Хатолардан холи бўлмаган ишлар…

1,357

Газетамизнинг шу йил 22 февраль 23-сонида «Чой пули» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Унда АТ «Халқ банки» Пастдарғом тумани филиали ходими Шахбоз Акбаровнинг қонунга зид равишда ишдан бўшатилгани, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Самарқанд вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши Фуқаролик ишлари бўйича судга даъво киритгани ҳақидаги воқеалар қаламга олиниб, суд бу масалага уч ойдан буён муносабат билдирмаётгани баён этилганди.

Мақолага Ўзбекистон Респуб­ликаси Олий суди раиси ўринбосари Б. Исақов имзоси билан раддия келди. Унда Ш. Акбаровнинг даъвоси 2017 йилда суд томонидан кўрилиб, ажрим чиқарилгани ва бунга ҳеч бир шикоят йўқлиги таъкидланади.
Аввало, «Холис ва ҳаққоний ахборотга хиёнат «Ишонч»га путур етказади» деб номланган раддияни эътиборингизга ҳавол этмоқдамиз. Раддия ҳам жавоб, ОАВ чиқишига ўзига хос эътибор белгиси.
Энди унда билдирилган фикр ва мулоҳазаларга бизнинг муносабат: Дарҳақиқат, эндиликда маълум бўлишича, Ш. Акбаровнинг иши 2017 йил 16 ноябрда фуқаролик ишлари бўйича Нуробод тумани судининг очиқ мажлисида А.Болтаев раислигида кўриб чиқилган. Суд фуқаронинг ўша пайтга келиб иш берувчига ҳеч қандай даъвоси бўлмаганини инобатга олиб, ишни тугатиш хусусида ажрим чиқарган. Раҳмат!
Биринчидан, муаллиф аслида касаба уюшмаларининг даъвосига ҳалигача муносабат билдирилмаётгани ҳақида ёзган. Дарҳақиқат, даъвогар бўлмиш касаба уюшмалари Самарқанд вилояти бирлашмаси кенгашига бу борада бирон жавоб келмагани РОСТ!

 

Бу ишда, ҳуқуқий жиҳатдан Самарқанд вилояти касаба уюшмалари бирлашмаси кенгаши бош даъвогар сифатида фуқаронинг манфаатларини кўзлаб судга мурожаат қилмаганмиди? Мухбир даъвогарнинг ҳужжатларини ўрганиб, унинг даъвосига суд томонидан ҳеч бир жавоб йўқлигидан келиб чиқиб, мақола ёзганди-ку?! (Касаба уюшмалари бирлашмасида 2017 йилнинг 25 октябрда фуқаролик ишлари бўйича судга киритилган даъво аризаси жавобсиз қолгани қайд этилган).
Иккинчидан, одатда касаба уюшмалари барча юридик шахслар қатори мурожаатлар билан ишлашда «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун талаблари доирасида фаолият юритади. Судлар-чи..? Улар учун қандайдир бошқа тартиб белгиланганми? Агар бундай бўлмаса, Фуқаролик ишлари бўйича Нуробод тумани судининг Шахбоз Акбаров иши юзасидан юритган ҳужжатлари, бизнингча, юқоридаги қонун ва Фуқаролик процессуал кодекси нормаларига мос келмайди.
Қайд этилишича, Ш. Акбаров манфаатларини кўзлаб даъво қилаётган вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг ишончли вакили «тегишлича чақиртирилса»-да, судга келмагач, иш мазкур даъвогарсиз кўриб чиқилган…
Шу жойга келганда, беихтиёр, «Йўғ-е?!» деб юбордик…
Фуқаролик процессуал кодексининг 132-моддасида «Ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонлар суд чақирув қоғозлари, зарур ҳолларда эса телефонограммалар, телеграммалар ва хабардор қилинганлик факти қайд этилишини таъминлайдиган бошқа алоқа воситалари орқали судга чақирилади ҳамда суднинг айрим процессуал ҳаракатлари тўғрисида хабардор қилинади», деб белгилаб қўйилган. ФПКнинг 134-моддасида эса судга чақирув қоғози ишда иштирок этувчи шахсларга ва процесснинг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишларини мўлжаллаб топширилиши керак эканлиги қайд этган. Шунингдек, мазкур кодекснинг 223-моддасининг иккинчи қисмида «Суд ҳал қилув қарорининг ёки иш юритишни тўхтатиб туриш, тугатиш тўғрисидаги ёхуд аризани кўрмай қолдириш ҳақидаги суд ажримининг нусхаси суд мажлисига келмаган тарафларга ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга ҳал қилув қарори ёки ажрим чиқарилган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай почта орқали ёки ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилади», дейилади.
Бироқ, мазкур ишни кўриб чиққан судья кодекснинг бу талаб­ларига нега бефарқ қараган? Ахир, касаба уюшмалари вакиллари жараёнга чақирилмагани, ажрим юборилмагани РОСТ-ку!
Ўз-ўзидан тушунарлики, таҳририят вакили нега касаба уюшмалари вакиллари суд мажлиси тўғрисида огоҳлантирмаганини билиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилди. Ва… «касаба уюшмаларига факс орқали хабар берганмиз», деган тагида асоси бўлмаган жавобни олди. Чунки ўрганиш жараёнида вилоят касаба уюшмаларида юритилаётган қайд дафтарида ҳам, факснинг «хабарлар тарихи»да ҳам бунақанги билдиришнома бўлмагани аниқланди. Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди эътироз сифатида таҳририят вакилига «Чой пули» эълон қилинганидан сўнггина суд бўлиб ўтгани тўғрисидаги ажрим нусхаси ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Нуробод тумани суди раиси А. Болтаевнинг икки энлик хатини топширди, холос.
Хўш, унда мухбир нимани хато ёзди?!
Учинчидан, Олий суд матбуот хизматининг Нуробод тумани суди маълумотларига асосан эҳтиросларга берилиб ёзган раддиясида «…Самарқанд касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши фуқаро Шахбоз Акбаровнинг манфаатида судга берган ишга тиклаш ҳамда мажбурий бекор юрган кунлари учун иш ҳаққини ундириб бериш ҳақидаги даъво талабидан, низо йўқлиги ва бугунги кунда Ш. Акбаров илгариги вазифасида ишлаётганлиги сабабли иш юритишни тугатишни сўраб ариза билан судга мурожаат қилишган» деган иддао бор. Кечирасиз, касаба уюшмалари қачон шундай ариза билан мурожаат қилган? Ахир, бу қип-қизил ёлғон гапку?!
Олий суд раисининг ҳурматли ўринбосари имзолаган раддияда ­кейинги пайтларда «Ишонч» газетасида «мазмунан ўта саёз, юзаки, асл воқелик бузиб кўрсатилган мақолалар» чоп этилаётгани қаламга олинган. Ана холос! Буниси — энди ортиқча! Бу Олий суд ажрим чиқарадиган масала эмас, жаноблар!
Шу ўринда муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида Олий суднинг бугунги фаолияти борасидаги аччиқ ҳақиқатларни рўй-рост очиб берганликларини эсладик. Ва у ҳақиқатларданда аниқроқ баҳо излашнинг ўзи ортиқча эканига яна бир бор амин бўлишга асос топгандек бўлдик. Шу маънода, мақолада айрим камчиликлар борлигидан кўз юммаганимиз ҳолда, умуман ижодий жамоа ва унинг меҳнатига бундай «ажрим» чиқаришга Олий суднинг жаноби ўринбосари ваколати йўқлигини ҳурмат билан эслатиб қўйгимиз келди.
«Аввал пичоқни ўзингга ур..» деган мақол бор-а?
Биз ҳам шу ўринда Олий суд мутасаддиларига кўзгу тутиб қўйишни жоиз топдик. Буям мавзумизга дахлдор жиҳат: Шахбоз Акбаровнинг иши юзасидан таҳририят вакилига топширилган ФИБ Нуробод тумани суди раиси А. Болтаевнинг ФИБ Самарқанд вилояти суди раиси М. Тожибоевга йўллаган икки энлик хатига эътибор беринг-а: Мазкур нома шу даражада саводсизларча ­(бошқача тарифлашнинг иложи йўқ!) тайёрланганки, уни жиддий давлат идораси раҳбари имзолагани ва иш юритувига қабул қилганининг ўзи бундай мўътабар ташкилотга ярашмабди!
Ярим бетлик хатда ўн еттита имловий хато санадик. Туман судининг расмий бланкасининг тепасидаги бир қаторлик мансуб ташкилотнинг расмий номида тўртта хато-я!..
Ушбу хатда манфаати кўрилаётган фуқаронинг исми-шарифи бир жойда Акбаров Шаҳбоз ­дейилса, кейинги хатбошида Аллаёров Шаҳбоз деб ёзилган. Бу ҳолга ўзларингиз бир баҳо бериб қўя қоларсизлар! Гап келганда…: шунча имловий хатога йўл қўйган масъул шахснинг нечоғли юридик саводга эга эканлиги алоҳида масала… Нима дедингиз?
Хулоса ўрнида шуни қайд этамиз: Мазкур мақолада йўл қўйилган «мудҳиш хато» учун муаллифга интизомий чора кўрилди, эътиборингиз учун!

Таҳририят

Бошқа хабарлар