боғлиқ.
… тиббиёт ходимлари бизнинг саломатлигимиз посбонларидир. Уларга халқ ишониши, улар эса халқни ишонтира олиши керак.

Соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ
етакчи мутахассислари билан бўлиб ўтган учрашувда сўзланган нутқдан.
2017 йил 5 январь.

 

Фарзандлар тинчлиги, уларнинг бахти, камоли — жамиятнинг энг катта бойлиги.

***

… Муқаддас ва мўътабар Она сиймосига таъзим қиламиз.

***

Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.

***

… Аёлларимизнинг бахти — халқимиз, жамиятимизнинг бахтидир.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро хотин-қизлар
байрамига бағишланган учрашувдаги нутқидан

 

Бизнинг мақсадимиз — юртимизда халқ ҳокимиятини номига эмас, балки амалда жорий қилиш механизмларини мустаҳкамлашдан иборат.

* * *

Иқтисодиёт тизимини либераллаштириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш амалга оширилаётган ўзгаришларнинг энг муҳим йўналиш­ларидир.

* * *

Биз оддий бир ҳақиқатдан келиб чиқмоқдамиз: халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади.

* * *

Ўзбекистон ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдоридир.

* * *

Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз.

* * *

Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман.
Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисоб­ланган «Саҳиҳи Бухорий»нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзланган нутқдан.
2017 йил 19 сентябрь.

 

Прокуратура илгаригидек фақат жазолайдиган, репрессия органи бўлиб қолмаслиги, аксинча, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини қоғозда эмас, амалда ҳимоя қиладиган тизимга айланиши зарур.

Прокуратура органлари ходимлари куни олдидан бир гуруҳ соҳа ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувдаги нутқдан.
2017 йил 7 январь.

 

…Ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, Ўзбекис­тон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий база ва объектларини жойлаштиришга йўл қўймаслик, ҳарбий хизматчиларимизнинг хориждаги тинч­ликпарварлик операцияларида иштирок этмаслик сиёсатига содиқ қолиш бундан буён ҳам мамлакатимизнинг принципиал позицияси бўлиб қолади.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан ватан ҳимоячиларига байрам табригидан.
2017 йил 13 январь.

 

…Тадбиркор — бу тараққиёт локомотиви, юрт таянчи.

* * *

…Самарқанд шаҳри, Имом Бухорий, Амир Темур, Улуғбек расадхонаси, Ҳазрати Дониёл, Регистон, Шоҳи Зинда ансамбли деган номларнинг ўзи, таъбир жоиз бўлса, жаҳон миқёсидаги машҳур брендлар эмасми?

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқдан.
2017 йил 10 ноябрь.

 

Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбарни — бу Бош вазир ёки унинг ўринбосарлари бўладими, ҳукумат аъзоси ёки ҳудудлар ҳокими бўладими, улар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиб қолиши керак.

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги, ҳар бир туман ва шаҳардаги Халқ қабулхоналари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси фаолиятини самарали ташкил этишни таъминлаш даркор.
Ана шу ишларнинг бош мақсади — фуқароларнинг қонуний мурожаатларини қисқа муддатда синчиклаб кўриб чиқишни ва ҳал этишни таъминлашдир. Бу борада рақамлар ва силлиқ ҳисоботларнинг орқасидан қувиб, навбатдаги кампаниябозликни уюштириш керак эмас.
Буни халқ ҳеч қачон кечирмайди!

* * *

… Оқни — оққа, қорани — қорага ажратиш вақти ҳам келди.

* * *

…Ишни биргаликда бажарамиз, натижа учун эса ҳар биримиз шахсан жавоб берамиз.

* * *

Бугун замон ўзгармоқда, унинг талаби, олдимизга қўяётган вазифалари тобора ортиб бормокда. Мана шундай мураккаб шароитда «Сен — менга тегма, мен — сенга тегмайман» деган кайфият билан ишлашнинг вақти ўтди. Биз «вазият ёмон, вазият оғир» деб баҳона қидиришга ўрганиб қолганмиз. Лекин шу вазиятни ким ўзгартиради, ким изга солади, деган саволни, келинг, ўзимизга берайлик. Вазиятни ўзимиз, ўз ақл-заковатимиз, меҳнатимиз билан ўзгартирмасак, ҳеч ким четдан келиб бу ишни биз учун қилиб бермайди.

* * *

Энг муҳим вазифамиз — мамлакатимизда тинчлик ва фаровонликни мус­таҳкамлаш, одамларни, халқимизни ҳаётдан рози қилишдан иборат. Бунинг учун эл-юртимиз, аввало, биз — раҳбарларнинг фаолиятидан рози бўлиши керак. Бунинг учун ҳар бир раҳбар ўз аравасини ўзи тортиши, ўз соҳасидаги ишларнинг аҳволи учун ўзи шахсан жавоб бериши керак. Шундан кейин жамиятимизда ўзгариш бўлади, ривожланиш бўлади.

* * *
..

.Жонажон Ватанимиз, олижаноб халқимизнинг ишончини қозониш, унинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш учун фақат тинимсиз меҳнат, изланиш ва ташаббус кўрсатиб яшаш керак. Одамлар буни кундалик ҳаётда сезиши, кўриши зарур.

* * *

Ҳаётнинг ўзи ва халқнинг талаб­лари бизнинг олдимизга амалий ечимини топиш лозим бўлган янги ва янада мураккаб вазифаларни қўймоқда.

 

Мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузадан.

2017 йил 14 январь.

 

… Диний жаҳолатга, зарарли оқимларга қарши маърифат билан курашиш керак.

* * *

Бугун ҳаётнинг ўзи биздан профессионал, тезкор ва самарали давлат хизмати тизимини шакллантириш, янгича фикрлайдиган, ташаббускор, эл-юртга садоқатли кадрларга кенг йўл очиш бўйича самарали тизим ишлаб чиқишни талаб этмоқда.

* * *

Бизга рақамлар эмас, аниқ натижа керак.

* * *

… Қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт.

* * *

… Халқимиз ҳамма нарсадан устун қўядиган адолатни ҳаётимизда том маънода қарор топтириш энг асосий вазифамизга айланиши шарт.

* * *

… Ватан соғинчи ҳар қандай одамни ҳам қийнайди.

Олий Мажлисга Мурожаатномадан.
2017 йил 22 декабрь.

 

«Ishonch» мухбири
Муқаддас РАЗЗОҚОВА
тайёрлади

.

 

Бошқа хабарлар