Тарих билан ёнма-ён

265

Президентимизнинг 2017 йил 28 декабрдаги «2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш, ички туризм­ни янада кенгайтириш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

«Касаба сайр» шўъба корхонаси ушбу хайрли ишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётир. «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури асосида Наврўз байрами муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида меҳнат қилаётган 2000 нафардан ортиқ ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон, Марғилон, Термиз, Шаҳрисабз, Қарши каби тарихий шаҳарлар ҳамда ўз ҳудудларидаги диққатга сазовор жойлар бўйлаб имтиёзли асосда жамоавий саёҳатлар ташкил этилди. «Касаба сайр» кўмагида таҳририятимиз жамоаси ҳам Хива шаҳрида бўлди. «Тошкент — Урганч» йўналишидаги поездга чиққандаёқ таассуротлар олами бошланди.
Хива шаҳрида ҳамроҳлик қилган Зайнаб Бекчоновадан эшитганларимиз ва кўрганларимиз гўё бизга бемисл илҳом бахш этиб, янгидан-янги ижодий пиллапояларга ундагандек бўлди. Уларнинг баъзиларини сизларга ҳам илингимиз келди, азиз муштарий!

Ҳайрат қалъаси

Ичан қалъа ўзига хос яхлит меъморий иншоот бўлиб, баланд пахса девор билан ўралган, Ота, Полвон, Тош ва Боғча дарвоза номли тўртта дарвозаси бор. Ҳудудда 54 та тарихий обида жойлашган бўлиб, бу обидалар асосан тўрт тарихий даврда қурилган. Ота дарвозанинг ўнг томонида Муҳаммад Аминхон мадрасаси, чап томонида Арк (Кўҳна Арк) жойлашган.
Тарихчиларнинг ёзишларича, меъморчилик ривожланишининг учинчи даври XVI-XVIII асрларга тўғри келади. Хоразмда ўзбек хонларининг ҳукмронлиги мустаҳкамланиб, мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий аҳволи яхшиланиши Хиванинг тез ривожланишига сабаб бўлган. Араб Муҳаммадхон, Хўжамбердибей мадрасалари, Кўҳна Аркдаги кўринишхона (унга Арангхон бош бўлган) айнан шу даврларда бунёд этилган. XVIII аср бошида Шерғозихон мадрасаси қурилган.

Паҳлавон Маҳмуд зиёратгоҳи

Паҳлавон Маҳмуд 1247 йилда Хива шаҳрида ҳунарманд оиласида туғилган. Ёшлигида ота касби пўстиндўзлик билан шуғулланган. Илм ўрганиб, улуғ файласуф шоир даражасига эришган. У замонасининг энг кучли паҳлавони саналади. 79 йиллик ҳаётида бирон марта кураги ерга тегмаган Паҳлавон Маҳмуд ҳақида кўплаб ривоятлар сақланиб қолган. Айтишларича, олис мамлакатдаги курашларда ўз маҳоратини намойиш қилиб, ҳамма полвонларини енгганида Маҳмудга ўша давлат подшоҳининг ҳаваси келиб, «Тилагингни тила», дебди. Паҳлавон Маҳмуд подшоҳдан бир ҳўкиз терисига сиққулик қадар ватандошларини озод қилишини сўрабди. Подшо рози бўлибди ва ҳўкиз терисини келтиришни буюрибди. Паҳлавон Маҳмуд теридан ингичка тас­малар қирқиб олган ва уларни бир-бирига улаб узун камар (қўра) қилиб, шунга сиққунча одамларни олиб Хивага йўл олган. У билан келганларни шаҳар ташқарисидаги Шихлар қишлоғига жойлаштирган.
Ҳа, паҳлавонлар пири нафақат кучли, балки мард, танти ва бағри кенг инсон бўлган. Паҳлавон Маҳмуд рубоийларини ўқиган инсон у кишининг донишмандлигига яна бир бор тан беради.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мақбара қайта таъмирланиши натижасида бу даргоҳ янада файзли масканга айланди.

МАСКАНИ ФОЗИЛОН

Паҳлавон Маҳмуд зиёратгоҳи рўпарасида Шерғозихон мадрасаси жойлашган. Шерғозихон олим ва одил хон, эътиқодли ва диёнатли инсон сифатида тарихда қолган. Ундан ёдгор мадраса 1719 йилда қуриб битказилган. Унга ўша давр тарихчилари «Мас­кани фозилон» деб ном беришган. Бу ерда ўз даврининг фозилу фузалолари тарбия топган. Хусусан, буюк туркман шоири Маҳтумқули ва қорақалпоқ адабиётининг йирик вакили Ажиниёз шу гўшада таҳсил олган.
Йўлбошловчи Маҳтумқулининг қуйидаги сатрларини ­ҳаяжон билан ўқийди:

«Макон айлаб уч йил едим тузингни,
Кетар бўлдим, хуш қол, гўзал Шерғози.
Ўтказдим баҳор, қиш, ёзингни,
Кетар бўлдим, хуш қол, гўзал Шерғози».

Ҳозирда мадрасада Маҳтумқули, Ажиниёз Кўсибой ўғли кўргазмалари ва тиббиёт тарихи музейи фаолият кўрсатмоқда.

Нуриллабой саройида

Хивадаги тарихий обидаларнинг айримлари Дишан қалъада жойлашган. Улардан бири Нуриллабой мажмуаси 1893 — 1904 йиллар оралиғида Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II томонидан ўғли шаҳзода Исфандиёр хон шарафига қурдирилган. Муҳаммад Раҳимхон II хивалик савдогар бой Нуруллабойдан боғини сотишни сўрайди. Шунда Нуруллабой хонга, у аввалдан халқ ўртасида бўлиб келган «Нуруллабой боғи» номини ўзгартирмасагина розилик билдиришини айтади. Хон бу шартга кўниб, боғни сотиб олади. Шундай қилиб «Нуруллабой» номи сақланиб қолади. Муҳаммад Раҳимхон II Нуруллабой боғи ичида ўғли Исфандиёрхон учун катта бир сарой ва ҳарам ( ҳарам — хос жой, номаҳрамлар киритилмайдиган ички ҳовли) қурдиради.
Отасининг ўлимидан сўнг Исфандиёр хон хорижлик меҳмонларни қабул қилиш учун қўшимча қаср солдирган. Бу қаср Хивадаги хонлар қароргоҳларидан ўзининг дизайни ва архитектураси билан тубдан фарқ қилади. Сарой тўртта қисмдан иборат бўлиб, юздан зиёд хоналар, долонхона, қоровулхона, отхона, мулозимлар турадиган хоналар ва ҳарамдан (бешинчи ҳовли) иборат бўлган.
Бугунги кунда ушбу мажмуада ўзбек фотографияси ва киночилиги асосчиси Худойберган Девонов томонидан олинган расмлар кўргазмаси ташкил қилинган бўлиб, унинг «Патэ» русумли киноаппаратида олинган тасвирлар ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмайди.

Чўгирмани кий

Хивага ҳунармандчиликнинг нодир намуналарини томоша қилиш учун ҳам ташриф буюрса арзийди. Қадимдан қалъада гиламдўзлик, кошинлик, қўғирчоқ ясаш, кулолчилик, мисгарлик, ёғоч ўймакорлиги, сангтарошлик, чўгирма каби миллий ҳунармандчилик ривожланган. Хоразмнинг миллий либослари ҳам ўзига хос. Шулардан бири чўгирмадир. У қоракўл терисидан тайёрланади ва қишда совуқдан, ёзда эса қуёш тафтидан сақланишга хизмат қилади.
Чўгирмани асосан хон, вазир каби бадавлат кишилар кийишган. Чўгирма эркаклар бош кийими бўлгани учун Хоразм воҳасида у билан боғлиқ бир удум сақланган. Унга кўра, уйланиш ниятини билдирган йигитга қиз томон чўгирмани куч билан отишган. Агар йигит йиқилиб тушса, қиз унга турмушга чиқиш ниятидан қайтган.
Хоразмда чўгирмани ёш тоифасига қараб кийишган: кексалар оқ, ўрта ёшлилар кулранг, ёшлар эса ранглиларини.
Ичан қалъадаги Карвон бозоридан юзлаб хилдаги миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини харид қилиш мумкин.

Хоразм Маъмун академияси

— Хоразм — Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд аз-Замахшарий, ўнлик саноқ системасини биринчи бўлиб жаҳонга берган ал-Хоразмийлар юрти. Бу ерга келишни ким ҳам орзу қилмайди дейсиз?! Минг йиллик академияни кўриш, тарихий обидаларимиз билан танишиш нафақат мен, балки ҳамроҳларим бўлган кўп­лаб нуронийлар учун Наврўз байрамида катта совға бўлди, — ­дейди физика-математика фанлари номзоди, доцент Мукаррама Муҳиддинова. — Шу ўринда матбуотда мана шундай тарихий масканларимиз ҳақида кўплаб маълумотлар бериб борилса, бу ерларда фильмлар ишланса яхши бўларди. Бу мамлакатимиз туризм салоҳиятининг янада ошишига замин ҳозирлайди. Қаранг, бу учун ҳеч қандай меҳнат талаб қилинмайди. Тарих биз билан ёнма-ён турибди.
Бу каби фикрларни биз билан ҳамсуҳбат бўлган кўплаб юртдошларимиз билдирди.

Хивага поезд келади

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Хивага поезд борадиган бўляпти. Айни кунларда вокзал ва темир йўл қурилиши жадал суръатда давом этмоқда. Вокзал атрофида барпо этиладиган мажмуалар Хива тарихида бешинчи давр бошланганидан далолатдир. Бу давр тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилиши, Хиванинг оламшумул шуҳратига шуҳрат қўшиши, тараққиётини кафолатлаши, минг йиллардан сўнг авлодларимиз бу воқеаларни Хива тарихидаги олтин давр сифатида ёдга олишларига ишонган ҳолда ортимизга қайтаётганимизда яна бир янгиликни эшитдик.
Гап шундаки, янги қурилган «Бухоро — Мискин» темир йўл линияси Наврўз байрами арафасида ишга туширилди. Биз ўтирган поезд айнан шу йўналишда ҳаракатланар экан. Бу билан оралиқ масофа қарийб 100 км., ҳаракатланиш вақти эса икки соатга қисқаргани барчани хурсанд қилди.
Хуллас, Хивага саёҳат ғоят мароқли бўлди. Олинган таассуротлар ҳар биримизга куч-ғайрат ва илҳом бахш этиши шубҳасиз.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
Салим АБДУРАҲМОНОВ,
«Ishonch» мухбирлари.

Бошқа хабарлар