Қисматнинг турфа синовлари

344

Хива «Мурувват» ногиронлар учун эркаклар интернат уйида 200 нафар фуқаро васийликка олинган. Уларнинг 23 нафари биринчи гуруҳ, 177 нафари иккинчи гуруҳ ногирони. Ўзининг саксон йиллик фаолияти давомида ушбу муассаса не тақдир соҳибларига ­бошпана бўлмади дейсиз? Қисматнинг турли синовлари туфайли бу даргоҳга келиб қолганларнинг ҳар бири гўё ҳаёт деб аталмиш китобнинг ўқилмаган бобларидир.

«Менга онам илҳом беради»

Ҳар сафар ушбу муассасага борганимда, маънавият хонасидаги оддий қаламда чизилган бетакрор расмлар диққатимни тортади. Мана, ҳозир ҳам улардан бирини қўлимда тутиб турибман. «Ёлғизлик» деб номланган ушбу суратда улкан фалсафа мужассамга ўхшайди. Тўрт томонини сув қоплаган оролча. Ёлғиз дарахт ва унга суяниб ўтирган ҳолда хаёлот оламига ғарқ бўлган йигит. Расмга термулиб ўйга толаман. Ёлғизлик — ўйлаб олиш учун берилган имкониятми? Уқубатми? Чорасизликми? ..
Навбатдаги расм эса «Онамга» деб номланган. Картинанинг бир четида нур сочиб турган қуёш, бир ёнида ер шари тасвири, ўртада бешик, бир ёнбошида оромкурси, пастда қабртоши. Чиройли ҳуснихат билан «Сиз менга ёруғ оламни бердингиз. Мен сизга нима бера олдим? Нега кўзларим жиққа тўла ёш?» деб ёзилган. «Бир боқишда муҳаббат», «Навқирон Хива», «Истиқлол шукуҳи» каби ўнлаб рангтасвирларнинг ҳар бири ўзига хос.
Бу расмларни ушбу даргоҳда васийликка олинган Алиқўзи Жўрабоев чизган. Алиқўзи асли Тошкент вилоятининг Бекобод туманидан. Табиатан камгап йигит билан суҳбатимиз аввалига унчалик қовушмади. Айниқса, «Табиат манзараларини яхши чизаркансиз» деган хушомадимга энсаси қотгандек бўлди.
— Мен мактабда аъло баҳога ўқиганман. Географияни, ботаникани, тарихни яхши биламан, — дея жавоб қайтарди.
Шунда уни касалманд киши сифатида қабул қилаётганим ёқмаганини ­англадим.
— Расмларни қандай чизасиз? — дея сўрайман хижолатпазликдан қутулиш учун.
— Тасвирлар кўзим ичида пайдо бўлади. Сўнг қоғозга тушираман.
— Қачондан буён шу иш билан машғулсиз?
— Болалигимдан рассом бўлмоқчи эдим. Тошкент давлат педагогика институтига чизмачилик йўналиши бўйича топширганман. Мандатда йиқилганман. Кейин тирикчилик ташвишларига шўнғибми, ўқишга уринмадим.
— Ижод кишиларига нималардир туртки беради, жунбушга келтиради. Сизга ким илҳом беради?
— Онам. Турсуной Мирзаева — новвой эди. Тез-тез тушимга киради. Кўнг­лимни кўтаради, юпатади. Онажонимдан айрилганимга ўн беш йилдан ошди. Бувим ва онамни бир йилда ерга берганмиз. Отам ҳаёт.
— Ака-укаларингиз …
— Ўгай укам билан бирга саккизтамиз, — Алиқўзи ҳар бир опа-синглиси, укалари ҳақида алоҳида меҳр билан сўзлайди.
— Сизни йўқлаб туришадими?
— Баъзида кичкина қизим, ҳар замонда отам телефон қилиб туради.
— Фарзандларингиз… борми? — дейман секингина.
— Ҳа, учта. Бир ўғил, икки қиз. Ўтган йили катта қизим Мафтунани чиқардик. Таътил олиб, бориб келдим. Қизимнинг тўйини катта ўғлим Сухроббек қилди, барака топсин. Мадина қизим коллежда ўқийди. Расм чизишга қизиқади. Насиб қилса, институтда ўқитмоқчиман. Орзуларим шу қизимда ушалишини жуда-жуда хоҳлайман.
— Турмуш ўртоғингиз…
Алиқўзи хўрсиниб қўйди.
— Бу ерда сизга қандай муносабатда бўлишяпти?
— 2013 йилдан бери шу ердаман. Олдинига ҳеч кўниколмадим. Шифокорлар мени юпатиш ўрнига, жуда қўпол муносабатда бўлишди. Фақат Равшан ака раҳбар бўлиб келгачгина, вазият ўзгарди. У кишидан миннатдорман.

Алиқўзи соғлом ҳаётга қайтишга тайёр

— Алиқўзи кейинги йилларда анча ўзига келиб қолди. Мен бу ерга ишга келганимда қотмагина йигит эди. Ҳаёт изтироблари, меҳрга ташналик қалбини, руҳини жароҳатлагани шундоқ кўзга ташланиб турарди. Ҳамма беморлар қатори у билан ҳам дилдан суҳбатлашдим. Қўлидан нима келишини сўрадим. Қарасам, яхшигина истеъдоди бор. Қоғоз, қалам олиб бердик. Алиқўзи нафақат яхши расм чизади, шундай гўзал ландшафт яратадики, ҳайратингизни яширолмайсиз. Яқинда менга устахона очиб беринг, интернатимиз деворларини нақшлар билан безайман, деб қолди. Ҳозир устахонани тайёрлаяпмиз, — дейди муассаса директори, тиббиёт фанлари номзоди Равшан Шенязов.
Директорнинг билдиришича, Алиқўзи Жўрабоев соғлом ҳаётга қайтишга тайёр. Кейинги икки йилда хасталиги умуман хуруж қилмаган. Фақат бир муаммо бор: у муассасадан чиқиб, эски оиласига қайтишни хоҳламайди. Алиқўзи оила қурса, намунали оила бош­лиғи бўлишига ишонаман, — дейди муассаса раҳбари. — Ўтган йили республика «Мурувват» уйлари ўртасида ўтказилган танловда унинг расмлари юқори баҳоланди. Ҳунарманд, асосийси, ўта меҳнаткаш. Фақат қаерда яшайди, деган масала бор. Бугун давлатимиз раҳбари томонидан ногиронлиги бўлган фуқароларга қаратилаётган эътибордан фойдаланган ҳолда, мутасаддиларга мурожаат қилмоқчимиз. Агар унга ҳам уй берилса, оила қуриб, соғлом ва бахтли турмуш кечирармиди… Истеъдоди рўёбга чиқишини жуда-жуда истайман.

Бекзод Навоийдан ғазал ўқийди 

Васийликка олинганлар орасида яна бир йигит диққатимизни тортди. Бекзод Очилов Жиззах шаҳридан. Унинг қувваи ҳофизаси шунчалик кучлики, ўқиган шеърини бир зумда ёд олади. Воқеалар ҳақида гапирганда, санаси, соати, дақиқасигача тўхталади. Айниқса, ҳазрат Навоийнинг ўнлаб байтларини шунчалар ифодали ўқийдики… Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов шеъриятининг мухлиси. Муассаса деворларига ёзилган барча афоризмлар хотирасига муҳрланган. Яна бир жиҳати, аксарият шеърлардаги «Ватан» сўзи ўрнига «она» сўзини қўллаб ўқишни яхши кўради.
— Армияга боролмаганимга афсусланаман, — дейди Бекзод. — Онамни қистовга олиб, у киши билан мудофаа бўлимига борганмиз. «Соғлом бўлганингизда жон деб ҳарбий хизматга олардик», дейишди. Касаллигим туфайли оила ҳам қуролмадим. Хаёлимда оиламнинг, фарзандларимнинг қиёфасини яратганман. Болаларим бўлса, уларга умуман қўпол муносабатда бўлмасдим. Китобларда ўқиганларимни сўзлаб берардим. Мен жажжи болаларни, уларга эртаклар айтиб беришни яхши кўраман.
Бекзод яна ҳазрати Султон Увайс зиёратгоҳидан, Хива саёҳатидан олган таассуротларини мароқ билан сўзлайди.
У ҳозир 36 ёшда. Асосий вақтини кутубхонада ўтказади. Ҳунармандчиликка ҳам қизиқади. Муассасадаги гулларни парвариш қилади. Оиласида уч қиз, икки ўғил катта бўлишганини, онаси Маҳбуба опа тиббиёт ходими бўлиб ишлаганини, ҳозир нафақадалигини ички ўкинч билан ҳикоя қилади.
— Онам охирги марта 2015 йилда келган эди. Уни жуда соғиндим, — дейди. — Онам келсайди, шеърлар ўқиб берардим. Хонамда ўстириб қўйган гулларимни совға қилардим…

«Тўрт кишини оиласига қайтардик»

— Тажрибангизда соғлом ҳаётга қайтариш ҳолатлари учраганми? — сўрайман директордан.
— Ўтган йили биринчи марта васийликка олинганлардан тўрт нафарини ­оиласига қайтардик, — дейди Равшан ака. — Ҳазорасплик Сотимбой ака (исми ўзгартирилган) бу ерда ўн йилдан зиёд яшади. Ёши олтмишга яқинлашди. Чаққон, меҳнаткаш. Кейинги йилларда умуман хасталиги безовта қилмади. Укаси тез-тез кўришга келиб турарди. «Акамни олиб кетсам бўладими?» деб сўради бир сафар. Шифокор кўригидан ўтказдик. «Оилада яшаши мумкин» деган хулоса беришди. Ўшанда Сотимбой аканинг қувонганини кўрганингизда эди!
Васийликка олинганлар билан ишлаш тажрибасига қизиқдим.
— Юринг, ўзингиз гувоҳ бўласиз, — йўл бошлайди директор.
Бу ерда жорий қилинган энг сўнг­­ги янгилик — ҳайкалтарошлик устахонаси диққатимизни тортди. Тарбияланувчилар томонидан цемент ва алебастр қоришмасидан ясалган турли мультфильм қаҳрамонларининг қиёфаси ўзига хос. Директор тез кунларда муассаса ҳудудини ушбу ҳайкаллар билан безаш кўзда тутилаётганини айтади. Ундан кейин сал юрмай, қуёнхона, товуқхонага кирдик. Муассасада, шунинг­дек, чорвачилик ҳам йўлга қўйилган. Иссиқхонани кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. Узумзор, олмазорларга баҳорги ишлов берилмоқда. Умуман, бу ерда ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланилади. Сабзавот ва полиз маҳсулотлари ҳам етиштирилади.
— Васийликка олинганларнинг ҳаётга қизиқишини орттириш, ўз-ўзига хизмат қилишни ўргатиш, ҳаракати чекланган орган функцияларини қайта тиклаш мақсадида меҳнат терапиясини йўлга қўйганмиз. Ҳар бир беморга якка тартибда ёндашамиз. Қизиқиши, жисмоний имкониятидан келиб чиққан ҳолда ишга жалб қиламиз.
Дарвоқе, бу ерда этикдўзлик, дурадгорлик, рассомчилик, бадиий ҳаваскорлик тўгараклари ҳам фаолият кўрсатади. Тез-тез маданий тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказиб турилади. Беморларнинг асабларини тинчлантиришда мусиқа терапиясидан кенг фойдаланилмоқда.
— Биз тарбияланувчиларга ногирон деб эмас, акам-укам деб қараймиз, — дейди ҳамшира Клара Атажанова.
Давлат эътибори, саховатпешалар ҳиммати туфайли муассасадаги шарт-шароитлар кун сайин яхшиланмоқда. Васийликка олинганлар сифатли тиббий-ижтимоий ёрдамдан баҳраманд бўлишлари учун фитобар, физиотерапия, муолажа хоналари, стоматология хонаси, кутубхона, маънавият маскани, спорт машғулотлари зали, ҳаммом, сауна, ошхона, сартарошхона, ёзги дам олиш маскани фаолият кўрсатмоқда. Тарбияланувчилар ҳар йили икки марта чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Улар ҳолидан хабар олиш, кўмаклашиш, ёзиш, расм чизишни ўргатиш мақсадида Хива тиббиёт ва педагогика коллежлари ўқувчиларидан иборат кўнгиллилар гуруҳи ташкил қилинган. Барака топкурлар дарс­лардан сўнг бу ерга келиб, тарбияланувчилар билан машғулотлар олиб боришади. Икки йилдирки, ота-оналар кенгаши ҳам фаолият кўрсатаётир.
— Васийликка олинганларнинг завқ-шавққа тўлиб яшашларини истаймиз, — дейди директор. — Бунинг учун шарт-шароитларимиз етарли. 7 шифокор, 16 ҳамшира, 47 кичик тиббиёт ходими, жами 117 ходим уларнинг саломатликларини ­мустаҳкамлашга камарбастамиз.
Кўриб, ўзимиз шоҳид бўлдик: дарҳақиқат, бу ерда барча имкониятлар яратилган. Бироқ, уларнинг кўпчилиги яқинларини жуда соғинган. Жигаргўша, қариндош-уруғлар меҳри барибир бошқача-да…

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА

Бошқа хабарлар