Ўзгаришларни эртага эмас, бугун кўрайлик

709

Яқинда қишлоғимизнинг бир гуруҳ кексалари билан қизғин гурунг қилдик. Ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган бу ёши улуғ инсонлар суҳбати, бугунги янгиликлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида кетди.

— Сизлар эътибор беряпсизларми, Президентимиз, аввало, ички ишлар ва соғлиқни сақлаш соҳаси мутасаддилари билан мажлис ўтказяптилар, — деб сўз бошлади Ҳамроқул ота. — Бу, инсон учун тинч­лик ва соғлиқдан муҳим неъмат йўқлигини англатади. Тўғри, бу икки соҳада ҳам ўзгаришлар бўлаяпти, лекин муаммолар ҳам йўқ эмас. Бутун ҳаракат инсон ҳаёти яхшиланишига қаратилаяпти.
— Шу сиёсатдан бизга ҳам маъқули, ўзгаришларни эртага эмас, бугун ҳис қилайлик, деган талаб бўлаяпти, — деб гурунг­­ни давом эттирди Абдусалом ака. — Рост-да, эл-улус рози бўлса, эртанги кунимизга ишонч янада мустаҳкамланади. Давлатимиз раҳбарининг қониқмаслиги халқ эҳтиёжидан келиб чиқаяпти. Демак, Президент талаби — бу халқ талаби. Бу ҳолат Олий Мажлисга Мурожаатномада ҳам яққол акс этди.
Шу ўринда савол янгради:
— Тўхтанг, илгари бунақа Мурожаатномалар бўлмасди. Унинг маъносини бизга тушунтириб беринг.
— Йил якуни бўйича Мурожаатнома билан чиқиш кўп демократик давлатларда анъанага айланган. Босиб ўтилган йўлга давлат раҳбарининг баҳоси ҳаммани қизиқтиради. Айни пайтда эртанги вазифаларни ҳам билиб олдик.
Шу пайтгача «кластер» деган сўзни эшитмаган эканмиз, — деб сўзида давом этди отахон. — Сўраб кўрсам, хомашё экишдан то маҳсулотни эгасига топширгунча бўлган жараённи ўз ичига олар экан. Рост-да, хирмон кўтарган билан ҳосилни манзилга етказмасангиз, ҳамма тоат-ибодатингиз бир пул.
— Бир нарсани сўрамоқчи эдим, — деб ўртага савол ташлади ўрта яшар ҳамқишлоқлардан бири. — Кейинги пайтларда «Обод қишлоқ» деган сўз пайти-пайти билан тилга олинаяпти. Шуни тушунтириб беринг.
— Баракалла, шу эзгу ҳаракатга эътибор қилганларингизнинг ўзи яхши. Гап шундаки, илгари қишлоқларимиз обод бўлиши керак, деган умумий гаплар кўп айтиларди. Олимлар обод қишлоқнинг ўзига хос жиҳатларини таснифлашар, лойиҳачилар турли муқобилларини тақдим этишарди. Очиғи, бу гаплар қоғозда ёки оғизда ижод қилинарди. Давлатимиз раҳбари ўша гапларни аниқ бир манзилда яратиб, обод қишлоқ мана бундай бўлади, деган ҳаракатни тавсия этди. Ҳозир Жиззах вилоятида Манас қиш­лоғи шундай ҳаракатда обод қиё­­фа касб этмоқда. Ҳозир ҳамма жойда ислоҳотлар амалга оширилаяпти. Манасга ўхшаш жойларда бу ўзгаришлар кенг жамоатчилик назоратида рисоладагидек бекаму-кўст рўёбга чиқарилаяпти. Миллатимизнинг азалий орзу-ниятлари юртимизнинг чекка-чекка қиш­лоқ аҳолиси онгида янги тафаккур ғояларини куртак ёздирмоқда. Тасаввур қилинг, илгари ариқдан сув ичган одамлар туб ўзгаришлар туфайли шаҳар шароитига хос қулайликлардан баҳраманд бўлмоқда. Шундай ободлик ҳар кўчага, хонадонга кириб борса, уни оила аъзоларингиз билан ҳис этсангиз, янги ҳаёт дегани шу эмасми?! Хўш, шундай ўзгариш­ларни ким амалга ошириши керак? Бу вазифаларни ўзимиз, авваламбор, турли даражадаги раҳбар ва мутасаддилар, қолаверса, бутун жамоатчилик, аҳоли вакиллари бир мушт бўлиб бирлашиб, ўзаро ҳамжиҳатликда эрта ёки индин эмас, балки бугун бажаришимиз ҳаёт талаби ҳисобланади. Мақсад — одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун зарур моддий ва маънавий шароитларни яратишдан иборат.
Талаблар шундан иборатки, ҳар бир хонадон назоратдан ўтказилганда уйлар пишиқ-пухтами, томлари ёпилганми, ҳовлиларга мевали дарахтлар экилганми, тоза ичимлик суви мавжуд­­ми, аҳоли суюлтирилган газ, кўмир билан етарли таъминланганми — хуллас, инсон муносиб турмуш кечириши учун барча қулайликларга эга бўлиши таъминланади.
Айни вақтда Манасдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишларига юзлаб техника ҳамда мосламалар, мутахассислар ва ишчи гуруҳлар сафарбар этилган. Хуллас, юксак орзу-ниятлар рўёбини кўрмоқчи бўлсангиз, Манасга боринг. Бу ерда тўпланган тажриба яқин орада бошқа вилоятларда татбиқ этилади. Шу аснода суҳбатдошлар юрагидаги гапларни ­дастурхон қилишди.
Қаранг, ичимлик суви муаммоси мамлакатимизнинг кўпчилик ҳудудларига хос ҳолат экан. Биргина Президентимиз ташрифлари шарофати билан йиллар мобайнида қақраб ётган заминга оби-ҳаёт оқиб келмоқда. Насиб этса, сув келтиришдек эзгу ишнинг савоби, халқимизнинг дуоси қанчадан-қанча файзу баракага сабаб бўлғуси. Одамлар қалбда қувонч билан чин дилдан дуо қилишаяпти.
Қўшни мамлакатлар билан муносабатларни яхши йўлга қўйганимиз ҳамманинг дилини чароғон этмоқда. Чегараларнинг очилиши ҳар икки томон халқларини хурсанд қилмоқда. Ахир, қуда-анда, дўсту биродар бўлган одамлар бир-бирларини кўришолмаётганига анча йил бўлибди.
Илгари кейинги йилларда кўзлаган марраларимизни асос қилиб, эртанги кун ҳақида баландпарвоз гап­лар айтиларди. Хўш, бу режалар қачон амалга оширилади, деб сўрасангиз, бир сўз билан «келажакда», деб жавоб қилинарди. Орадан икки, уч, ҳатто беш йил ўтса ҳам, ўша «келажак» кейинги йилларга сурилаверарди. Бугунги давр эса шиддатли ислоҳотларимизга янги вазифа қўймоқда. Одамлар ислоҳотлар натижасини эртага эмас, бугун кўришсин. Тўғри, бунинг учун сабр-тоқат, ҳафсала, ўзни қийнаш талаб этилади. Лекин қийинчиликларни мардонавор енгсак, сув келса симириб, тош келса кемириб фаолият юритсак, келгуси йил бошида муҳим довонлардан ошган каби туйғуни бошдан кечиришимиз муқаррар. Ўшанда шу азиз Ватан учун фидойилик қилган инсонларнинг юзи ёруғ бўлиши турган гап.
Ҳар оқшом ойнаи жаҳон орқали «Ахборот 24»ни интиқиб кутамиз. Бугун қайси ташаббус ҳақида хабар берилади, деган қизиқиш бизни тарк этмайди. Ҳар куни ислоҳотлар суръатини жадаллаштириш учун янги-янги ғоялар, илҳомлантирувчи фикрлар янграяпти. Бундай ёндашув одамлар қалбида эртанги кунга ишонч туйғусини ошириб бораяпти. Ҳамманинг тили учида турган мавзуларда жўш урган суҳбатдан маза қиласиз. Бундай гурунг­лар тез кунда яхши самара бериши муқаррар. Нима дедингиз?!

Шуҳрат ЖАББОРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат
кўрсатган журналист

Бошқа хабарлар